بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Биз инсон зоти ҳамиша улуғланадиган шундай гўзал заминда истиқомат қилаётганимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар келтирб, шу ватан учун астойдил хизмат қилмоғимиз, унинг тинчлиги ва осойишталигини кўз қорачиғидай асрашга камарбаста бўлишимиз сизу бизнинг инсонийлик бурчимиздир. Юртни ҳар томонлама асраб-авайлаш, обод қилиш унга бўлган муҳаббат билан бошланади. Ватанга муҳаббат, бу – баландпарвоз сўз эмас! Ватанга муҳаббат – бахт топган остонамиз – оиламизга, бизни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар – миллий қадриятларга, биз югуриб ўсган тупроқ, отамиз эккан ва биз билан бирга улғайган дарахт, онамиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатдир.
Бугунги кунда мустақил Она-Ватанимизнинг осойишталигини, тинчлигини ва сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган мард йигитларимизнинг йилдан-йилга ҳарбий малака, тажриба ва маҳоратлари ошиб бораётганлиги барчамизни хурсанд қилади. Халқимиз шаҳдам қадам ташлаб бораётган имон-эътиқодли, ўз ҳарбий бурчига содиқ аскарларимизга боқиб фахрга тўлади, улар ҳаққига самимий дуолар қиладилар.
Юрт ҳимоячилари қалбидаги иймон ва эътиқод Ватан ҳамда ўз халқига бўлган садоқати уни ҳар доим огоҳ ва сергакликка чорлайди. Аллоҳ таоло Ўзининг илоҳий мадади билан қўллаб-қувватлайди, деб ишонади. Зеро Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
بَلِ اللَّهُ مَوْلَاكُمْ وَهُوَ خَيْرُ النَّاصِرِينَ
(سورة آل عمران/150)
яъни: “Аслида Аллоҳ ҳимоячингиздир ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир”.
Дунёда қилинган ҳар бир яхшиликнинг мукофоти бор. Ватан ҳимояси ҳам савоби улуғ эзгу ишлардандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейди:
هَلْ جَزَاءُ الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَانُ
яъни: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир”.
(Ар-Раҳмон сураси, 60-оят).
Мамлакатимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида нишонланади. Бугунги тинч, осойишта ҳаётимизни асраб-авйлашда қуролли кучларимиз ҳимоя қилмоқда. Ана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган ҳамюртларимиз шаънига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.
Тинчлик – бу хотиржамлик ва барқарорликдир. Имон эса қалб хотиржамлигидир. Демак, тинчлик ва имон маънолари бир-бирига жуда яқиндир. Шунга биноан бир кишининг тинчлиги жамият тинчлигининг бир қисмидир. Тарихдан маълумки, халқнинг тинчлигини таъминлаш ва ҳудудларни ҳимоя қилишга ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Атийя розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши вафот этганини билиб, қай бирингиз уни бирор яхши амал(ни бажараётган)ида кўргансиз? деб сўрадилар. Бир киши: “Мен у билан Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим”, деб айтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зот билан ўтирганлар ўринларидан туриб, унга жаноза намозини ўқишди. Қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг (майитга қараб):
وأنا أشهد أنّك من أهلِ الجنة
(رواه الطبراني)
яъни: “Мен сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман” дедилар”. (Имом Табароний).
Ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлардан ҳимоя қилиш бу – инсоннинг ўз уйи, оиласи, қариндош-уруғи ва айниқса, динини ҳимоя қилишидир. Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, ўзи ва оиласи бахтли-саодатли ҳаёт кечиради ва тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши энг зарурий бурч ва вожиб амалдир.
Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши вожибдир.
Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, олимми ёки оддий ишчими, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, улғайиб келаётган ёш авлодга ватанпарварлик руҳида тарбия бериш билан ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишга даъват қилиш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам имоний бурчга, мусулмон кишининг масъулиятига киради.
Муҳтарам жамоат! Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртнинг бир қарич тупроғини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етиши улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилиб айтганлар:
مَنْ قُتِلَ دُونَ مَالِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ نَفْسِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ دِينِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ أَهْلِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ
(رواه الترمذى)
яъни: “Молини, жонини, динини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топур”.
Бошқа бир ҳадисда эса бундай деб марҳамат қилинган:
مَنْ رَابَطَ يَوْمًا اَوْ لَيْلَةً فىِ سَبِيلِ اللهِ كَانَ لَهُ أَجْرُ صِيَامِ شَهْرِ وَقِيَامِهِ وَمَنْ مَاتَ مُرَابِطاً جَرَى لَهُ مِثْلُ ذلِكَ الْأَجْرِ وَاُجْرِىَ عَلَيْهِ الرِّزْقُ وَاَمِنَ مِنَ الْفَتَّانِ
(رواه النسائى)
яъни: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”.
Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати бизга яқин замонда яшаб юрт мустақиллиги ва халқ озодлиги йўлида азиз жонини, муборак қонини фидо қилган ватанпарвар, халқпарвар инсонларнинг муҳаббати нақадар улуғ, имонлари қанчалик мустаҳкам экани яна бир бор кўз ўнгимизда намоён бўлади.
Бизлар ўз фарзандларимизга ана шу улуғлар йўлини, уларнинг она Ватан ҳимояси ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини англатмоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ҳар қандай кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. Бу туйғулар нақадар улуғлиги ҳақида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деган эдилар: “Она-Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлур”.
Муҳтарам намозхонлар! Бугунги кунда биз, қатор мусулмон мамлакатларнинг фуқаролари турли фитналар оқибатида хузур-ҳаловатини йўқотганининг, юз минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юмаётганинг, киндик қони тўкилган Ватанини тарк этишга мажбур бўлаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Аллоҳнинг ўзи бизнинг юртни бундай балолардан сақлаб келмоқда. Ватан ҳимоячилари эса юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда камарбаста бўлмоқдалар..
Мустақиллик туфайли ҳаётимизда ёрқин саҳифалар очилди. Шукрки, эмин-эркин тоат-ибодат қилиш имкониятига эга бўлдик, диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Имон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишончимиз мустаҳкамланди. Шаҳару қишлоқларимиз тобора кўркам ва обод бўлиб бормоқда. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди:
...وَمَنْ شَكَرَ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ رَبِّي غَنِيٌّ كَرِيمٌ
(سورة النّمل/40)
яъни: “Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир”.
Аллоҳ таоло бандаларига бебаҳо ва бемисл неъматлар ато этган. Тоза ҳаводан нафас олишимиз, зилол сувлардан баҳраманд бўлишимиз, кўзларимиздаги нур, ҳур ва озод Ватанда кўзимизни қувонтирувчи фарзанду аржумандларимизнинг камол топаётгани айни саодат, таъбир жоиз бўлса ҳеч бир бойлик билан ўлчаб бўлмас туганмас хазинадир.
Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини ва осмонимиз мусаффолигини сергаклик билан қўриқлаб, Ватанимиз Қуролли Кучлари сафларида хизмат қилаётган барча ҳарбий хизматчиларни, оталаримиз, опа-сингилларимиз, фарзандларимиз ва ака-укаларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, азиз диёримиз, тинчлиги ва мустақиллигимизни бардавом қилсин. Омин!
Муҳтарам имом домла! Масжидларда намоз вақтига қатъий риоя этиб, хусусан жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингизни ва жума иш куни бўлганлиги учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!
(2026 йил 28 август, Тошкент ш.)
Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Бугун муқаддас Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ ўттиз беш йиллик байрамини катта ифтихор ва тантана билан нишонлаяпмиз.
Азиз халқимиз, жумладан, муҳтарам нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз, мўътабар аёлларимизни, юртимиздаги барча миллат ва элат вакилларини, хориждаги ватандошларимизни ушбу айём билан чин юракдан самимий табриклайман.
Энг улуғ байрамимиз Янги Тошкентда ўтказилаётгани тантана шукуҳини янада оширмоқда.
Келгусида илм-фан, таълим ва маданият маркази бўладиган ушбу ҳудудда куни кеча Янги Ўзбекистон университети, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети, Ўзбекистон миллий кутубхонасининг муҳташам биноларини ишга туширдик.
Бугун сизларнинг иштирокингизда очиладиган фаввора дунёдаги энг баланд мусиқали фаввора сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олгани ҳам байрам кайфиятига янада баланд руҳ бағишлайди.
Бир неча юз йиллик орзулар рўёбга чиқаётган бу бетакрор маконда бутун халқимиз билан ҳали яна кўплаб қувончли ва тарихий воқеаларга гувоҳ бўламиз.
Аминманки, Янги Тошкент пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб, биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг куч-қудратини намоён этадиган чинакам тараққиёт марказига айланади!
Қадрли дўстлар!
Биз 1991 йилда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва қатъияти билан ўз давлат мустақиллигимизни қўлга киритдик. Аслида буюк истиқлолимиз илдизлари уч минг йилдан зиёд бўлган давлатчилик анъаналаримиз ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалади.
Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Мир Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз башарият тафаккури хазинасини бойитган.
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз барпо этган давлат эса адолат ва бунёдкорлик тимсоли сифатида тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган.
Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда.
Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимизни, она тилимизни, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.
Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.
Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда бугунги эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодларимиз, жадидлар хотирасига таъзим бажо келтирамиз.
Мана шу тарихий санада ўтган 35 йил давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати ва жасоратини яна бир бор эътироф этишни жоиз, деб биламиз.
Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини эҳтиром билан ёд этамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлади. Шу боис, биз ислоҳотларни бошлаган биринчи кунларданоқ халқнинг қалбига қулоқ солдик, аҳолининг дардига дармон бўлишни мақсад қилдик. “Инсон қадри учун!” деган ғояни давлат сиёсатининг марказига олиб чиқдик. Биринчи галда “пахта қуллиги”, “мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати”, “конвертация чеклови”, “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам бердик.
Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик.
Катта сиёсий ирода кўрсатиб, Ўзбекистонни дунёга кенг очдик. Хусусан, чегара муаммолари ҳал қилинди, қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимизни 80 поғона яхшилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олдик.
Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, ҳозирги пайтда 40-50 миллиард доллар чет эл сармояси жалб қилинмоқда. Юртимизга инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар кириб келмоқда.
Биз уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни режа қилган эдик. Глобал логистикадаги узилишлар, дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, бу вазифани шу йилнинг ўзида ортиғи билан амалга оширамиз ва даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кирамиз.
Эътиборли жиҳати – биз бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти, десам, фикримга қўшиласиз, албатта.
Янги даврда замонавий уй-жойга эга бўлган 650 мингдан зиёд оиланинг қувончини сўз билан таърифлаб бўладими?
Минглаб маҳаллаларимизга Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб бормоқда.
Камбағаллик масаласини очиқ тан олиб, уни кескин қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйдик.
Изчил саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугунги кунда камбағаллик даражасини 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширишга эришдик. Ушбу рақамлар замирида рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари мужассам.
Муҳтарам юртдошлар!
Дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашимиз учун бизга билимли, келажак касбларини пухта эгаллаган, мустақил фикрига эга бўлган янги авлод мутахассислари керак. Шу боис, таълимга сифат ва мазмун олиб киряпмиз. Муаллимнинг обрў-эътиборини тиклаб, даромадини ошириб боряпмиз.
Ўтган ўн йилда, аҳолимиз 8 миллионга кўпайган шароитда ҳам боғча қамровини 78 фоизга етказдик. Мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани фарзандларимизга етакчи хорижий таълим масканларидан кам бўлмаган даражада чуқур билим эгаллаш учун кенг имкониятлар эшигини очди.
Ёшларга хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўрганишлари учун муносиб шароитлар яратдик.
Олийгоҳларда ўқиш учун қулай шароитларни кенгайтирганимиз ҳисобига ҳозирги кунда талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди. Қувонарлиси, ёшларда билим олишга иштиёқ кучайди. Ота-оналар учун фарзандини олий маълумотли қилиш фақат орзу эмас, эришса бўладиган мақсадга айланди.
