Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Август, 2026   |   5 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:08
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:17
Шом
19:22
Хуфтон
20:45
Bismillah
18 Август, 2026, 5 Рабиъул аввал, 1448

Ислом жиноятчиликни қоралайди

06.04.2023   3070   3 min.
Ислом жиноятчиликни қоралайди

Муқаддас динимизда ҳар-бир мўминнинг ўзига яраша ҳақ ва мажбуриятлари бор. Буларнинг барчаси Роббисига қуллик қилиш асносидаги вазифалардир. Яъни, ибодатлар ва муомалотлар. Ибодатлар деганда, банда бажариши керак бўлган барча фарз ва нафл амалларни ўз ичига олади. Намоз, рўза, закот, ҳаж ва ҳоказолар каби. Муомалотлар деганда эса, энг аввало ота-она ва фарзанд борасидаги ҳақ-ҳуқуқлар, сўнгра қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва жамиятда яшовчи ҳар-бир инсон билан қилинадиган ижтимоий мулоқотлардир. Ушбуларга амал қилиш бу - Аллоҳ таоло томонидан ажрларга, мукофотларга сазовор бўлишнинг боиси бўлса, уларга риоя қилмаслик, албатта инсонни гуноҳкор бўлишига ва азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: ''Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим'' (Зориёт, 56). Яъни, ушбу оятдаги ибодат маъноси, юқорида зикр қилинган барча ҳақ ва мажбуриятларни банда томонидан ижросини таъминлаб қўйишдир. Шунинг учун ҳам динни жамиятда аҳамияти юксак. Қайси бир жойда дин бўлмаса, одамлар ҳалол, ҳаромнинг фарқига бормаса, гуноҳни нима эканини англамаса, оқибатини ҳис этмаса, ҳоҳлаган ишини қилса, табиийки, уша жамият парокандаликка юз тутади. Жиноятчилик авж олади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: ''Дин насиҳатдир'', деб бежиз айтмаганлар. Яъни, агар шу насиҳатчи динимиз бўлмаса, Аллоҳ асрасин, ҳолатимиз анча аянчли бўларди. Қолаверса, мусулмончиликда итоатсизлик, жиноятлар сари етаклайдиган ҳар-қандай ҳолат, ҳоҳ у моддий, ҳоҳ маънавий бўлсин, қаттиқ қораланган.

Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай дейди: "Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир." (Аъроф, 56). Бир жойга бориб бузғунчилик қилиш, одамларни бир-бирига гиж-гижлаб, фитналар қилишнинг ўзигина эмас, балки кўпинча кўзимиз илғамайдиган майда хатоликларга йўл қўйишни ҳам айтса бўлади. Чунки гоҳида биз эътибор қилмайдиган ушбу камчиликлар бора-бора улкан гуноҳларга айланиб кетиши мумкин.

Қонунчилигимизда, бир жиноят қилган одамга айрим ҳолатларда, бир нечта моддалар қўлланилади. Яъни, фалон модданинг а ва б бандига асосан айбдор, деб топилсин, деган маънода. Динимизда ҳам шу каби ҳолат бор. Яъни, битта гуноҳ ишни қилиш ортидан бир нечта хатолик қилган одам сифатида баҳолаш. Масалан, бир мўминнинг уйини ўмарган одамни олайлик. Ўғрилик қилиши бир гуноҳ. Мўминнинг молига тажовуз қилиш ҳаром, бу иккинчиси. Бировнинг уйига сўроқсиз кириши эса, учинчи гуноҳдир. Яъни, биргина ўғрилик кетидан уч хил гуноҳни бўйнига юклаб олмоқда. Албатта бундай мисолларни бошқа кўринишдаги хатоларда ҳам келтириш мумкин. Айтмоқчи бўлганимиз, инсон қайси жиноятга қўл урмасин, ўғирлик, зино, қатл каби улкан гуноҳлар бўладими, ёки бошқа майда безориликми, токи сидқидилдан пушаймон бўлиб, тавбалар қилмас экан, оқибати аламли азоб бўлади, ўзгаси эмас. Бу тушунчаларни эса, бугунги кунда ўсиб келаётган авлодга тўғри сингдиришга ҳаракат қилмас эканмиз, келажакда ўзимизга оғир юк бўлади.

 

Қодиржон Умурзаков
Поп тумани «Муҳаммаджон қори»жоме масжидининг имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

От изини той босар

14.08.2026   24103   1 min.
От изини той босар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».


Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.


Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:


– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.

– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...

– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.

Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.

– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.

– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.


Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.


Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.


Акбаршоҳ РАСУЛОВ