Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Ноябр, 2026   |   30 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:44
Қуёш
07:05
Пешин
12:12
Аср
15:27
Шом
17:11
Хуфтон
18:27
Bismillah
10 Ноябр, 2026, 30 Жумадул аввал, 1448

05.04.2023   298   1 min.
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Дўст топган — хазина топар

09.11.2026   4226   6 min.
Дўст топган — хазина топар

Пойхтахтимиздаги муҳташам «Hilton Tashkent City» меҳмонхонаси икки кунга Ўзбекистон ва Россия ахборот маконининг бош мулоқот марказига айланди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ва Россиянинг «ТАСС» ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган III Ўзбекистон–Россия медиа форуми давлат идоралари масъуллари, етакчи медиахолдинглар, IT-сектор ҳамда креатив индустриядан 200 дан зиёд иштирокчини бир майдонга жамлади.

Форумнинг тантанали очилиш маросими ва ялпи мажлисида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғи – Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз маърузасида бугунги ахборот дунёсининг глобал чақириқлари, Ўзбекистон медиа майдонидаги туб янгиланишлар ва икки давлат профессионал ҳамжамияти олдида турган тўртта стратегик йўналишнинг моҳиятини очиб берди.

Ўзаро ишонч ва юксак мулоқот маҳсули

Шерзод Асадов ўз нутқининг аввалида мазкур форум шунчаки муҳокамалар майдони эмас, балки икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мустаҳкам стратегик шерикликнинг ёрқин кўриниши эканига урғу берди:
«Бугунги форумимиз мамлакатларимиз ўртасида юксак даражаги муносабатларнинг ифодасидир. Бу алоқалар негизида етакчиларимиз — Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Владимир Путиннинг дўстлиги ҳамда ўзаро ишончи мужассам. Айнан давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси, уларнинг доимий ва ишончли мулоқоти барча йўналишлардаги — иқтисодиёт ва энергетикадан тортиб, маданият, таълим ва, албатта, медиа соҳасигача — ҳамкорлигимизга фаол суръат бағишламоқда».
Ортга қайтмас ислоҳотлар
Президент матбуот котиби ахборот бугун шунчаки янгилик етказиш воситаси эмас, балки давлат тараққиёти, халқаро майдондаги ишонч ва глобал кун тартибини белгиловчи стратегик омилга айланганини таъкидлади. Маърузада сўнгги йилларда Ўзбекистон миллий медиа маконида амалга оширилган ислоҳотлар салмоқли рақамлар билан асослаб берилди:
Хусусий секторнинг ўсиши: Мамлакатда фаолият юритаётган қарийб 3 мингта (2 700 та) оммавий ахборот воситаларининг 67 фоизи хусусий капитал ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу миллий ахборот маконида эркинлаштириш жараёнлари ортга қайтмас тус олганидан далолат беради.
Китобхонлик маданиятининг тикланиши: Биргина жорий йилнинг ўзида нашриёт тармоғида ишлаб чиқариш ҳажми икки баробар ошди: 15 минг номдаги китоблар 60 миллион нусхадан ортиқ умумий ададда босиб чиқарилди. «Дунёда босма матнга бўлган ишонч сусайиб бораётган бир пайтда, Ўзбекистон одамларни китобга, мутолаа завқига ошно этиш йўлини танлади», — дея қайд этди Ш.Асадов.
Рақамли қамров ва блогосфера: Мамлакатда интернет қамрови 94 фоизга етди. 2017 йилда фаол контент истеъмолчилари сони 14,7 миллион кишини ташкил этган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 32,7 миллиондан ошди. Бу эса профессионал блогерлар жамоатчилиги шаклланишига ва уларнинг етакчи таҳририятлар билан тенг шароитда кун тартибини белгилашига имкон яратди.
Миллий медиабанк ва сифатли маҳсулот: Йил давомида Контент маркази томонидан тайёрланган 26 мингдан ортиқ медиамаҳсулот қарийб 2 миллиард марта томоша қилинди. Шунингдек, Марказий Осиёда илк бор юқори сифатли визуал контентни жамлаган Миллий медиабанк ишга туширилиб, мамлакат ҳақидаги ўн минглаб фото ва видеоматериаллар очиқ фойдаланиш учун тақдим этилди.
 

