Кунлардан бир куни бир подшоҳ касал бўлиб қолибди. Уни даволаш учун бутун дунёдан табибларни чақиришибди, лекин ҳеч бири подшоҳни даволай олмабди. Шунда улар маслаҳат қилиб бир қарорга келишибди. Агар бахтли одамни топиб, унинг кўйлаги подшоҳга кийдирилса, у тузалади. Бахтли одамни топиш учун дунёнинг ҳамма томонига чопарлар жўнатилибди. Лекин ҳеч ким "Мен бахтлиман", деган одамни топа олмабди. Кимдир бой, лекин касал, яна кимдир соғ, аммо камбағал, бошқаси бой, соғ, бироқ оиласи нотинч – хуллас, ҳамма нимадандир нолир эди.
Бир куни тунда подшоҳнинг ўғли шаҳар кўчаларини айланиб юрса, бир ҳовлидан кимнингдир гапини эшитиб қолибди. У: "Яхши ишладим, пулимни олдим, қорним тўйди, энди маза қилиб ухлайман. Мендан бахтли одам йўқ", дебди. Подшоҳнинг ўғли севиниб кетиб, тезда хизматкорларини жўнатибди. Катта пул эвазига ўша одамнинг кўйлагини олиб келишни тайинлабди. Хизматкорлар ҳовлига кириб шаҳзоданинг буйруғини бажармоқчи бўлишибди, лекин қарашса, ҳалиги "бахтлиман" деган одам шунчалар қашшоқ эканки, ҳатто эгнида кўйлаги ҳам йўқ экан.
Эй инсон, билгинки, бахт келувчи ва кетувчи нарсадир. Одам ўзини бир муддат бахтли ҳисоблаши учун бой бўлиши шарт эмас, балки бор нарсасига шукр қилса кифоя.
Акбаршоҳ Расулов
2026 йил 28 октябрь куни Қашқадарё вилоятида имом-хатиблар, имом-ноиблар ҳамда отинойилар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби олиб борди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кадрлар бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов ҳамда Ички назорат бўлими бошлиғи Акбар Дўсматов иштирок этди.
Йиғилиш давомида диний соҳа вакиллари фаолиятида ижро интизомига қатъий риоя этиш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, ҳар бир мурожаатга масъулият ва эътибор билан ёндашиш, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш муҳим вазифалардан экани таъкидланди.
Йиғилишда имом-хатиблар, имом-ноиблар ва отинойилар ўз фаолияти давомида аҳолига янада яқин бўлиши, маҳаллаларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириши, оилаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиши ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириши лозимлиги қайд этилди. Шу билан бирга, диний соҳа ходимларидан хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, аҳоли ўртасида бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва маънавий қадриятларни тарғиб қилиш борасидаги ишларни изчил давом эттириш сўралди.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, мурожаатлар билан ишлашда масъулиятни ошириш ҳамда диний соҳа вакиллари фаолияти самарадорлигини янада юксалтириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати