Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Ҳофиза дуоси

30.11.2016   11593   20 min.
Ҳофиза дуоси

Ҳар бир инсонга Аллоҳ таоло томонидан турли хил зеҳн ва хотира берилади. Баъзилар ўзларининг ҳофизалари заиф эканлигини, ёдлаган нарсалари тез эсдан чиқаётганлигини шикоят қиладилар. Ана шундай инсонлар бундай ҳолатдан ҳеч афсусланмасинлар. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз сўзларида у киши ҳам унутиб, эсдан чиқаришларини айтиб ўтганлар. Саҳобалардан ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳам ушбу муаммо билан Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келдилар. Шунда Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ва у киши орқали бутун умматга агар улар тез унутадиган бўлиб қолсалар нима қилишларини баён қилиб бердилар. Сизга ушбу ҳадисни ҳавола қиламиз. 

عَن ابنِ عَبّاسٍ أَنّهُ قالَ: "بَيْنَمَا نَحْنُ عِنْدَ رَسُولِ الله صلى الله عليه وسلم إذْ جَاءَهُ عَلِيّ بنُ أَبي طَالِبٍ فقالَ: بِأبِي أَنْتَ وَأُمّي تَفَلّتَ هَذَا القُرْآنُ مِنْ صَدْرِي فَمَا أَجِدُنِي أَقْدِرُ عَلَيْهِ، فقالَ لَهُ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: يَا أبَا الْحَسَنِ أَفَلاَ أُعَلّمُكَ كَلِمَاتٍ يَنْفَعُكَ الله بِهِنّ وَيَنْفَعُ بِهِنّ مَنْ عَلّمْتَه ويُثَبّتُ ما تَعَلّمْتَ في صَدْرِكَ؟ قالَ أَجَلْ يَا رَسُولَ الله فَعَلّمْنِي. قالَ: إذَا كانَ لَيْلَةُ الْجُمُعَةِ فَإِنِ اسْتَطَعْتَ أَنْ تَقُومَ في ثُلُثِ اللّيْلِ الاَخِرِ فَإِنّهَا سَاعَةٌ مَشْهُودَةٌ وَالدّعَاءُ فِيهَا مُسْتَجَابٌ وَقَدْ قالَ أَخِي يَعْقُوبُ لِبَنِيهِ {سَوْفَ أَسْتَغْفِرُ لَكُمْ رَبّي} ـ يَقُولُ حَتّى تَأْتِي لَيْلَةُ الْجُمُعَةِ ـ فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَقُمْ في وَسَطِهَا فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَقُمْ في أوّلِهَا فَصَلّ أَرْبَعَ رَكَعَاتٍ تَقْرَأُ في الرّكْعَةِ الأولَى بِفَاتِحَةِ الكِتَابِ وَسُورَةِ يَس، وَفي الرّكْعَةِ الثّانِيَةِ بِفَاتِحَةِ الكِتَابِ وحم الدّخَانَ، وَفي الرّكْعَةِ الثّالِثَةِ بِفَاتِحَةِ الكِتَابِ وألم تَنْزِيلُ السّجْدَةِ، وَفي الرّكْعَةِ الرّابِعَةِ بِفَاتِحَةِ الكِتَابِ وَتَبَارَكَ المُفَصّل. فَإِذَا فَرِغْتَ مِنْ التّشَهّدِ فاحْمَدِ الله وأحْسِنِ الثّنَاءَ عَلَى الله وَصَلّ عَلَيّ وَأَحْسِنْ وَعَلَى سَائِرِ النّبِيّينِ، وَاسْتَغْفِرْ لِلْمُؤْمِنينَ والمُؤْمِنَاتِ ولإخْوَانِكَ الّذِينَ سَبَقُوكَ بالإيمَانِ ثُمْ قُلْ في آخِرِ ذَلِكَ: 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир пайт Алий ибн Абу Толиб келиб: «Ота-онам сизга фидо бўлсин! Бу Қуръон менинг қалбимдан чиқиб кетяпти. Уни эгаллай олишимга кўзим етмайяпти», деди. Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаалм: «Эй Абу Ҳасан, сенга бир нечта келималарни ўргатмайми, Аллоҳ улар билан сенга ҳам, сен уларни ўргатганларга ҳам манфаат беради ва ўрганганинг кўксингда барқарор бўлади?» дедилар. У: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули, ўргатинг», деди.

 У зот: «Жума кечаси бўлганда, кечанинг охирги учдан бирида тура олсанг, бу гувоҳ бўлинадиган вақт. Ундаги дуо ижобат. Биродарим Яъқуб ҳам ўғилларига: «Роббимдан сизлар учун мағфират сўрайман», деб, жума кечаси келишини айтган эди. Қила оламасанг, кечанинг ўртасида тур. Буни ҳам қила олмасанг, аввалида тур. Тўрт ракат намоз ўқи. Биринчи ракатда Фотиҳаи Китоб ва Ёсин сураларини, иккинчи ракатда Фотиҳаи Китоб  ва Духонни, учинчи ракатда Фотиҳаи Китоб ва Саждани, тўртинчи ракатда Фотиҳаи Китоб ва Мулкни ўқийсан. Ташаҳҳудни тугатгач, Аллоҳга ҳамд айт ва Аллоҳга сано айтишни яхши қил. Менга яхшилаб салавот айт ва бошқа пайғамбарларга ҳам. Мўмину мўминалар ва ўзингдан олдин иймон билан ўтган биродарларинг учун мағфират сўра. Кейин ана шуларнинг сўнгидан шундай деб айт: 

اللّهُمّ ارْحَمْنِي بِتَرْكِ المَعَاصِي أَبَداً مَا أَبْقَيْتَنِي، وارْحَمْنِي أنْ أَتَكَلّفَ مَا لاَ يَعْنِينِي، وارْزُقْنِي حُسْنَ النّظَرِ فِيمَا يُرْضِيكَ عَنّي، اللّهُمّ بَدِيعَ السّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ ذَا الْجَلاَلِ وَالإكْرامِ وَالعِزّةِ التي لا تُرَامُ أَسْأَلُكَ يا الله يا رَحمَنُ بجَلاَلِكَ ونورِ وَجْهِكَ أَنْ تُلْزِمَ قَلْبِي حِفْظَ كِتَابِكَ كَمَا عَلّمْتَنِي وَارْزُقْنِي أَنْ أتْلُوَهُ عَلَى النّحْوِ الّذِي يُرْضِيكَ عَنّي. اللّهُمّ بَدِيعَ السّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ ذَا الْجَلاَل والإِكْرَامِ والعِزّةِ التي لا تُرَامُ أَسْأَلُكَ يا الله يا رَحْمَن بجَلاَلِكَ وَنُورِ وَجْهِكَ أَن تُنَوّرَ بِكَتَابِكَ بَصَرِي وأنْ تُطْلِقَ بِهِ لِسَاني وَأَنْ تُفَرّجَ بِهِ عن قَلْبِي وَأَنْ تَشْرَحَ بِهِ صَدْرِي وأَنْتَغْسِلَ بِهِ بَدَنِي فإِنّهُ لا يُعِينُنِي عَلَى الحقّ غَيْرُكَ وَلاَ يُؤْتِيهِ إلاّ أَنْتَ وَلا حَوْلَ وَلاَ قُوّةَ إِلاّ بالله العَلِيّ العَظِيمِ. 

«Аллоҳим! Мени боқий қолдирганинг муддатича доимий равишда гуноҳларни тарк қилишим ила менга раҳм қил. Ўзим учун фойдали бўлмаган нарсага ўзимни уринтирмасимдан менга раҳм қил. Сени мендан рози қиладиган нарсага яхши назар солишни менга насиб эт. Аллоҳим! Осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот! Эй улуғлик, икром ва кўз етмас иззат соҳиби! Эй Аллоҳ! Эй Роҳман! Улуғлигинг ва Юзингнинг нури ҳурматидан сўрайман, қалбимни Китобингни Ўзинг ўргатганингдек ёд олишда давомли қил! Уни Сени мендан рози қиладиган тарзда тиловат қилишни менга насиб эт. Аллоҳим! Осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот! Эй улуғлик, икром ва кўз етмас иззат соҳиби! Эй Аллоҳ! Эй Роҳман! Улуғлигинг ва Юзингнинг нури ҳурматидан сўрайман, Китобинг билан кўзимни мунаввар қил, тилимни енгил қил, у билан қалбимни оч, кўксимни кенг қил, у билан баданимни юв! Зотан, Ўзингдан ўзгаси ҳақ ишда менга ёрдам бера олмас. Уни фақатгина Сен берасан. Олий ва буюк Аллоҳнинг ёрдамисиз на куч бор, на қудрат бор». 

يَا أَبا الحَسَنِ فافعل ذَلِكَ ثلاثَ جُمَعٍ أَوْ خَمْساً أَو سَبْعاً تُجَبْ بِإِذْنِ الله والّذِي بَعَثَنِي بالحَقّ مَا أَخْطَأَ مُؤْمِناً قَطّ. 

 Эй Абу Ҳасан, буни уч, беш ёки етти марта қилсанг, Аллоҳнинг изни билан дуойинг ижобат бўлади. Мени ҳақ билан юборган Зотга қасамки, бу бирор мўминни асло четлаб ўтмаган». 

قالَ عبد الله بنُ عَبّاسٍ فَوَالله مَا لَبِثَ عَلِيّ إلاّ خَمْساً أوْ سَبْعاً حتّى جَاءَ عليّ رَسولَ الله صلى الله عليه وسلم في مِثْلِ ذَلِكَ المَجْلِسِ فقَالَ: يا رَسُولَ الله إنّي كُنْتُ رجلاً فِيمَا خَلاَ لاَ آخُذُ إلاّ أَرْبَعَ آيَاتٍ أوْ نَحْوَهُنّ فإِذَا قَرَأْتُهُنّ عَلَى نَفْسِي تَفَلّتْنَ وَأنا أَتَعَلّمُ اليَوْمَ أَرْبَعِينَ آيَةً وَنَحْوَها فَإذَا قَرَأْتُهَا عَلَى نَفْسِي فَكَأَنّمَا كِتَابُ الله بَيْنَ عَيْنَيّ وَلَقَدْ كنْتُ أَسْمَعُ الحَديثَ فإِذَا رَدَدْتُهُ تَفَلّتَ وَأنا اليَوْمَ أَسْمَعُ الأحَادِيثَ فإِذَا تَحَدّثْتُ بِهَا لَمْ أَخْرِمْ مِنْهَا حَرْفاً، فقَالَ لَهُ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم عِنْدَ ذَلِكَ: مُؤْمِنٌ وَرَبّ الكَعْبَةِ يَا أَبَا الحَسَنِ". 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, Алий беш ёки етти жума ўтибоқ, худди ўша мажлисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, мен илгари фақат тўрт ё шунга яқин оятни эслаб қолардим. Ичимда ўқиб кўрсам, чиқиб кетган бўларди. Бугун эса қирқ ё шунга яқин оятларни ўрганяпман. Ичимда ўқиб кўрсам, гўё Аллоҳнинг Китоби кўз ўнгимда тургандек. Мен ҳадис эшитардим, қайтариб кўрсам, чиқиб кетган бўларди. Бугун эса ҳадисларни эшитяпман ва уларни айтиб берсам, ундан бирор ҳарфни ҳам тушириб қўймаяпман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каъба Роббига қасамки, мўминсан, эй Абу Ҳасан!» дедилар».

