Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Июл, 2026   |   16 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:54
Пешин
12:29
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:45
Bismillah
01 Июл, 2026, 16 Муҳаррам, 1448

Ажойиб воқеа...

07.11.2016   8544   2 min.
Ажойиб воқеа...

Бир дугонам айтиб берганди:

Қўшнисини онаси бетоб бўлиб шифохонага тушиб қолибди. Шифокорлар онахонга қўлларидан келган биринчи тиббий кўмакни беришибди. Аммо онанинг дарди енгиллашиш ўрнига оғирлашиб кетибди.  Кунларининг бирида шифокор беморнинг ахволи ёмонлашгани ҳақидаги хабарни бемор фарзандига етказишни шифохона ходимларга буюрибди. Шифохонадан ўғлига телефон орқали хабар етказилибди. Шунда, фарзанд шошган ҳолатда шифохонага - онасининг ҳузурига отланибди. Аксига олиб авто уловининг ёқилғиси кам экани, манзилгача етиб бормаслигини билган фарзанд ёқилғи олиш учун ёқилғи қуйиш шаҳобчасига кирибди. Шу пайт бир четда мушук болалагани, ҳали хатто болачалари юра олмаётганига кўзи тушиб, шаҳобча ходимидан: “Бу кимнинг мушуклари?”, деб сўрабди. Ходим: “Эгаси йўқ”, - дея жавоб қилибди. Шунда бола ҳаёл қилиб, эгаси бўлмаса, мушукни бир неча боласи хали юра олмаса, қандай овқатланади, деб ёнидаги дўкондан консерва сотиб олиб, уни очиб мушук болаларига тақдим қилибди. Ва шошилиб турганлиги боис, шифохонага тезда равона бўлибди.

Бориб онаси ётган жонлантириш хонасига кирса онаси жойида йўқ эди. Фарзанд бир оз ўйга чўмди. Кеч қолдим деб ўзини койий бошлади. Шу пайт ҳамшира ўтиб қолди. Саросимага тушган фарзанд: “Кечирасиз шу хонада онам бемор холда оғир ётгандилар”, - деб ийманиб сўради. Ҳамшира она бир оз яхши бўлганлиги учун бошқа хонага олинганлигини айтиб, хонани кўрсатди. Фарзанд хонага кириб онаизорини анча тетиклашиб, бемалол ётган холида кўрди ва хурсандчилиги ичига сиғмай: “Ассалому алайкум, Онажон! Аллоҳ сизга шифо берсин! Нима мўъжиза рўй берди?” деб сўради. Она: “Болам! Аҳволим жуда оғир, ҳушсиз бир ахволда ётган эдим. Бирданига бир мушук ва болачалари пайдо бўлиб, қўлларини кўтариб, Аллоҳ таолога шифо сўраб дуо қила бошлади. Шунда бирданига ўзимда дармон ва қувватни ҳис қилдим. Аҳволимни текширувдан ўтказган шифокорлар ҳам кўзларига ишонмай, ҳайрон қолишди ва мени оддий хонага ўтказишди ...”,-деб жавоб берди.

Ажабо! Буюк Аллоҳнинг карами кенгдир. Раҳматининг чек-чегараси йўқ. Ўзи хоҳласа, бир дафъада балоларни кўтаради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беморларингизни садақа бериб даволанглар!” - деб марҳамат қилганлар. Бир жонзотга раҳм қилинганга берилган садақа мукофоти шудир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яримта ҳурмо бериб бўлса ҳам, оловдан сақланинглар” - деб бизларга меҳрибончилик кўрсатганлар.

Яхшиликларимизни бир-биримиздан дариғ тутмайлик!

 

Ҳайдарова Мунибахон

Ҳадичаи Кубро аёл қизлар ислом билим юрти

2-курс толибаси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Эй ёшлар, сизлар нақадар бахтлисиз!

30.06.2026   2699   5 min.
Эй ёшлар, сизлар нақадар бахтлисиз!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бугун – Ёшлар куни.

Аввало, шуни айтмоқчиман: Эй ёшлар, сизлар нақадар бахтлисиз!

Сизлар илм олиш учун эшиклари очиқ бўлган юртда яшаяпсиз. Илм олишни истасангиз, касб-ҳунар ўрганишни истасангиз ҳам, олий таълим олишни истасангиз ҳам имкониятлар бор. Ота-онангиз тинч осмон остида сизнинг камолингизни орзу қилиб яшаяпти.

Бу неъматларнинг қадрига етинг.

