Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

Тўй базмидаги ўйлар

13.01.2017   11005   1 min.
Тўй базмидаги ўйлар

Тўйхонага оппоқ либосларда шаҳзодаю малика бўлиб келин билан куёв кириб келишди.  Келин салом қилиш мақсадида бир оз эгилар экан, хижолатдан катталарнинг  нигоҳи ерга қадалди.  Атрофдан: “Жуда очиқ кийинибди”, “Этагини узун қилгандан кўра елкасига ташласа бўлар экан”, деган дашномлар қулоққа чалинарди. 

Келин-куёв тўрдаги ўриндиқларга бориб ўтиришди. Куёв креслода ястаниб ўтирар экан, худди “Мана кўриб қўйинглар, менинг маликамни”, деяётгандек эди.  Жўралар, ҳатто тўйга келган аксар эркакларнинг нигоҳи шоҳсупада  маликалардай ўтирган (аслида маликалар сира ҳам бундай очиқ-сочиқ кийинишмайди!) хушсурат келинга қадалган... Келин юзини очиб, бемалол ўтирди. Аммо мен ўйлар изтиробида қийналардим... Ахир ҳарир парда ортидаги чеҳрани, бу нозик вужудни кўз-кўз қилиш асло мумкин эмас.

Тўйни оғриқли ўйлар ила кузатаман. Кетма-кет келган таниқли хонандалар қўшиқларидан давра ёшлар дискотека залига айланди-қолди. Ҳатто келин-куёвни ҳам даврага олиб чиқишди. Ҳинд сериалларида куйланадиган қўшиққа ҳамоҳанг келин-куёв қучоқлашиб валсга тушишди. Бу манзарани қандай изоҳлаш мумкин?! Ҳамманинг назари икки ёшда. Атрофни ўраб олган йигитларнинг қий-чуви... Сўнг келин отаси билан, кейин қайнотаси билан ҳам рақсга тушди... Қани шарқона одоб-ахлоқ, ибо-ҳаё?! Буни оддий ҳолатдек қабул қилаётганларнинг орияти, ҳамияти қаерда қолди?

Қизимизни турмушга узатарканмиз ёхуд ўғлимизни уйлантирарканмиз, ҳаётининг оила деб аталмиш варағини чиройли одоб-ахлоқ, ҳаё-андиша билан очишида биз, катталар тўғри сабоқ берайлик. Зеро, миллатимизнинг ўзига хос одоби, андишаси, меҳр-муруввати, иффати бор. Шуни асло унутмайлик.

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимаси

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкентда Малайзия халқаро ҳалол кўргазмаси ўказилиши режалаштирилмоқда

10.08.2026   15550   2 min.
Тошкентда Малайзия халқаро ҳалол кўргазмаси ўказилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳалол саноати йўналишидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат вакиллари Тошкент шаҳрида «Malaysia–Uzbekistan International Halal Fest 2027» халқаро форуми ва кўргазмасини ўтказиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
 

Малайзиянинг «TWOJ CREATIVE SDN BHD» компанияси делегацияси томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳалол саноати экотизимини ривожлантириш, халқаро бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.


Режалаштирилаётган фестиваль доирасида:

  • Халқаро кўргазма, бизнес-форум ва B2B учрашувлари;

  • Ҳалол озиқ-овқат, туризм, молия ҳамда ишлаб чиқариш йўналишларига бағишланган махсус экспозициялар;

  • Инвестиция сессиялари, маданий дастурлар ва маҳсулотлар тақдимотларини ташкил этиш кўзда тутилган.


Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг ҳалол маҳсулотлар бозоридаги салоҳиятини намойиш этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт имкониятларини яратишга хизмат қилади.


Музокаралар давомида Малайзиянинг JAKIM стандартлари асосида ҳалол сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, фермер ва тадбиркорлар учун ўқув-семинарлар ҳамда малака ошириш дастурларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.


Томонлар фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, бизнес ҳамжамияти ҳамда тармоқ уюшмаларини жалб этган ҳолда қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.


Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу форум савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш, ҳалол саноати инфратузилмасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим халқаро майдонга айланади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари