Аллоҳ таоло никоҳни муқаддас ришта дея эълон қилиб, беҳуда сабаблар ила ажрашишдан қайтарган. Аммо баъзи ҳолатларда ажримга рухсат берилган.
Ислом шариатига кўра ажрим икки хилдир:
Шариъий ажримда ийло, лион, зиҳор, диндан чиқиш, эр-хотиндан бирининг Исломга кириши ила оралари ажратилади. Ушбу шаръий ажримлар фиқҳ китобларида батафсил, кўп ва хўб баён қилинган.
Қазоий ажримга тўрт фиқҳий мазҳабларга кўра, қуйидагилар сабаб бўлади: нафақа қилишдан ожизлик, эр-хотиндаги айб, зарар, ёмон оилавий муносабатлар, эрнинг ғойиб бўлиши ҳамда қамоқ. Ушбу масалалар қозининг ҳукмига боғлиқ бўлади.
Нафақадан ожиз бўлиш. Ҳанафий мазҳабидан бошқа уч мазҳаб, яъни моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида нафақадан ожиз бўлиш эр-хотин ажратилишига сабаб бўлади.
Аммо, ҳанафий мазҳабига кўра, нафақадан ожизлик сабабли эр хотин ораси ажратилмайди. Чунки эр гоҳ бой, гоҳ ночор ҳолатда бўлади.
Зеро Аллоҳ таоло айтган:
“Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ)дан бошқа нарсага таклиф қилмас. Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан кейин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур” (Талоқ, 7 оят).
Агар эр бой бўлиб, нафақа қилмаётган бўлса, ажримдан бошқа йўллар қилинади, масалан қамаб қўйилади ёки мажбуран моли нафақа учун сотилади.
Айб ва касаллик. Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад уч жинсий касаллик сабабидан эр-хотин ораси ажратилади, дейишган. Улар:
Аввало, эркак кишидаги бу уч ҳолат оила бўлиб яшаш, оиладан кўзланган мақсадга халал беради. Шунда хотин эри бичилган ёхуд жинсий ожизлиги сабабли қозига арз қилишга ҳақли бўлади. Қози эркак кишига бир қамарий ой ҳисобида муддат беради. Чунки, эркаклардаги ожизлик бир мавсумда пайдо бўлиб, бошқа бир мавсумда йўқолиб, ҳолат ўнгланиши мумкин. Кўриниб турибдики, муқаддас оила риштаси беҳуда сабаблар билан узиб, бахт қасри эса бузиб юборилмайди.
Айб билан икки томон ораси ажратилаётганда қуйидаги шартлар бўлиши лозим:
Айб сабабли ажратилганда маҳр масаласи.
Ҳанафийларда агар ажрим яқинлик ёки хилвати саҳиҳадан олдин бўлса, аёлга маҳрнинг ярми берилади, чунки ажралиш эр сабабидан юзаган чиқмоқда. (Эслатиб ўтамиз, юқоридаги айблар эркак кишига тегишли бўлиб, бизнинг мазҳабда аёлларга доир айблар келтирилмаган.) Агар ажралиш яқинликдан ёки хилвати саҳиҳадан кейин бўлса аёлга идда вожиб бўлади, маҳр тўлиқ берилади.
Жанжал ва зарар. Жанжал – инсон ҳурматига таъна етказадиган даражадаги қаттиқ низо. Зарар – эркак кишининг хотинига гап ёки хатти-ҳаракат билан азият етказиши. Худди, сўкиш, уриш ва ҳаром ишларга мажбурлаши каби.
Моликийлардан бошқа уч мазҳаб, агарчи низо ва зарар ўта даражада кучли бўлса ҳам, ажримга сабаб бўлолмайди. Чунки аёлдаги зарарни талоқсиз ҳам ҳал этиш мумкин, масалан қозининг эркакни одобга чақириши, жазолаши каби.
Моликийларда эса, зарар ва жанжал сабабидан тафриқ жоиз бўлади, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу сўзларига кўра: “Зарар бериш ҳам йўқ, зарар кўриш ҳам йўқ”. (Ибн Можа ривояти)
Қозининг бу ҳолатдаги ажрими – қозининг боин талоқ тушириши билан бўлади.
Эрнинг йўқ бўлиб кетиши. Агар эр ғойиб бўлса ҳанафий ва шофеъий мазҳабига кўра, гарча муддат узун бўлсада, эрнинг йўқ бўлиши сабабидан қози уларнинг орасини ажратмайди. Негаки, бу борада бирорта шаръий далил собит бўлмаган.