Айниқса, талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани – Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси, десак, тўғри бўлади. Чунки, билимли қизлар – билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият деганидир.
Биз таълим билан бир қаторда илм-фан, замонавий технология ва инновацияларни ҳам тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили, деб биламиз.
Шу билан бирга, IT, сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт каби йўналишлар ривожига янги руҳ бериб, жуда катта ҳаракатни бошлаб юбордик. Бу орқали 10 миллион ёшларимизни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кирамиз.
Истиқлол байрамимиз арафасида хитойлик ҳамкорларимиз билан “Самарқанд – 2028” сунъий йўлдошини фазога учирганимиз бизга алоҳида ғурур бағишлайди.
Менинг ниятим: Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарур.
Ўзбек тили – рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим.
Азиз ватандошлар!
Инсон қадри ҳақида сўз юритганда, аҳолимизнинг соғлиғи масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз табиий. Сўнгги йилларда ушбу соҳага ажратилаётган маблағни 8 каррадан зиёд оширдик. Энг муҳими, сифатли тиббий хизмат олиш имконияти нафақат марказда, балки ҳудудларда ҳам яратилди.
Ўтган даврда юртимизда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилгани, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди. Юқори малакали шифокорлар тайёрлашни йўлга қўйиб, уларга шароит яратганимиз
ўз натижасини беряпти. Илгари хорижда амалга оширилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усуллари бугун юртимизда ҳам мукаммал бажарилмоқда.
Умуман, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етгани, гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи 4 баробар камайгани соҳадаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.
Қадрли дўстлар!
Жонажон Ватанимиз азалдан улуғ мутафаккирлар, азиз авлиёлар, буюк алломалар юрти бўлиб келган. Биз мана шундай бебаҳо меросга муносиб равишда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуалари каби бетакрор илмий-маърифий даргоҳларни барпо этдик.
Бу муҳташам ва табаррук масканлар бугун нафақат юртимиз ва ислом олами, балки бутун жаҳон аҳлининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда. Биз бундай бунёдкорлик ишларини жадал давом эттирамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Бизнинг энг катта бойлигимиз – эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган Янги Ўзбекистон ёшларидир. Интилувчан ва тиришқоқ ўғил-қизларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар очиш учун ҳар йили 20-25 триллион сўм ажратилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ёш тадбиркорлар ташкил этяпти.
Токио ва Париж Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида, дунё майдонларида ёш спортчиларимиз эришган тарихий ютуқлар халқимизга чексиз ифтихор бағишлади.
Футболчиларимиз илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Улар бошлаган йўл албатта давомли ва зафарли бўлади, деб ишонамиз.
Яқин кунларда Самарқандда катта спорт анжумани – Жаҳон шахмат олимпиадаси бошланади. Ноябрь ойида эса машҳур гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров жаҳон шахмат тожи учун курашга киришади.
Ушбу мусобақаларда шахматчи ўғил-қизларимга улкан зафарлар тилайман!
Халқаро фан олимпиадаларида, танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаётган ёшларимизни – Янги Ўзбекистон юлдузлари, келажак бунёдкорлари, деб биламан!
Олдинга қараб интилишдан ва доимий изланишдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!
Муҳтарам юртдошлар!
Бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик – биз учун миллий юксалиш даври бўлади.
Буни фақат ва фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали ўзимиз бунёд этамиз. Шу мақсадда келгуси йилларда юртимизда инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та миллий дастурни амалга оширамиз.
Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришдан иборат бўлади.
Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамровини қисқа муддатда 100 фоизга олиб чиқамиз. Хусусий боғча ташкил қилиш бўйича мавжуд имтиёзлар сақлаб қолинади.
Барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олинади.
Юртимиздаги техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этамиз. Уларда ёшларимизни юқори даромадли касбларга ўқитишни йўлга қўйиб, қамровни 1 миллионга етказамиз. Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмайди.
Биз келгуси йилларда камида 10 та университетимизни ТОП мингталикка киритишни катта марра сифатида белгилаймиз.
Иккинчи миллий дастур халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади.
Шу мақсадда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказамиз.
Биз тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали саломатликни асраш моделига ўтамиз. Давлат тиббий суғуртаси мамлакатнинг барча хонадонларига кириб боради.
Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникасини олиб келамиз.
Юртимизни замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълим тараққий этган масканга айлантирамиз.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Учинчи миллий дастур – иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш.
Бунинг учун келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қиламиз. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард долларга етказилади, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Ёшларимизнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланади.
Шунингдек, кичик бизнес – ўрта бизнесга, ўрта корхоналар эса йирик компания ва корпорацияларга айланиши учун яхлит экотизимни йўлга қўямиз. Буларнинг ҳисобига келгуси ўн йилда жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 10 минг долларлик маррадан ошади.
Азиз дўстлар!
Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ва экология масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда.
Шу боис, тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилади.
Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга олиб чиқамиз. Бу – умуммиллий маррага айланади.
Табиатга муносабат – халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир. Шунинг учун мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади. Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказамиз.
Қадрли юртдошлар!
Адолат қарор топган жойда иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади.
Бу борада бешинчи миллий дастур – суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашни умумий қадриятга айлантиришдан иборат.
Бунинг учун ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўямиз. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш бўйича чораларни янада кучайтирамиз.
“Яширин иқтисодиёт”, уюшган жиноятчилик, аёллар ва болалар ҳуқуқини камситишга қарши курашни янги босқичга кўтарамиз.
Азиз ватандошлар!
Одамларимизнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаги, тадбиркорларнинг ташаббускорлиги, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади.
Шунинг учун олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади.
Энди давлат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашув буткул ўзгаради. Туман бюджети, инвестиция дастури ҳамда инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Бунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги – энг асосий мезон сифатида белгиланади.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Еттинчи миллий дастур – Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришдан иборат.
Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда.
Бугунги нотинч замонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик халқимизнинг олтин фонди, бебаҳо бойлигидир.
Бизнинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар сиёсатимиз узоқ муддатли тараққиётимизни таъминлашга қаратилган.
Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик алоқаларини кенгайтиришда тарихий ютуқларга эришилди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Иттифоқи, Америка, Осиё-Тинч океани минтақаси ва араб-мусулмон дунёси давлатлари билан муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. Шарқий Европа, Африка ва Лотин Америкасида янги ҳамкорлик йўналишлари очилди.
Мамлакатимиз билан дипломатик муносабат ўрнатган давлатлар сони қарийб 170 тага етди.
Ўзбекистонни халқаро дипломатиянинг муҳим марказига айлантириш учун кўпқиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттирамиз. Иқтисодий дипломатия ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Мамлакатимиз 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига илк маротаба раислик қилади. Дунёдаги 120 дан ортиқ давлатни бирлаштирган ушбу глобал тузилма самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни фаол илгари сурамиз.
Ён қўшнимиз бўлган Афғонистон бўйича конструктив сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига, хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларига, АҚШ, Туркия ва Сингапурдан келган юқори мартабали меҳмонларимизга самарали ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдираман.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Бир фикрни ишонч билан айтмоқчиман.
Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз.
Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ.
Бундай буюк қудратга эга халқ ва давлатни енга оладиган кучнинг ўзи йўқ.
Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!
Ишончим комил, матонатли, мард ва олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган улуғ мақсадларга албатта етади.
Ватанимизнинг олтин даврини, янги буюк тарихини албатта барчамиз биргаликда яратамиз!
Бизга мустақиллик неъматини берган Парвардигоримизга чексиз шукроналар бўлсин!
Истиқлолимиз ижодкори ва ҳақиқий бунёдкори бўлган халқимизга шон-шарафлар бўлсин!
Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги билан яна бир бор табриклайман.
Юртимиз тинч, хонадонларимиз обод ва фаровон бўлсин!
Яшасин Ўзбекистон Республикаси!
Яшасин Ўзбекистон халқи!