Саудия Арабистони оммавий ахборот воситалари тарихий масжидлар Масжидун Набавий ва Қубо масжидини ривожлантириш лойиҳаси тафсилотларини эълон қилди, деб ёзади “ИҚНA” сайти “Алявма 7”га таяниб хабар берди.
“Нигоҳ-2030” лойиҳасига мувофиқ, Пайғамбаримиз масжидида намоз ўқиш имкониятини кенгайтириш мақсадида Саудия Aрабистони расмийлари икки миллион намозхонни жойлаштириш режасини илгари сурмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида Қубо масжиди ва унинг атрофидаги ҳудудларда ҳам бунёдкорлик ишлари олиб борилади.
Лойиҳада Қубо масжиди (Ислом тарихида қурилган биринчи масжид) ва унинг атрофидаги майдони 50 000 квадрат метрга, яъни ҳозирги майдонидан 10 баравар кўп, сиғими эса 66 000 намозхонга етказилади. Ушбу масжид ҳижрийнинг биринчи йилида ташкил этилганидан бери энг йирик ободонлаштириш лойиҳасига айланади.
Шу билан бирга, Aл-Ҳарамайн ёки Икки муқаддас поездлар бошқармаси раҳбарияти Рамазон ойида Макка ва Мадина шаҳарлари ўртасидаги рейслар сонини Каъба зиёратчилари бемалол ҳаракатланиши учун 100 та рейсга етказганини маълум қилди.
ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати