Тўйхонага оппоқ либосларда шаҳзодаю малика бўлиб келин билан куёв кириб келишди. Келин салом қилиш мақсадида бир оз эгилар экан, хижолатдан катталарнинг нигоҳи ерга қадалди. Атрофдан: “Жуда очиқ кийинибди”, “Этагини узун қилгандан кўра елкасига ташласа бўлар экан”, деган дашномлар қулоққа чалинарди.
Келин-куёв тўрдаги ўриндиқларга бориб ўтиришди. Куёв креслода ястаниб ўтирар экан, худди “Мана кўриб қўйинглар, менинг маликамни”, деяётгандек эди. Жўралар, ҳатто тўйга келган аксар эркакларнинг нигоҳи шоҳсупада маликалардай ўтирган (аслида маликалар сира ҳам бундай очиқ-сочиқ кийинишмайди!) хушсурат келинга қадалган... Келин юзини очиб, бемалол ўтирди. Аммо мен ўйлар изтиробида қийналардим... Ахир ҳарир парда ортидаги чеҳрани, бу нозик вужудни кўз-кўз қилиш асло мумкин эмас.
Тўйни оғриқли ўйлар ила кузатаман. Кетма-кет келган таниқли хонандалар қўшиқларидан давра ёшлар дискотека залига айланди-қолди. Ҳатто келин-куёвни ҳам даврага олиб чиқишди. Ҳинд сериалларида куйланадиган қўшиққа ҳамоҳанг келин-куёв қучоқлашиб валсга тушишди. Бу манзарани қандай изоҳлаш мумкин?! Ҳамманинг назари икки ёшда. Атрофни ўраб олган йигитларнинг қий-чуви... Сўнг келин отаси билан, кейин қайнотаси билан ҳам рақсга тушди... Қани шарқона одоб-ахлоқ, ибо-ҳаё?! Буни оддий ҳолатдек қабул қилаётганларнинг орияти, ҳамияти қаерда қолди?
Қизимизни турмушга узатарканмиз ёхуд ўғлимизни уйлантирарканмиз, ҳаётининг оила деб аталмиш варағини чиройли одоб-ахлоқ, ҳаё-андиша билан очишида биз, катталар тўғри сабоқ берайлик. Зеро, миллатимизнинг ўзига хос одоби, андишаси, меҳр-муруввати, иффати бор. Шуни асло унутмайлик.
Мунира АБУБАКИРОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимаси
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