Машҳур россиялик актриса Елена Проклова Ислом динини қабул қилди. Яқинда актриса 2006 йилдан буён БААда истиқомат қилувчи Татаристонлик тижоратчи Исмоил Шангариевнинг уйида меҳмон бўлган эди.
Актрисанинг у ерда кўрган-кечирганлари, дунёқарашига таъсир қилган омиллар ҳақида Исмоил Шангариев интернет саҳифасида маълум қилди.
— Елена Ислом тамаддуни ҳақида гапириб, бизнинг динимиз унга жуда ёқишини айтди, дейди Исмоил. Мен унга Ислом ҳақида батафсил маълумот бердим. Шунда у Ислом таълимоти асосида ҳаёт кечиришни жуда хоҳлашини, келажакда туғиладиган фарзандлари, набиралари ҳам мусулмон бўлишини орзу қилишини айтди. Биз у билан Шайх Зайд масжидига бордик. Елена ўша ерда: “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб Исломни қабул қилди. Шундан сўнг, масжидда ўтириб Яратгандан ўзи ва яқинлари ҳақида эзгу дуолар қилди.
Актрисанинг айтишича, мусулмонларнинг оиласи – бу энг мустаҳкам оила ҳисобланади. У исломни қабул қиларкан ўзи учун буюк синоатлар эшиги очилганини айтди. Жумладан, Исломда таъқиқланган нарсаларнинг барчаси, тиббий жиҳатдан ҳам инсонга зарарли эканинини, алоҳида қайд этди.
Эслатиб ўтамиз актриса ўтган йили турмуш ўртоғи билан ажрашган эди. Унинг айтишича, яқин келажакда турмушга чиқадиган бўлса ҳам фақатгина мусулмон инсонга турмушга чиқади. Чунки у фарзандлари ва набиралари мусулмон бўлишини жуда ҳам хоҳлайди.
Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади
Ўзбекистон ва ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котибияти вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда маҳалла билан боғлиқ маданий анъана ва урф-одатлар, уларни халқаро даражада тарғиб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котиби Фумико Охината ва Осиё-Тинч океани минтақаси учун масъул дастур мутахассиси Николас Тан мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси вакиллари маҳалланинг кўп асрлик тарихи, унинг жамият ҳаётидаги алоҳида ўрни ва миллий анъаналарни сақлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Учрашувда маҳалла Ўзбекистон халқи турмуш тарзининг ажралмас қисми экани таъкидланди. У инсонларни яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва катта авлод вакилларига ҳурмат тамойиллари асосида бирлаштиради.
ЮНЕСКО Котибияти вакиллари тақдим этилган материалларга катта қизиқиш билдирди. Улар Ўзбекистонда маҳалла билан боғлиқ шаклланган жамоат ҳаёти тартибининг ўзига хос хусусиятларини эътироф этди.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросни тарғиб қилишдаги роли алоҳида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ўзбек маҳалла тизими тажрибаси ЮНЕСКО Котибияти мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати