Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

Расман: Ҳаж квотаси 7200 та бўлди!

20.01.2017   22871   2 min.
Расман: Ҳаж квотаси 7200 та бўлди!

Мамлакатимиз мўмин-мусулмонлари муборак ҳаж ва умра ибодатларини адо этишлар учун йилдан-йилга қулай шарт-шароитлар ташкил этиб келинмоқда. Сўнгги йилларда зиёратчиларга кўрсатиладиган тиббиёт, транспорт, меҳмонхона хизматлари ва ибодат масалаларидаги ёрдамлар савияси сезиларли даражада ошганини алоҳида қайд этиш керак.

Яна бир хурсандчилик, ҳаж сафарига бориш истагини билдираётганлар сони ошиб бораётганини инобатга олиб, 2017 йилдан юртимиздан ҳаж зиёратига борувчилар сони 7200 нафар қилиб белгиланди (илгари 5200 нафар эди). Бу хушхабар барча юртдошларимизга катта қувонч бахш этди.

Шу кунларда Ҳаж ишлари бўйича Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонида хизмат сафарида бўлиб, бир қатор вазирлик ва идоралар билан 2017 йилги ҳаж мавсумини намунали ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказмоқда. Куни кеча Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазири Солиҳ Бантин билан учрашув бўлиб ўтди. Унда ўтган Ҳаж мавсумидаги ютуқлар ва келаётган мавсумга тайёргарлик, уни янада яхши ташкил этишга доир фикрлар билдирилди. Мазкур учрашув якунида икки томон ўртасида имзоланган шартномага кўра, жорий йил Ҳаж мавсуми учун Ўзбекистонга 7200 та квота ажратилишига эришилди.

Куннинг иккинчи ярмида Ҳаж ишлари бўйича Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бош бошқармаси раҳбарияти билан Жидда шаҳрида учрашув ўтказди. Музокараларда ҳаж ва умра зиёратларини ташкил этиш доирасидаги ташкилий масалалар, жумладан, Мадина ва Жидда шаҳарлари халқаро аэропортлари орқали зиёратчиларни ташиш, кўрсатиладиган хизматлар муҳокама этилди. Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бош бошқармаси Ўзбекистон ҳаж ишчи гуруҳи ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси иш фаолиятига юқори баҳо берди.

Шундан сўнг Ҳаж ишлари бўйича Ўзбекистон делегацияси ташриф дастури доирасида Саудия Арабистони Транспорт корхоналари бош вакиллиги масъуллари билан учрашди. Учрашувда бош вакиллик раҳбари Форуқ Бухорий Ўзбекистон томонидан ҳаж ва умра тадбирларини юқори даражада ташкил этиб келаётгани, ўзбекистонлик ҳожилар замонавий транспорт воситалари билан таъминлангани, шартномавий келишувлар Ўзбекистон томонидан тўлақонли бажарилаётганини алоҳида таъкидлади. Форуқ Бухорий сўзининг якунида Ўзбекистон ҳаж делегацияси аъзоларига юқори даражадаги ташкилий ишлар учун самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати

Ҳаж ва умра
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   3583   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар