2016 йилнинг 18 январь куни Фарғона вилояти имом-хатиблари ва имом-ноибларининг 2016 йил якунига бағишланган умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Қамариддин Имомов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов, иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили Турсунали Эрбўтаев вакиллик ходимлари ва имом-хатибларнинг 2016 йилги фаолияти бўйича умумий ҳисобот берди.
Йиғилишда ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилди. Жумладан, 2016 йилда иш фаолияти, маънавий-маърифий тадбирлар ва оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар бўйича камчилик ва сусткашликка йўл қўйган ходимларга нисбатан бирма-бир қаттиқ танбеҳ берилиб, келгусида ўз вазифасини суиистеъмол қилган ходимларга қаттиқ интизомий чора кўриш ва ҳатто вазифасидан озод этилиш тўғрисида огоҳлантирилди.
Имом-хатибларга ОАВларда ёшларнинг ҳар хил зарарли оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олишга қаратилган мақолаларни газета, журнал ва интернет сайтларида мунтазам ёритиб бориш, китобхонликни ошириш шу билан бирга вакиллик тасарруфидаги барча масжидларда ободонлаштириш ишларини олиб бориш, намозхонлар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги чораларини кучайтириш бўйича зарурий кўрсатмалар бериб ўтилди.
Йиғилишда келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тадбирлар режаси белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида 2016 йилда самарали меҳнат қилган, диний соҳада намунали хизмат қилган, шунингдек, “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетасига обуна бўлишда фаоллик кўрсатган фидоий имом-хатиблар “Мақтов ёрлиғи” ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.
“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.
Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати