Имом Бусирий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
У сифатию сурати мукаммал бўлган зот,
Инсонлар Холиқи ҳабиб айлаб танлаган зот.
Гўзаллигида шерикдан бўлди муназзаҳи,
Ундадир иккига бўлинмас гўзаллик жавҳари.
Қуртубий айтадилар: “Расулуллоҳнинг гўзалликлари биз инсонларга бутунлайича зоҳир бўлмаган. Агар мукаммал зоҳир бўлганида эди, кўзларимиз ул зотни кўришга тоқат қила олмас эди”.
Расулуллоҳ шаклу шамойиллари комиллиги, кўринишлари чиройлигига далолат қиладиган набавий ҳадислар ва ривоят қилинган асарлар[1] жуда ҳам кўп. Шу эътибордан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг шарафли баданларини (гўзалликда) улардан олдин ҳам кейин ҳам ўхшаши бўлмайдиган кўринишда қилиб қўйганига иймон келтириш пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлиқ иймон келтириш шарти ҳисобланади.
Шарафли юзлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзи энг чиройли киши эдилар[2], худди қуёш юзларида юргандек эди[3]. (Яъни, қуёш қандай ўз фалакида юрса, худди шундай гўзаллик ул зотнинг юзларида юрар эди).
Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мутоҳҳам (яъни, ўта семиз) ҳам мукалсам (яъни, ўта юмалоқ юзли) ҳам бўлмаганлар. Балки, юзларида бирозгина думалоқлик бор эди[4].
Оиша онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнинг бўлагидек чақнар эди”[5].
Абу Бакр Сиддиқ ва Каъб ибн Молик айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари худди ойнинг доирасидек эди”.
Абу Туфайлдан бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб беринг, деб сўрашганларида: “У зот оқ (тиниқ) рангли, юзлари чиройли киши эдилар. Агар хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнадек чақнар ва гўёки тўлин ой у зотнинг юзларида кўриниб тургандек бўлар эди[6]”.
Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ул зотнинг юзлари худди қуёш билан ойга ўхшарди. Юзлари доира шаклида эди[7]”.
Кўриб турганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаган саҳобалар бир овоздан у кишининг юзлари нурли, ёрқин ҳамда нур сочиб турувчи ёрқин зиё ва гўзаллик ила барқ уриб турувчи бўлганини таъкидламоқдалар.
Ҳасан ибн Алий тоғалари Ҳола ибн Абу Ҳоладан ривоят қилган ҳадисда шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўркам, юксак ҳурматли киши эдилар. Юзлари худди тўлин ой кечаси ойнинг чарақлаганидек порлаб турар эди[8]”.
Жобир ибн Самура ой ёришган кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб шундай деган эканлар: “Мен бир у зотга бир ойга қарай бошладим. Аниқ айта оламанки, у зот ойдан ҳам гўзалроқ эдилар[9]”.
Робиъ бинти Муъаввиздан бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб беринг, деб сўрашганида: “Эй ўғилларим, агар у зотни кўрганингизда эди, худди порлаб чиқаётган қуёшни кўргандек бўлардингиз”, деб жавоб берганлар[10].
Умму Маъбад ҳам набий алайҳиссаломни сифатлаб шундай деган экан: “Мен покиза, гўзал хулқли, юзи чиройли, хушрўй кишини кўрдим[11]”.
Ҳамадонлик бир аёл: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилганман”, деб айтганида: “У зотни бизга васфлаб беринг”, деб сўрашди. Аёл: “У зот худди тўлин ой кечасидаги ойга ўхшайдилар. Мен Расулуллоҳдан олдин ҳам кейин ҳам у зотга ўхшашини кўрмадим”, деб айтган[12].
Яноқлари
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли яноқларига келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яноқлари текис эди (яъни, дўппайиб ҳам турмаган, шишлик ҳам бўлмаган).
Кўзлари
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли кўзларини Аллоҳ таоло шундай сифатлайди:
مَا زَاغَ الْبَصَرُ وَمَا طَغَى (17)
“(Пaйғaмбaрнинг) кўзи (чeтгa) oғгaни ҳaм йўқ, ўз ҳaддидaн oшгaни ҳaм йўқ”.
Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кундузда қандай кўрсалар, зулматли қоронғу кечада шундай кўрардилар. Шунингдек, олд томонларини қандай кўрсалар, орқа томонларини ҳам худди шундай кўрар эдилар.
Ибн Абу Ҳоладан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ қарасалар, таналари билан бутунлай бурилиб қарар эдилар. Расулуллоҳ назарлари пастга қараган киши эдилар, (яъни, назарлари юқоридан кўра пастки томонга кўпроқ қарар эдилар). Қарашлари мулоҳазали эди[13]. (Яъни, фикр юритган кишидек, қарардилар).
Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий алайҳиссалом кўзлари катта-катта, узун киприкли ҳамда кўзлари қизилга мойилроқ (яъни, қизғишроқ) киши эдилар”[14].
Бошқа бир ривоятда: “Кўзлари тим қора эди”, дейилган[15]. Яна бир ривоятда эса: “Кўзларининг оқида бироз қизиллиги бор эди”, дейилган[16]. Кўзнинг оқида қизиллиги бор бўлиши арабларда мақталган, маҳбуб кўрилган эди.
Бошлари ва пешоналари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешоналари кенг эди. Бу борада келган ҳадисларнинг лафзлари турли бўлса-да, барчаси бир маънода келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлари (ўртачадан) каттароқ эди. Алий розияллоҳу анҳунинг бу борада ривоят қилган ҳадислари ҳам шу маънода.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қошлари узун, ёйсимон ва ингичка, бир-бирига бирлашиб ёпишмаган эди.
Бурунлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қирра бурунли[17] эдилар.
Муҳаммад
(соллаллоҳу алайҳи васаллам)
комил инсон
китобидан таржима
Баратов Ғиёсиддин
[1] Саҳобаларнинг ёки тобеинларнинг сўзлари.
[2] Икки шайх, яъни Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоятлари.
[3] Имом Термизийнинг Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоятлари
[4] Имом Термизий ривояти.
[5] Шамоил эгалари ривоят қилган.
[6] Имом Муслим ривояти.
[7] Имом Муслим ривояти.
[8] Имом Термизий ривояти.
[9] Имом Термизий ривояти. (Саҳиҳ).
[10] Имом Термизий ва Имом Байҳақий ривоятлари.
[11] Имом Байҳақий ва Имом Ҳоким ривоятлари, Имом Ҳоким саҳиҳ, деганлар.
[12] Термизий ривояти. (Шамоил китобларида).
[13] Имом Термизий ривояти (“Шамоил”да).
[14] Байҳақий ривояти.
[15] Имом Термизий ривояти.
[16] Имом Муслим ривояти.
[17] Қирра бурун - буруннинг юқори қисми сал кўтарилган, ўртасида озгина эгиклик бор, бурун суягининг ўртаси бўртиб чиққан ҳамда бурун тешиги тор бўлганидир.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби