Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Январ, 2025   |   22 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:43
Пешин
12:40
Аср
15:46
Шом
17:30
Хуфтон
18:47
Bismillah
22 Январ, 2025, 22 Ражаб, 1446

Занжабилли чойнинг фойдалари

11.11.2016   57198   5 min.
Занжабилли чойнинг фойдалари

ЗАНЖАБИЛ (Zingiber officinale) - бир паллалилар синфига, занжабилдошлар оиласига мансуб, йўғон илдиз-пояли кўп йиллик ўт ўсимлик. Асосан, тропик ва субтропикларда тарқалган. Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиёда ўстирилади. 3анжабил ер ости танасининг ҳамма қисмида эфир мойи бор. Қуриган илдизи хушбўй ҳидли ва мазали бўлиб, эфир мойига бой. Майдаланмаган занжабилнинг хушбўй ҳиди майдаланганига нисбатан узоқ сакланади. Туйиб элакланган талқони табобатда жигар, юрак, меъда хасталигини даволашда ишлатилади (асал билан бирга чойнакка дамлаб ичилади). Озиқ-овқат саноатида кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва пазандачиликда баъзи овқатларга (пишиш олдидан) майдаланган ҳолда зиравор сифатида солиб ишлатилади.

«ЎзМЭдан»

Занжабил кишиларга зиравор ва шифобахш восита сифатида қадимдан маълум. Занжабил илдизи халқ табобатида бир неча минг йиллардан бери ишлатилиб келинади.

Шубҳасиз, занжабилнинг дунёдаги кўпчилик халқлар ўртасида маълуму-машҳурлиги унинг шифобахш хоссалари билан боғлиқ, бу эса, унинг касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволашда универсал табиий воситалигидандир.

Занжабилнинг шифобахш хусусиятлари кейинги бир неча ўн йилликларда замонавий мутахассислар томонидан фаол ўрганилмоқда. Таркибида бириктирувчи моддалар ва гингерол мавжудлиги унга ўзига хос ёқимли ҳид бериб туради, қатор фойдали хоссаларга эгалиги ҳам шундан келиб чиқади.

Бугунги кунда занжабил кўпгина табиий дори-дармонлар таркибига киритилиб, организмни турли иллатлардан ҳимоя қилишда ва бир қанча касалликларга қарши курашда кенг истеъмол қилинмоқда.

Мутахассислар занжабилли чойга бироз долчин қўшилса, унинг фаоллиги ва таъсирчанлиги ошишини таъкидлашмоқда.

Бундай чой бир бўлак занжабил илдизи ва долчиннинг кичик таёқчасидан қўшиб дамланади. Бу йўл билан дамланган чой бироз ўткир мазаси билан организм учун жуда фойдали бўлиб, уни мустаҳкамлайди.

Занжабилли чойни мунтазам ичиш унинг жуда кўп фойдали хоссалари сабабидан тавсия этилади:

Жигарни тозалаб, ундан заҳарли моддаларни чиқариб юборади

Жигарни ҳар йили бир-икки марта тозалаш зарур. Бу ҳаётий муҳим аъзо қонни фильтрлаб туради ва қон-томир тизимидан зарарли ва заҳарли моддаларни чиқариб юбориш учун хизмат қилади.

Занжабилли чой ичилганида ундаги занжабил ва долчин бирикмаси жигарни ҳимоялаб, тозалаб туради, бунинг натижасида у тозаланиб, енгил тортади ва ўз вазифасини фаол бажаришга ўтади.

Ўт пуфагини соғломлаштиради

Агар ўт пуфагингизда тош пайдо бўлган бўлса, бу чойдан мунтазам ичиб юринг, бу нафақат жигарингизни ҳимоялашда ёрдам қилади, балки шу билан бир қаторда ўт пуфагингизни ҳам соғломлаштиради.

Организмни ичдан қиздиради

Бундай қайноқ чой ичилганида қиздиради ва совуқдан ҳимоя қилади, шунинг учун уни совуқ ва нам ҳаволи кунларда ичиш айниқса ёқимли.

Занжабил организмни қиздирувчи таъсирга эга, ортиқча калорияга эга бўлган кераксиз энергияни чиқариб юборади, танада меъёрдаги ҳароратни сақлашга ёрдам беради.

Овқат ҳазм қилишни яхшилайди

Овқат ҳазм қилишда муаммоси бўлган кишилар ошқозон-ичак йўллари фаолиятини яхшилаш мақсадида бу чойдан ичишлари мумкин.

Бу чой баданни яхшигина қиздиради, ички аъзолардаги шамоллашларни олади, қорин дам бўлишидан ҳамда елдан халос этади.

Иммун тизимини мустаҳкамлайди

Занжабил айниқса калий, фосфор ва витамин С га бой, бу моддалар иммунитетни мустаҳкамлашда, грип ва шамоллаш вирусларига қарши курашда муҳим аҳамиятга эга.

Занжабилли чой

Бу табиий чойни тайёрлаш жуда осон, бунинг учун зарур маҳсулотларни топиш ҳам қулай, ҳар бир супермаркетдан сотиб олиш мумкин.

Бунинг учун: 1 бўлак занжабил илдизи (2 см атрофида), 1 бўлак долчин, яримта лимон меваси, 1 стакан сув (250 мл) керак бўлади.

Тайёрлаш йўли:

Аввал занжабил илдизини яхшилаб ювиб, сочиқ билан артилади.

Тайёрланган 1 стакан сувни қайнатиб, унга артилган занжабил ва долчин солинади. Паст оловда яна 10 минут қайнатилади. айнатиб, сочиқ билан артиладиулотларни топиш ҳам қулай, ҳар бир миятга эга.Қайнатмага яримта лимон шарбати қўшилади.

Қайнатмани докадан ўтказилади, бир неча минутдан сўнг тайёр бўлган чойни кунига икки-уч маҳал ичилади.

Занжабилли чойни ичиб бўлмайдиган ҳолатлар

Занжабил ва долчин ошқозонни кўп касалликлардан ҳимоя қилса ҳам, овқат ҳазм қилиш аъзоларида муаммоси бор кишиларга бундай чой ичиш тавсия этилмайди, чунки, занжабил ҳам, долчин ҳам кучли қўзғатувчи моддалардир.

Шунингдек, уни ичиш ҳомиладор аёлларга, болаларга ва кучли антикоагулянт дорилар қаторига кирувчи аспирин, варфарин, тиклопидин ёки гепарин каби дори-дармонлар ичиб юрувчи кишиларга тавсия этилмайди. Шубҳа туғилган ёки бундай чойни ичиш натижасида кўнгилсиз реакция берган ҳолларда даволовчи шифокор билан маслаҳатлашинг.

 

Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади

11 ноябрь 2016 йил

 

 

Табобат
Бошқа мақолалар

Имом Муслимдан ҳадис ривоят қилган ровийлар

20.01.2025   2526   4 min.
Имом Муслимдан ҳадис ривоят қилган ровийлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Али ибн Ҳасан ибн Абу Исо Ҳилолий (ёшлари имом Муслимдан катта)
2. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Фарро (шайхларидан). Аммо Фарродан «Саҳиҳ»ларида ҳадис ривоят қилмаганлар.
3. Ҳусайн ибн Муҳаммад Қаббоний
4. Абу Бакр Муҳаммад ибн Назр ибн Салама Жорудий
5. Али ибн Ҳусайн ибн Жунайд Розий
6. Солиҳ ибн Муҳаммад Жазара
7. Абу Исо Термизий («Жомеъи Термизий»да)
8. Аҳмад ибн Муборак Мустамлий
9. Қози Абдуллоҳ ибн Яҳё Сарахсий
10. Абу Саъид Ҳотим ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Киндий Бухорий
11. Иброҳим ибн Исҳоқ Сайрафий
12. Сабоқдош дўстлари Иброҳим ибн Абу Толиб
13. Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Ҳамза
14. Фақиҳ Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Суфён («Саҳиҳи Муслим»нинг ровийларидан)
15. Абу Амр Аҳмад ибн Наср Хаффоф
16. Закариё ибн Довуд Хаффоф
17. Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Абдусалом Хаффоф
18. Ҳофиз Абу Али Абдуллоҳ ибн Маҳаммад ибн Али Балхий
19. Абдурраҳмон ибн Абу Ҳотим
20. Али ибн Исмоил Саффор
21. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Ҳамдун Аъмаший
22. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Шарқий
23. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Али ибн Ҳаснавайҳ Муқрий (заиф ровийлардан)
24. Ҳофиз Аҳмад ибн Салама
25. Саъид ибн Амр Барзаъий
26. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Шарқий
27. Фазл ибн Муҳаммад Балхий
28. Абу Бакр ибн Хузайма
29. Абул Аббос Саррож
30. Муҳаммад ибн Абд ибн Ҳумайд
31. Муҳаммад ибн Махлад Аттор
32. Маккий ибн Абдон
33. Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъид
34. Ҳофиз Абу Авона
35. Ҳофиз Наср ибн Аҳмад ибн Наср.

Абу Амр Мустамлий айтганлар: «Бизга Исҳоқ Кавсаж 251 йилда ҳадис ёздирдилар. Муслим танлаб ёзардилар, мен эса айтганларини ёзардим ва давом этаверишларини сўрардим. Шунда Исҳоқ Кавсаж Муслимга: «Сиз мусулмонлар орасида экансиз, яхшилик доим биз билан бирга», – дедилар».

Термизий «Жомеъ»ларида имом Муслимдан биттагина ҳадис ривоят қилганлар («Рамазон бошланишини билиш учун шаъбонда ойни кузатинглар»).[1]

Абул Қосим ибн Асокирга Абу Наср Юнортий шундай деганлар: «Менга Солиҳ ибн Абу Солиҳ дарахт пўстлоғига ёзилган бир варақни бердилар. Унда имом Муслим дастхатлари билан Валид ибн Муслимдан эшитиб ёзиб олган ҳадислар битилган экан».

Бу санади узилган, ишончиз маълумот.

Аҳмад ибн Салама айтганлар: «Абу Зуръа ва Абу Ҳотимнинг саҳиҳ ҳадисларни билишда имом Муслимни замоналарининг шайхларидан устун қўйишларини кўрдим. Ҳусайн ибн Мансурдан эшитишимча, у киши Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг имом Муслим тўғриларида гапира туриб, форсча бир сўз айтганларини эшитганлар. Унинг маъноси – шу қадар улуғ инсон бўлар экан-да?!».

Аҳмад ибн Салама айтганлар: «Муслим бир илм мажлисига таклиф этилдилар. Унда бу киши билмайдиган бир ҳадис зикр қилинди. Уйларига бориб, чироқни ёқдилар-да, оила аҳлига: «Ҳузуримга ҳеч ким кирмасин», – дедилар. Бир пайт: «Бизга бир сават хурмо ҳадя қилинди», – дейишди. «Олиб киринглар», – дедилар. Хурмони киритишди. Тонг отгунча ундан битта-биттадан олиб, ўша ҳадисни қидиришга тушдилар. Хурмо ҳам тугади, ҳадис ҳам топилди».

Бу воқеани Абу Абдуллоҳ Ҳоким ҳам ривоят қилиб: «Ишончли дўстларимиздан бирининг айтишича, ўшандан кейин имом Муслим вафот этибдилар», – деганлар.

«Машҳур даҳолар сийрати» китобидан

[1] 687-ҳадис.