Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Сентябр, 2026   |   20 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:27
Қуёш
05:50
Пешин
12:23
Аср
17:00
Шом
18:59
Хуфтон
20:17
Bismillah
02 Сентябр, 2026, 20 Рабиъул аввал, 1448

30.12.2016 й. Йиллик сарҳисоб – келажак самараси

26.12.2016   7525   13 min.
30.12.2016 й. Йиллик сарҳисоб – келажак самараси

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Ортимизда қолаётган 2016 милодий йил мустақил она – Ватанимизнинг узоқ ва яқин ҳудудларда тинч-омон, фаровон яшаётган барча халқлар, шу жумладан мўмин-мусулмонлар ҳаётида ҳам эсда қоларлик оламшумул жараён ва воқеаларга бой бўлди.

Аллоҳ таолонингмарҳамати билан меҳнаткаш халқимиз ижтимоий-иқтисодий жабҳаларида катта муваффақиятларга эришдилар. Биргина Фарғона водийси билан боғловчи темир йўлнинг ишга туширилиши халқимизга қанчалик қувонч бағишлади. Айниқса “2016 йил Соғлом она ва бола” йилида хотин қизлар, хусусан оналар ва фарзандлар соғлиғига катта этибор қаратилди. Шаҳар, қишлоқларда ҳатто чекка ҳудудларда ҳам сиҳҳатгоҳлар, шифохоналар, болаларни даволаш муассасалари бунёд этилди ва замонавий тиббий жиҳозлар билан тўла таъминланди. Бунинг барчаси ҳазрати инсон омилига мустақил ва азиз давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг бир кўриниши десак, асло хато қилган бўлмаймиз. Хусусан, Дастур ижроси учун барча манбалар ҳисобидан 7 триллион 480 миллиард сўм ва 190 миллион доллардан зиёд маблағ сарфланди. Биргина тиббиёт муассасаларини замонавий ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун 80 миллион доллар, қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш, туман ва шаҳарлардаги сув тармоқларини модернизация қилиш мақсадида 100 миллион доллар маблағ жалб этилди. 9 миллионга яқин фарзанд кўриш ёшидаги аёллар ва 10 миллионга яқин болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилди.

Афсуски, ушбу йилда биз оғир йўқотишга учрадик. Муҳтарам биринчи Президентимиз, мустақиллигимизнинг асосчиси Ислом ота Каримовдан жудо бўлдик. Аллоҳ у инсонни жойларини жаннатда қилсин.

Шу билан бирга мамлакатимиз халқимиз бу синов олдида жипсланиб  мамлакатнинг янги раҳбари –­ Президентини сайлаш  жараёнида фаол иштирок этиб, сиёсий  жараён жабҳасида ўзларининг Кониституцион ҳуқуқларидан тўла истифода этганларини яна бир бор намойиш этдилир. Сайлов жараёнини кузатгани келган 5 та халқаро ташкилот ҳамда 46 та давлатнинг 600 нафарга яқин кузатувчилари сайлов адолатли ва юқори савияда ташкил этилганини эътироф этдилар.

Бошқа соҳалардаги каби муқаддас динимизни ривожлантириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Юртимизнинг шаҳар ва қишлоқларида,инчунун Тошкент шаҳрида замоновий ва айни вақтда миллий меъморчилик асосида “Ислом ота” ҳамда Сурхондарё вилоятида“Оқ масжид” каби янги жоме масжидлар бунёд этилди, кўплаб қадимий масжидлар эса қайтадан таъмир этилди. Имом-хатибларимиз масжидлар ва хомийларни жалб этган ҳолда “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, ижтимоий кўмакка мухтож оилалар, ёлғиз кексаларга 3 миллирад 3 миллион сўмдан ортиқ хайрия ёрдами кўрсатдилар.

Мўмин-мусулмонларимиз тинчлик-хотиржамликда тоат-ибодатларини адо этиб, халқимизнинг икки дунё саодати, барчанинг тинчлиги ва фаровонлиги йўлида самимий ва холис дуолар қилиб, Яратгандан имон-эътиқодини янада мустаҳкам этишини чин дилдан сўрамоқдалар. Иншоаллоҳ, уларнинг холис дуои-илтижолари Ҳақ таоло ҳузурида қабулу мустажоб бўлади. Зеро, Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейди:

فَاسْتَجَابَ لَهُمْ رَبُّهُمْ أَنِّي لَا أُضِيعُ عَمَلَ عَامِلٍ مِنْكُمْ مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى بَعْضُكُمْ مِنْ بَعْضٍ...

яъни:“Бас, Парвардигорлари уларни (дуоларини) ижобат этиб, (деди): «Албатта, Мен сизлардан амал қилувчининг – хоҳ эркак бўлсин ва хоҳ аёл бўлсин – амалини зое қилмасман...” (Оли Имрон, 195).

Муҳтарам намозхонлар! Олдинги йиллар каби кириб келаётган янги 2017-йилимизда олдимизга қўйилган улуғвор мақсадлар ва юксак марралар турибди. Уларга муваффақиятли эришиш йўлида, албатта биринчи навбатда халқ манфаатлари ҳамма нарсадан уствор бўлмоғи лозим. Шунда биз, “2017 йил-халқ билан мулоқат ва инсон манфаатлари йили”да амалий равишда бунинг эътирофи ва исботини рўёбга чиқарган бўламиз. Шунда мустақил мамлакатимизнинграҳбариўз маърузаларида:“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган сўзлари амалда ўз ифодасини топганини кўрамиз.

Дарҳақиқат, она-юртимизда амалга оширилаётган барча хайрли ва савобли ишлар сизубизларнинг, барчаларимизнинг кеча-кундуз муттасил қилаёган саъю-ҳаракатларимиз, самимий дуоларимиз, кун ва вақтларни ғанимат билиб, улардан  унумли фойдаланишимиз ва баракотли бўлиши натижасида амалга ошмоқда. Чиндан ҳам ўтган ҳар бир соат, кун, ой ва йилимизни сарҳисоб қилиш, келажак самарасидир, олий ниятлар билан келажак йил режаларини тузиш орқали ҳаётимизни янада мазмунли бўлиши, ҳар куни кўпроқ яхши ва савобли амаллар қилишимиз билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, инсон ҳаётида вақтнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда каттадир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини Ўзининг бебаҳо неъматларидан бири бўлган вақтни қадрлашга, унинг аҳамиятини қалбдан ҳис этишга, инсон фаолиятининг ажралмас қисми бўлган қимматли вақтни бефойда ишларга сарфламасликка чақиради.

Қуръони каримда инсонларнинг вақт ўлчовларини билиб олишлари учун қуёш ва ой уларга бўйсундириб қўйилгани, бу Парвардигорнинг улуғ неъматларидан экани ҳақида шундай марҳамат қилинади:

وَسَخَّرَ لَكُمُ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ وَالنُّجُومُ مُسَخَّرَاتٌ بِأَمْرِهِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَعْقِلُونَ

яъни: “У сизлар учун кеча ва кундузни, Қуёш ва Ойни бўйин сундириб қўйди. Юлдузлар ҳам Унинг амрига бўйин сундирилгандир. Албатта, бунда англайдиган кишилар учун (Унинг қудратига далолат қилувчи) аломатлар бордир” (Наҳл сураси, 12 оят).

Яна Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:

قُلْ أَرَأَيْتُمْ إِنْ جَعَلَ اللَّهُ عَلَيْكُمُ اللَّيْلَ سَرْمَدًا إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ مَنْ إِلَهٌ غَيْرُ اللَّهِ يَأْتِيكُمْ بِضِيَاءٍ أَفَلَا تَسْمَعُونَ

яъни:«(Эй, Муҳаммад! Уларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кечани Қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси «илоҳ» сизларга бирор ёруғлик келтира олур?! Ахир, эшитмайсизми?!»(Қасас сураси, 73 оят).

Яъни, Аллоҳ таоло кеча ортидан кундузнинг, кундуз ортидан эса кечани келадиган қилиб қўйди. Демак, ким улардан бирини беҳуда амаллар билан ўтказса, иккинчисида ўша қилган хатоларини тўғрилашга имкон берган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам йил вақтнинг қиммати ва аҳамияти алоҳида таъкидланади. Қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида  вақт, кун, ой ва йил ҳар бир инсоннинг зиммасидаги улуғ бир масъулият ва қарз экани зикр этилади. Ҳатто ҳисоб-китоб кунида бандага бериладиган асосий тўрт саволдан иккитаси ана шу вақт ҳақида бўлиши ҳадисларда таъкидлаб ўтилган.Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

"لاَ تزول قَدَمَا عبدٍ يوم القيامة حتى يُسْأَلُ عن أرْبَعٍ: عن عُمُرِه فيما أفناه وعن جسده فيما أبلاه وعن عِلمِه ماذا عَمِلَ فيه وعن ماله من أين اكْتَسَبَهُ وفيما انفقه"

(رواه الامام الترمذي وابن حبان).

яъни: “Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчисида – умрини нима билан ўтказгани; иккинчисида – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчисида – мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчисида – илмига қандай амал қилганидан сўралади”. 

Айниқса, ёшларимизни ва фарзандларимизни бўш вақтларидан унумли фойдаланишга ўргатишимиз биз ота-оналарнинг, ёши улуғлар кексаларнинг бурчимиздир.

Бугунги доруломон пайтда уларнинг бўш вақтларини тўлдириш,  илм билан шуғулланишлари учун барча шароит ва қулайликлар муҳайё. Ўсиб келаётган ёш авлод бу қулайликларга шукр қилиб, турли касб-ҳунарларни эгаллашлари, илм-фанда етук мутахассис бўлиб етишишлари даркор. Шунингдек, уларнинг дину диёнатли бўлиб ўсишларига алоҳида аҳамият беришимиз ва кўмаклашишимиз лозим. Бунда аждодларимиз ҳаёти биз учун ибрат бўлиши керак.

Улуғ тобеъинлардан Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг шундай сўзлари бор: “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар... Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Хоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан ва хоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди”.

Муҳтарам намозхонлар!Шу ўринда ҳижрий ва милодий йиллар тарихи ҳақидаги қисқача маълумотларни билиб қўйсак, яхши бўлади.

Ҳижрий-қамарий тақвим Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишлари (кўчишлари)дан ҳисоблана бошлаган ва 622 йилнинг 16 июлидан амалга киритилган сана (йил) номи. У ҳижрий 17 (милодий 638) йилда халифа Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу томонидан жорий этилган. Ҳижрий йил ой ва қуёш кунлари асосида олиб борилишига қараб ҳижрий-қамарий ва ҳижрий-шамсий деб юритилади. Ҳижрий-қамарий йил 354 кеча-кундуз бўлгани учун йилига 11 кундан орқада қолиб, ҳар 33 йилда ҳижрий-шамсий санадан бир йил кам бўлади.

Милодий йил деганда қуёшнинг чиқиб-ботиши билан ҳисобланадиган шамсий санани англамоғимиз керак. Мана шу қуёш нури йил давомида қачон кучаяди, қачон камаяди, шунга қараб, деҳқонлар баҳор, ёз, куз, қиш фаслларига эътибор бериб, ўз деҳқончиликларини қачон бошлаб, қачон йиғиштириб олиш лозимлигини белгилаб келадилар. Шамсий-милодий сана ҳисобидаги 12 ойни ҳар бир халқ ўз тилида номлаган. Масалан, биз кўпроқ арабча, ўзбекча, русча номларини қўллаймиз: Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сунбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жадий, Далв, Ҳут каби номлар халқимизга азалдан таниш. Январь, февраль, март, апрель, май, июнь, июль, август, сентябрь, октябрь, ноябрь, декабрь ойлари кенг истемолда экани ҳам барчага маълум. Мазкур ойлар номининг христиан дини билан боғлиқ жойи йўқ.

Лекин халқимиз ичида “Янги йилни, яъни 1-январь кунини кутиб олиш, байрам қилиш, бир-бирини табрик қилиш мусулмончиликка тўғри келмайди, у христианларнинг байрами каби гапларни гапириб юрувчилар ҳам бор. Биз шу каби кимсаларга яна бир бор эслатиб қўймоқчимизки, 1-январь христианларнинг байрами эмас, балки шамсий-милодий сана билан йил ҳисобини юритувчи халқларнинг ҳаммаси учун йил боши сифатида қарши олинадиган кун. 1-январни барча дунё халқлари қатори биз ҳам йилнинг янгиланиши сифатида кутиб оламиз ва бир йил давомида қўлга киритган ютуқ ва камчиликларимизни бирма-бир  сарҳисоб қилиб оламиз. Биз янги йилни мусулмонча эътиқод билан кутиб оламиз. Баъзилардек ношаръий ҳолатларда кутиб олмаймиз. Ҳатто динимиз таълимоти бўйича ҳар бир кунни қарши олишда “Мана шу ёруғ кунга саломат еткизганингга шукр” – деб Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтишимиз лозим.

“Баёнун линнос” номли китобда бу хусусда мусулмонлар учун анча кенглик борлиги қайд этилган. Далил сифатида “Рум” сурасининг 1-5 оятлари ва ҳадиси шарифлардан келтирилиб, икки ҳайитдан бошқа муҳим воқеа юз берган саналарни байрам қилиш ва байрамлар диний ҳамда дунёвий сабаблар муносабати билан нишонлаш дурустлиги зикр этилган.

Бинобарин, янги милодий-шамсий йилни диний байрам сифатида эмас, йилнинг янгиланиши, умримизга умр қўшилиши, эски йилда қилиб улгурмаган хайрли ишларимизни янги йилда қилиш учун яхши ниятлар билан кутиб олишимиз ҳам ақлан, ҳам шаръан жоиз экан.

Азизлар! “2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида” инсон манфаатларининг ўзвий қисми бўлган ҳозирги авлодларимизнинг интилиш ва қизиқишларини ҳам ҳисобга олишимиз зарур. Ёшлар-келажагимиз ворислари, эртамиз тянчи ва ишончидир. Шуниг учун ҳам азиз фарзандларимиз билан кўпроқ мулоқотда бўлиш, уларнинг қалбларига қулоқ солиш муаммоларини ечишда ёрдам бериш, ёш келин-кўёвларнинг илк ҳаётларида уларга панду-насиҳат қилиш ва амалий кўмак беришимиз зарур бўлади. Шунда улар ҳам буюк аждодларнинг муносиб ворислари бўлиб етишади. Дунё ва охиратда саодат аҳлидан бўлишади, иншоаллоҳ. 

Аллоҳ таоло барчаларимизга қимматбаҳо вақтларимизнинг қадрига етиб, дунё ҳаётида берилган умрнинг тансиқ йилларини солиҳ амаллар, эзгу, фойдали ишларга сарфлашни муяссар айласин. Аллоҳ таоло ҳаммамизга Ўзи ато этган улуғ ва бебаҳо неъмат бўлмиш вақтни қадрлайдиган, исроф қилмайдиган, унинг аҳамияти ва манфаатини чуқур англайдиган бандалари қаторидан жой берсин, Янги 2017 йилни ҳам барча соҳаларда катта муваффақиятлар билан ўтказишимизга муяссар айласин.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қаноат – битмас хазина

02.09.2026   736   9 min.
Қаноат – битмас хазина

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов билан суҳбат

 

– Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимизни инсон ҳаётида муҳим ўрин тутадиган, одамни борига рози бўлиб, йўғига сабр қилишга ундайдиган гўзал фазилат – қаноат ҳақида гаплашсак. Аввало, қаноат деганда нимани тушунамиз?
 

– Ваалайкум ассалом вараҳматуллоҳи вабаракотуҳ. Қаноат – инсонга берилган неъматларни қадрлаш, Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиш, бор нарсага шукр қилиш ва ҳалол йўл билан ҳаёт кечиришдир.


Қаноат – бу қўл қовуштириб ўтириш, меҳнат қилмаслик, бирор касбнинг бошини тутмаслик ёки “борига шукр” деб тараққиётдан ортда қолиб кетиш эмас. Мусулмон киши, ҳадиси шарифда таъкидланганидек,  дунё ишларида ҳаракат қилади, ризқини излайди, касб-ҳунар ўрганади, оиласи учун меҳнат қилади. Аммо қалбида: “Менга берилган неъматнинг эгаси Аллоҳ таолодир”, деган эътиқодда бўлади.


Инсон қанча бой бўлмасин, агар қалбида қаноат бўлмаса, ўзини камбағал ҳис қилиши мумкин. Аксинча, мол-дунёси кўп бўлмаган инсоннинг қалби хотиржам, шукр қилувчи бўлса, у чинакам бойдир. Шу боис уламолар қаноатни қалбг бойлиги, деб таърифлашган.


– Ислом дининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қаноат ҳақида нима дейилгани ҳам ўқувчиларга қизиқ, албатта.


– Ҳа, шундай. Ислом таълимотида қаноат улуғ фазилат ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас сураси, 77-оят), деб марҳамат қилган.


Ислом дини инсонни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эриштирувчи дастуриламал, ҳаёт манҳажидир. Аммо динимизнинг асл моҳиятини, унинг таълимотлари барча замон ва маконларга мувофиқ келишини англаб етмаган кишилар уни таркидунёчиликка айлантириб қўядилар, динга амал қилиш учун дунёдан ажралиб чиқиш керак, деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, Парвардигори олам инсонга ато қилган барча неъматлари ҳам охиратни, ҳам дунёдаги насибани излаш воситаси эканини айтмоқда.


Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, парҳезкор бўл, одамларнинг обидроғи бўласан. Қаноатли бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан. Ўзингга ёққанини одамлар учун ҳам яхши кўр, мўмин бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, муслим бўласан. Кулгини кўпайтирма. Чунки кулгининг кўпи қалбни ўлдиради”, дедилар (Имом Ибн Можа, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонни ўзига берилган неъматларни қадрлашга тарғиб этганлар.


Баъзан инсон ўзидан бойроқ кишига қараб: “Унинг машинаси бор, уйи катта, кийими яхши, имконияти кўп”, деб ўзини камбағал ҳис қилади. Лекин ўзидаги неъматларга қарамайди. Бошқа бир инсон эса касал бўлиб ётибди, соғликка муҳтож. Яна бири фарзандли бўлишни орзу қилади. Демак, биз кўпинча ўзимизда бор нарсаларнинг қадрини уларни бой бергачгина англаб етамиз. Шу боис мўмин инсон ҳар куни: “Аллоҳ таоло менга қанча неъматлар берган-а. Ўзига шукр”, деб ҳамду сано айтиши керак.


– Демак, қаноат инсоннинг бахтли яшашига ҳам сабаб бўлар экан-а?


– Албатта. Қаноат билан бахт ўртасида катта боғлиқлик бор. Бугунги кунда инсоннинг кўзи кўп нарсага тушади. Телефон, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларнинг ҳаётини кўрамиз. Кимдир янги машина харид қилганини, кимдир янги иморат қурганини, кимдир чет элга саёҳат қилганини кўрамиз.


Агар инсон ўз ҳаётини доимо бошқаларнинг ҳаёти билан солиштираверса, қалбида норозилик пайдо бўлади: “Нега менда йўқ? Нега унда бор? Нега унинг ҳаёти яхши?” деган саволлар кўпайиб боради. Бу эса инсоннинг хотиржамлигини йўқотади.


Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёвий масалаларда инсон ўзидан пастроқ ҳолатдаги кишиларга қарашини ўргатганлар. Яъни инсон ўзидан бойроқ кишига қараб ҳасрат қилмасдан, ўзидан камроқ имкониятга эга бўлган кишиларни кўриб, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилсин.


– Айримлар қаноатли кишининг ҳаётга интилиши паст, деб тушунадилар. Бунга динимиз қандай қарайди?


– Бу қаноат тушунчасини нотўғри англашдан келиб чиқади. Мусулмон киши меҳнаткаш бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнат қилишга, ҳалол ризқ топишга тарғиб этганлар.


Деҳқон ерга уруғ сепиб, кейин “Аллоҳ ризқ беради”, деб уйида ўтирмайди. У ер ҳайдайди, уруғ сочади, суғоради, меҳнат қилади ва натижасини Аллоҳдан кутади. Тадбиркор ҳам ҳаракат қилади, талаба ўқийди, ҳунарманд ҳам меҳнат қилади. Қаноат шу ҳаракатдан кейин инсоннинг қалбидаги ҳолатдир. Яъни, қўлимиз меҳнатда, қалбимиз Аллоҳга боғланган бўлиши керак.