Умумий хулоса:
Ҳанафий мазҳабида эркак кишидаги жинсий ожизлик сабабидан хотин қозига шикоят қилиши мумкин. Шундай бўлса-да қози эркакни ўзини ўнглаб олиши, даволаниши, учун бир йил муддат беради. Эркаклардаги бундай ҳолат сабабидан аёлга зулм ҳам қилинмайди, эркакка ҳам муддат белгиланмай оралари ажратиб юборилмайди. Бундан ташқари, мазҳабимизга кўра инсоннинг бой ва камбағал бўлиши, ёхуд илм, касбу кор талабида аёли ёнида бир муддат бўлмаслиги, баъзи сабаблар ила ҳибсга тушиши эркакка айб етказмайди. Фаразан, шу ҳолатлар билан аёлга ажрим сўраб қозига мурожаат қилиш ҳуқуқи берилса, қанчадан-қанча оилалар ажралиб, пароканда бўлишига сабаб бўлиб қолади. Шариатимизда аёллардаги жинсий монеликлар ҳам бошқа ечимлари мавжуд бўлгани учун ажримга сабаб бўла олмайди. Ҳанафийлик мўтадил мазҳаб бўлгани, инсонлар ҳолати, турмуш тарзи, шароити ва урф одатларини эътиборга олганидан унинг эргашувчилари кўпчиликни ташкил этади.
Ҳозирги кунимизга назар солсак, ажримлар кўпаймоқда, оилавий жанжаллар авж олмоқда. Ҳар 4-5 оиладан бири судга шикоят билан ажрим сўраб чиқмоқда. Мутахассислар ва яраштирув комиссиялари шикоят сабабини ўрганиб чиқишганда, ажримга асосли сабаблар деярли топилмайди. Келинга қарши шикоятлар: “Таги паст...”, “Мебели хорижники эмас...”, “Кулиб юрмайди...”, “Дангаса...”, “Онаси бешик қилиб, той обкелмаган...”, “Уй ишларига уқуви йўқ...”, “Бир йилдан бери туғмаяпти...”, “Битта болани эплолмайди...”, “Қачон қараса касал, югуриб-елиб хизмат қилмайди...”, “Онаси қудачиликни ўрнига қўймайди...” ва ҳоказо иддаолар. Касални даволатса, дангаса, хулқи ёмонга насиҳат қилса, тойсиз ҳам набира катта қилса, таги паст бўлсада, одоби яхши келин билан муроса қилиб яшаса бўлади. Аммо арзимас сабаблар билан эр-хотин орасига низо солиш, жанжал кўтариш, хотинга азият етказиш Ислом шариатида маън этилган. Юқорида мазҳабимизда айб эркакда бўлсагина, ажрим учун қозига мурожаат қилиш жоизлиги билдик. Аммо кўп қайнона-қайноталар айб ўғилларида эканлигини билиб турсалар ҳам ҳамма айбни келиндан кўриб, оила негизига ўзлари билмаган ҳолда болта уриб қўядилар. Бунинг акси ўлароқ, эркак кишига ҳам баъзи асоссиз айбларни рўкач қилишади: “Ландовур...”, “Оилани боқолмайди...”, “Хотини талабларини қондиролмайди...”, “Бир иш қўлидан келмайди...”, “Ўзига тўқ деб ўйлабман, камбағал бўлиб чиқди...”, “Институтни тугатмаган...”, “Машинаси йўқ...”, “Касалманд...” каби иддаолар. Асосий эрга юкланадиган айб, маошининг кам бўлиши, катта-катта даромади йўқлиги. Лекин бойлик ва камбағаллик ҳам Аллоҳдан етадиган қазои қадардир. Айрим аёллар эрлари яхши топиб-тутганда чиройли муомала қиладилар, иши орқага кетганда, бирор мусибатга етганда ёлғиз ташлаб кетадилар. Халқимизда бежизга “Эр-хотин қўш ҳўкиз” дейилмаган.
Юртдошларимиз, хусусан, аёллар орасида агар эр хорижга ишлагани кетса ёки узоқ муддат қамоқда ўтирган бўлса, “Эр-хотин орасига талоқ тушади” деган “фатво” тарқаб кетган ва буни амалда қўллашмоқда ҳам. Ислом шариатига биноан эр қанча узоқ йўқ бўлиб кетсада, ораларига талоқ тушмайди, мазҳабимизга кўра, бу сабаб ила қози ораларини ажратмайди ҳам. Аммо, эр бедарак йўқолган, вафот этган дея ҳукм чиқарса, бундан мустасно. Зеро, Аллоҳ таоло эри бўла туриб, бошқа эрга тегиб кетишни, ҳали иддаси чиқмай туриб, бошқа бировга никоҳланиб олишни ҳаром ва бузуқ иш деб эълон қилган.
Аллоҳ таоло барчамизга чиройли ва Ўзи рози бўладиган турмуш кечиришни насиб айласин!
Ваҳба Зуҳайлининг “Ал-важиз фил фиқҳил исламий”
китоби асосида Тошкент Ислом институти
ўқитувчиси Фахриддин Муҳаммад Носир тайёрлади.
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