Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги ҳамда 3 декабрь – «Халқаро ногиронлар куни» муносабати билан, жорий йилнинг 24 ноябр куни, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бош имом хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов раҳбарлигида, ҳомийлар иштирокида, Олмазор туманида жойлашган «Мурувват» номли 1-сон интернат ногирон болалар уйида меҳрга муҳтож болалар ҳолидан хабар олиниб, дастурхон атрофида хайрия тадбири ўтказилди.
Хайрия тадбирини ташкил этишдан асосий мақсад жорий йилнинг «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилиниши муносабати билан, меҳр ва мурувватга ташна қалб эгалари – имконияти чекланган болаларни маънавий ва моддий қўллаб қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, эҳтиром билдириш, кўнглини кўтариш, хурсандчилик ва юқори кайфият шу билан бирга уларга хамиша эъзозда эканликларини хис қилиш туйғуларини бахш этиш кўзланди.
Тадбирда «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов, масжид ходимлари ва 1-сон интернат уйи ишчи ходимлари иштирок этдилар. Йиғилганлар учун байрам дастурхони ёзилиб, миллий таомимиз бўлган ош тарқатилди.
Тадбир бошида Раҳматуллоҳ Сайфуддинов сўз олиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги ҳамда 3 декабрь – «Халқаро ногиронлар куни» муносабати билан муборакбод этиб, бу жойда хизмат қилаётган, ногирон болаларга ўз меҳрини улашаётган тарбияловчиларга алоҳида миннатдорчилик билдириб, бу шарафли ва савобли хизмат эканлигини таъкидлаб ўтди.
Сўнгра Қуръони карим тиловат қилиниб, меҳрга муҳтож болалар ҳақига дуолар қилинди.
Мурувват уйи мураббий ва тарбияланувчилари ушбу ташаббус учун ўзларининг чуқур миннатдорчиликларини билдирдилар.








Адҳам ДЎСМАТОВ
Тошкент ислом университети магистранти
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-ноиби
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати