Қуръони каримнинг ёдланиши, тиловати ва тушунишнинг осон бўлиши ҳам Аллоҳ таоло томонидан бандаларига икром, раҳмат ва фазилатидир. Аллоҳ таоло «Қамар» сурасининг 17, 22, 32 ва 40-оятларида:
«Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, эслатма олувчи борми?!» дея марҳамат қилганидек, Қуръонни зикр учун осон қилиб қўймаганида, уни тўлиқ ёдлаш, ўрганиш тугул, битта ҳарфини ҳам ўқишга бирор кишининг қудрати етмас эди.
Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ «Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик» ояти «унинг қироатини енгил қилдик» деган маънони англатишини таъкидлаган. Суддий эса: «Агар Аллоҳ таоло одамзодга Қуръонни енгил қилмаганида, бирор киши Яратганнинг каломини гапира олмас эди», деган. Имом Қуртубий юқорида ўтган оят тафсирида: «Биз Қуръонни ёдлашга енгил қилдик ва уни ёдламоқчи бўлган кишига ёрдам берурмиз. Уни ёд олувчи киши борми? Унга ёрдам берилади»- деган.
Қуръони карим уни ёдлаш ва ўқишни одатий вазифа қилиб олган киши томонидан тез ва енгил ёдланиши, уни такрорлаш ва қайта ўқишга бепарво бўлган кишининг эса зеҳни ва хотирасидан тез унутилишида бошқа китоб ва (зикр, лафз)лардан буткул фарқ қилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
«Албатта, у азиз Китобдир», деган. (Фуссилат сураси, 41-оят).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Қуръон билан боғланиб туринглар. Нафсим Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, у (Қуръон) тушовида турган туядан ҳам кўра қочувчироқдир”-деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти.)
Яна бошқа бир ҳадисда Ибн Умар розияллоҳу анҳудан Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қуръон соҳиби тушовланган туя эгаси кабидир. Агар у билан боғланиб турса, ушлаб туради. Агар уни қўйиб юборса, қочиб кетади”, дедилар. (Муттафақун алайҳ).
Қуръони каримнинг мўъжизакорлиги қиёматгача давом этади. Унинг тез ёд олиниб, такрорлаб турмаса эсдан чиқиб қолиши ҳам ана ўша мўъжизалардан ҳисобланади. Бирор шеър ёки байтни ёдлаб кўрган инсон буни хис қилади. Уни ёдлаш учун анча мунча такрор қилади ва ёд олгандан сўнг эса уни ёддан кўтарилиши ҳам секин жорий бўлади.
Шунинг учун ёд олган сураларимизни доимий тарзда такрор қилиб туришимиз ва унинг ҳар бирига ўнтадан то етмиш баробаргача савобга сазовор бўлишга интилишимиз лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўз Каломига муҳаббатли инсонлардан қилсин. Омиин!
Жалолиддин Ҳамроқулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