Ҳар бир неъматнинг шукри бўлади. Ёшлигингизнинг шукри – уни Аллоҳ рози бўладиган йўлда сарфлашдир.

Аллоҳ таоло айтади: Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз (Бақара сураси, 152-оят).


Азиз ёшлар!

Бугун дунё сиз учун курашмоқда. Аммо бу кураш қурол билан эмас, қалбингиз учун курашдир.

Бир томонда муаллим устозларингиз чақиради.

Иккинчи томонда нафс чақиради.

Бир томонда ота-онанинг дуоси.

Иккинчи томонда интернетдаги номаълум одамларнинг чақириқлари.

Бир томонда юртимиз уламолари.

Иккинчи томонда ўзини “ҳақиқат тарафдори” деб кўрсатадиган, аммо аслида ёшларни фитна, ғазаб ва адоват сари етаклайдиган бузғунчи оқимлар.

Улар сизга: “Фақат биз ҳақмиз”, дейди.

Аммо уларнинг ортидан борган қанча ёшлар ота-онасидан, илмидан, юртидан айрилди, энг ачинарлиси эса, хотиржамлигини ҳам йўқотди. Улар бахт излаб чиқиб, бахтини йўқотди.


Ислом эса, инсонни ота-онасига меҳрибон, юртига фойдали, илмга ташна, одобли ва раҳмли бўлишга чақиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Икки неъмат борки, одамларнинг кўпи уларнинг қадрига етмайди: соғлиқ ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).

Ёшлик ҳам мана шу икки неъматнинг энг гўзал давридир.

Бугун телефонингизда биргина тугма билан дунёнинг ҳар хил фикрлари кириб келади.

Аммо унутманг...

Ҳар кўп кузатиладиган одам ҳақ бўлавермайди.

Ҳар чиройли гап жаннатга олиб бормайди.

Баъзан энг хавфли заҳар энг ширин идишда бўлади.

Шайтон ҳам ҳеч қачон инсонни: Кел, гуноҳ қил”, деб бошламайди. Аввал: Фақат битта видео кўр”, дейди. Кейин: Фақат битта шубҳали саҳифани ўқиб кўр, дейди. Сўнг эса қалб аста-секин нурини йўқота бошлайди.

Бугун сен кимни тинглаётганинг – эртага ким бўлишингни белгилайди.

Ким билан юрганинг – қаерга боришингни белгилайди.

Нимани кўраётганинг – қалбинг қандай бўлишини белгилайди.

Шунинг учун уламоларга маҳкам ёпишинг.

Диёрингиз уламоларига яқин бўлинг.

Жонажон ватанингизни дўст тутинг.

Илм-ҳунарни ҳаётингизнинг энг гўзал лаҳзасига айлантиринг.

Ота-онангизнинг розилигини йўқотманг.

Чунки ота-онанинг биргина дуоси баъзан инсонни дунё ва охират саодатига олиб боради.

Азиз ёшлар!

Ёшлик – ўтиб кетадиган фасл.

Бугун кучли оёқлар бир кун қарийди.

Бугун ўткир кўзлар бир кун хиралашади.

Бугун тез югураётган юрак ҳам бир кун тўхтайди.

Аммо ёшлигингизда ватанингизга қилган бир фидоийлик, бир садақа, бир илм, бир яхшилик Қиёмат кунигача сиз билан қолади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганлар: Қиёмат куни банда беш нарсадан сўралади. Улардан бири Ёшлигини нимага сарфладинг?”.

Шундай экан, бугун жавобини тайёрлайлик.

Эй ёшлар!

Сиз бу юртнинг умидисиз.

Ота-онангизнинг қувончисиз.

Устозларингизнинг мевасисиз.

Умматнинг эртанги кунисиз.

Шундай экан, ҳеч ким сизнинг пок қалбингизни ўғирламасин.

Ҳеч ким сизни илм йўлидан чалғитмасин.

Ҳеч ким сизни фитнага бошламасин.

Илм билан юксалинг.

Одоб билан безанинг.

Шундай ёш бўлингки, сизни кўрган ота-она: Аллоҳим, Ўзинга шукур, фарзандимдан розиман Сен ҳам рози бўлгин, деб дуо қилсин.

Аллоҳ таоло барча ёшларимизни иймони мустаҳкам, илми зиёда, одоби гўзал, ота-онасига садоқатли, Ватанига фойдали ва умматга хизмат қиладиган солиҳ инсонлардан айласин.

 

Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой туманиРаҳимжон ҳожи отажоме масжиди имом ноиби

Мақолалар