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Вазир бўлганим амир бўлганимдан яхши

25.11.2024   1902   4 min.
Вазир бўлганим амир бўлганимдан яхши

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин мусулмонлар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуни ўзларига раҳбар қилиб сайладилар. У киши буни рад этдилар, лекин саҳобалар маҳкам туриб олишди. Улар ўзлари кириб қолган боши берк кўчадан чиқишлари учун Алий розияллоҳу анҳунинг раҳбарлиги зарурлигини яхши билишар эди. Мадинаи мунавварадаги аҳвол жуда ҳам оғирлашган, йўлдан озганлар ушбу шаҳарга эга чиқиб олишган эди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўзлари қизиқмасалар ҳам, халифаликни қабул қилиб олдилар.

Имом Табарий Муҳаммад ибн Ҳанафийядан ривоят қиладилар: «Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганида, отам билан бирга уйда эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари келиб, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга: «Бу киши (яъни Усмон розияллоҳу анҳу) ўлдирилди. Одамларга имом (раҳбар) лозим. Бугунги кунда бу ишга сиздан кўра ҳақли одам йўқ. Сиздан аввал Исломга кирган ҳам, сиздан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин ҳам йўқ», дедилар.

Ҳазрати Алий: «Ундай қилманглар. Мен учун вазир бўлганим амир бўлганимдан яхшидир», деди.

Одамлар: «Аллоҳга қасамки, сизга байъат қилмасдан қўймаймиз», дейишди.

Ҳазрати Алий: «Ундай бўлса, масжидда. Менга байъат махфий бўлмаслиги, фақат мусулмонларнинг розилиги билан бўлиши керак», деди. У киши масжидга кирганида муҳожирлар кириб байъат қилишди. Сўнг бошқалар байъат қилишди».

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга халифа сифатида ҳижрий 35 йил 25 зулҳижжа, жума куни байъат қилинди. Бу вақтда Ислом оламида фитна денгиз тўлқинидек мавж уриб турар эди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу жуда ҳам қатъият ва жазм билан иш тутадиган, салобатли ва ҳақ йўлда шиддатли зот эдилар. У киши ўзларига байъат қилинганидан кейин дарҳол иккита фармон чиқардилар. Бу фармонларнинг иккови ҳам жуда қатъият билан чиқарилган фармонлар эди:

– Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қўйган айрим волийларни ишдан олиш. Уларнинг кўпчилиги Бану Умайядан эдилар.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидаги волийларни тайин қилдилар:

Усмон ибн Ҳунайфни Басрага;

Умора ибн Шиҳобни Куфага;

Убайдуллоҳ ибн Масъудни Яманга;

Қайс ибн Саъд ибн Убодани Мисрга;

Саҳл ибн Ҳунайфни Шомга...

Тайин қилинган мазкур волийларнинг ишлари турлича бўлиб чиқди. Бундан ихтилоф кучайиб бораётгани кўринарди.

– Иккинчи фармон ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўз яқинларига Байтулмолдан берган совғалар ва суюрғолларни қайтариб олиш ҳақида эди.

У зотнинг бу тасарруфларидан сўнг Бану Умайя қабиласи аъзолари у кишига қарши бош кўтариб, байъат қилмасликка ўтишди. Бу ишнинг бошида Шомнинг волийси Муовия ибн Абу Суфён турар эди.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг давридан буён Шомнинг волийси бўлиб келар эди. У киши ўз ишини аъло даражада бажарар, ўз аҳолиси ичида жуда катта обрўга эга эди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганлари ва ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг халифа бўлганлари ҳақидаги хабар етганда, у киши янги халифага байъат қилмади. Бунинг бир неча сабаби бор эди.

1. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларида ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳам айблари бор деб тушунар эди.

2. У киши Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг лашкари ичида фитначиларнинг борлигини ҳам айб ҳисоблар эди.

3. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бу ишларни бир ёқлик қилиб, орани очиб олмай туриб тоатни вожиб қилувчи байъат қилишга қўл урмади.

Бошқа Ислом юртларининг барча аҳолиси ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар ва у ерларда иш ўз маромида кетди.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Мақолалар