– Бугунги ёшлар орасида “кўпроқ пул топиш”, “бой бўлиш”, “қиммат машина олиш” каби мақсадлар кучайиб бормоқда. Бу ҳолатга қандай муносабат билдирасиз?


– Мол-дунёга эга бўлиш ёмон эмас. Ислом бойликни ҳаром қилмаган. Ҳаром қилингани – бойликнинг инсон қалбини эгаллаб олиши, уни ҳаромга бошлаши ва Аллоҳ таолонинг зикридан, тоат-ибодатидан унуттиришидир.


Ҳалол меҳнат билан бойиган инсон жуда кўп хайрли ишлар қилиши мумкин. Камбағалларга ёрдам беради, масжидлар ва мадрасалар қуради, илмга хизмат қилади, етимларни қўллаб-қувватлайди. Мол-дунё қўлда бўлса – неъмат, қалбда бўлса синовдир.


Ёшларимизга шуни ўргатишимиз керак: катта мақсад қўйиш мумкин. Аммо мақсад ҳалол бўлиши керак. Ризқ ҳалол бўлиши керак. Меҳнат ҳалол бўлиши керак. Энг муҳими, инсон дунёвий мақсадга эришаман деб охиратни бой бермаслиги лозим.


– Фарзандларимизга қаноатни қандай ўргатишимиз мумкин?


– Энг яхши тарбия намуна бўлишдир. Ота-она “қаноатли бўл” деб, ўзи доимо бошқаларнинг мол-дунёсини муҳокама қилиб юрса, бола гапга эмас, амалга қарайди. Фарзандларимизга кичиклигидан: “Нон – неъмат. Уни исроф қилма”, “Ота-онангнинг меҳнати қадрига ет”, “Бошқаларга ҳасад қилма”, деган тушунчаларни сингдириш керак.


Боланинг истаган ҳамма нарсасини муҳайё қилавериш тўғри эмас. Чунки инсон хоҳлаган нарсасига осонгина эришаверса, берилган неъматнинг қадрини билмай қўйиши мумкин. Баъзида фарзандга: “Ҳозир имконимиз йўқ, сабр қиламиз”, дейиш ҳам тарбия, ҳам унинг қаноатли бўлишига замин яратади.


– Қаноат билан тақдирга рози бўлишни қандай тушунтирган бўлардингиз?


– Мўмин киши Аллоҳ таолонинг тақдирига иймон келтиради. Лекин тақдирни баҳона қилиб, ўзининг зиммасидаги вазифаларини ташлаб қўймайди. Касал инсон: “Тақдир экан”, деб даволанишдан воз кечмайди. Ризқ излаётган киши меҳнат қилишни ортга сурмайди. Талаба ўқишни тўхтатмайди. Биз сабабларни қиламиз, натижасини Аллоҳдан кутиб яшаймиз. Агар натижа биз кутгандек бўлмаса, “Нега бундай бўлди?” деб Аллоҳнинг тақдирига норози бўлмаймиз. Мана шу ҳолат инсон қалбига катта хотиржамлик беради.


– Сўнгги савол: инсон қаноатли бўлиши ва шу фазилатга эга бўлиши учун нима қилиши керак?


– Бунинг учун, аввало, шукрни канда қилмаслиги керак. Ўзини ҳадеб бошқалар билан солиштирмаслиги зарур. Чунки ҳар кимнинг тақдири, ризқи ва ҳаёт йўли ҳар хил бўлади.


Ҳалол меҳнат қилиб, исрофдан тийилиши шарт. Инсон кўп нарсага эга бўлиш билан бахтли бўлиб қолмаймиз. Керакли нарса билан кифояланишни ўрганишимиз лозим.


Эҳтиёжманд инсонлар ҳолига қараш керак. Инсон ўзидан камроқ имкониятга эга кишиларни кўрса, ўзининг неъматларини янада чуқурроқ ҳис қилади.


Аллоҳ таоло билан муносабатимизни мустаҳкамлашимиз шарт. Намоз, дуо, Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор инсоннинг қалбини поклайди. Қалби Аллоҳга боғланган инсон дунёвий нарсаларга ҳаддан зиёд боғланиб қолмайди. Ва ўшанда қиноат битмас хазина эканини англаб етади.

 

Т.НИЗОМ суҳбатлашди.

Мақолалар