Дезинформация — умумий суверенитетга таҳдид

Шерзод Асадов сунъий интеллект ривожланиб, фейк ва дипфейклар ҳажми йил сайин икки баробарга ортиб бораётган бир вақтда ахборот манипуляциясига қарши туриш нафақат таҳририятлар, балки миллий хавфсизлик даражасидаги масалага айланганини алоҳида кўрсатиб ўтди:
«Ҳеч бир миллий медиа тизими бундай чақириққа қарши ёлғиз ўзи кураша олмайди. Шу нуқтаи назардан, тарқатилаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги ва уни жамоатчилик фикрини бошқариш йўлида суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик учун медианинг масъулияти беқиёсдир. Турли дезинформация ва ахборот ҳужумлари давлатларимиз ва халқларимиз ўртасида тушунмовчилик ҳамда ихтилоф пайдо бўлишига сабаб бўлмаслиги керак.

Сўз ихтилоф эмас, балки ўзаро англашув манбаи бўлиши лозим. Замонавий медианинг бирлаштирувчи миссияси айнан шунда — жамиятларимиз бир-бирини яхшироқ тушунишига ва дўстона ришталарни мустаҳкамлашга хизмат қилишдир».
Ҳамкорликнинг тўрт устувор йўналиши
Фёдор Достоевскийнинг машҳур сўзига ишора қилиб, «Ҳаракатдан тўхтаган ОАВда келажак бўлмайди, демак, бош вазифа — яратувчанлик ва ҳамкорликдадир», деган ғояни илгари сурган Шерзод Асадов Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги шерикликнинг 4 та устувор йўналиши бўйича аниқ таклифларни илгари сурди:
Тажриба ва кадрлар тайёрлаш: Россиянинг бой анъаналарга эга журналистика мактаби ҳамда Ўзбекистоннинг ривожланаётган жамият шароитида тезкор рақамли трансформация борасидаги ноёб тажрибасини бирлаштириш. Бу борада тизимли стажировкалар, қўшма журналистика мактаблари ва умумий таълим платформаларини яратиш таклиф қилинди.
Дезинформацияга қарши биргаликда курашиш: Ўзбекистонда бу борада махсус таълим платформаси йўлга қўйилиб, 11 минг ёш мутахассис ўқитилган. «Ёлғон ҳақиқатдан тезроқ тарқалаётган дунёда фактларни биргаликда ҳимоя қилиш — ахборот маконидаги умумий суверенитетимиз масаласидир», дея экспертлар салоҳиятини бирлаштириш ва ахборотни текширишнинг умумий стандартларини яратиш ташаббуси билдирилди.
Технологик шериклик: Рақамли платформалар, сунъий интеллект ва Big Data билан ишлашда қўшма ишланмалар яратиш. Бу икки давлатга глобал трендлар ортидан қувиш эмас, балки трендларни биргаликда белгилаш имконини беради.
Тўғридан-тўғри алоқалар: Келишувлар фақат реал, амалий муносабатлар мавжуд бўлгандагина самара беради. Таҳририятлар, журналистлар ва блогерлар ўртасидаги мунтазам алоқалар барқарор шерикликнинг муҳим мозаикаси бўлиб қолиши зарур.

Дўст топган — хазина топар

Президент матбуот котиби ўз нутқини улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг «Кимки дўст топса, хазина топибди» деган ҳикматли сўзлари билан якунлади.

Таъкидланганидек, Тошкентдаги ушбу форум иштирокчиларга ишончли ва истиқболли ҳамкорлар топиш, муштарак лойиҳаларни бошлаш ва халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик алоқаларини янги амалий мазмун билан бойитиш учун муҳим старт майдони бўлиб хизмат қилади.

Форум иши тўртта йирик панел сессияси, кибермаконда ахборот хавфсизлиги ва болаларни ҳимоя қилиш бўйича махсус семинар ҳамда B2B музокаралари билан давом этмоқда.

 

https://t.me/Rasmiy_axborot_official/19960

Дўст топган — хазина топар
Ўзбекистон янгиликлари