Қадим замонда ўқиш ва ёзишни ёмон кўрадиган бир бола бўлган экан. У турли баҳоналар билан мактабга бормас, борганда ҳам берилган вазифаларни бажармай, фақат ёмон баҳо олар экан. Ота-онасининг танбеҳларига қулоқ солмай, "Мен катта бўлсам, чўпон бўламан, қўй боқиш учун ўқиш керак эмас", дер экан.
Бир куни уйлари яқинидаги ўтлоқдан қўзиқорин териб келиш учун чиқибди. Қўзиқоринларни териб юриб, уйларидан анча узоқлаб кетибди. Юриб-юриб унча чуқур бўлмаган бир дарё соҳилига келибди. Нариги соҳилдан ҳам қўзиқорин термоқчи бўлиб кўприк қидирибди. Яқин атрофдаги кўприк олдига бориб қараса, унинг четидаги тахтачага нимадир ёзиб қўйилган экан. Бола ёзувни ўқий олмабди ва тўғри нариги соҳилга қараб юрибди. Кўприкнинг ўртасига келганда у синиб, бола сувга тушиб кетибди. Овозининг борича ёрдамга чақирибди. Шу орада қўйларини ўтлатиб юрган бир чўпон калтагини узатиб, болани сувдан чиқариб олиб: "Нега бу кўприкдан ўтдинг?! Кўприк устидаги "Бу кўприкдан юрманг, нарироқда янги кўприк бор", деган ёзувни кўрмадингми?" деб сўрабди. Бола унга жавобан: "Кўрдим, лекин ўқий олмадим, чунки мен ўқишни билмайман", дебди. Шунда чўпон унга: "Э болам, ҳатто қўй боқиш учун ҳам ўқиш керак", дебди.
Фараз қилинг, агар чўпон ўқишни билмаганида ўзини ҳам, қўйларини ҳам ҳалок қилган бўлар эди.
Акбаршоҳ Расулов
Тадбирда Навоий вилояти бош имом-хатиби Темурхон домла Атоев иштирок этиб, ёш кадрлар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди.
Учрашув давомида диний соҳа ходимлари олдида турган бир қатор долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Хусусан:
Ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш;
Устоз-шогирд анъаналарини янада мустаҳкамлаш;
Оилавий ажримларнинг олдини олишда диний-маърифий ёндашувларни кучайтириш;
Ёт ғоя ва бузғунчи оқимларга қарши илмий асосланган раддиялар бериш кўникмаларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур очиқ мулоқот ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашишлари учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Навоий вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати