Истиқлол туфайли юртимизда барча соҳалар тараққиётига алоҳида эътибор берилди. Қайси жабҳага боқманг, ижобий янгиланишлар, улкан ўзгаришларнинг самараларини кўрамиз. Шулар қаторида диний соҳага ҳам мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ жуда катта эътибор қаратиб келинмоқда. Бунинг биргина мисоли тариқасида Бош Қомусимиз бўлган Конституциямизда ҳам ўз аксини топган, бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И. Каримовнинг Фармойишларига биноан мана неча йилдан буён Қурбон ва Рамазон ҳайит байрамларини ва энг асосийси бўлган ота-боболаримизнинг азалий орзусига айланган муборак ҳаж зиёратини ҳам эмин-эркинликда адо этиб келмоқда. Буларнинг барчаси мустақилликнинг бизга берган улкан имконияти ва Аллоҳ таолонинг бизга берган инояти деб биламиз.
Шу асосда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2016 йил тўртинчи чоракка мўлжалланган иш режасига мувофиқ, жорий йилнинг 29 октябрь куни “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари орасида «Диний соҳада мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни ёритиб берувчи “Қувноқлар ва зукколар” (КВН)» мусобақаси ўтказилди.
Танловни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Шамсуддин Баҳоуддинов кириш сўзи билан очиб берди ва танлов иштирокчиларига омад тилади.
Танловда билим юрти 1-курс талабаларининг “Ниҳол” жамоаси, 2-курс талабаларининг “Йигитлар”, 3-курс талабаларининг “Қувноқ талабалар” жамоаси ва 4-курс талабаларининг “Беруний авлодлари” жамоалари иштирок этишди.Улар тўртта шарт бўйича ўзаро беллашдилар.
Танловда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтидан келган билим юрти ўқитувчилари ҳамда маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудир ўринбосари, билим юрти ўқитувчиларидан иборат беш киши танловга ҳакамлик қилди.
Биринчи шартда таништирув (саломнома) шарти бўлиб, жамоалар ўзлари жамоа номи, унга берилган таъриф ва жамоа аъзолари ҳақида қисқа маълумот бериб ўтдилар. Қўшимча слайд ҳамда видеоролик ишларидан фойдаланилди.
Иккинчи шарт “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китоби асосида тайёрланган тезкор савол-жавоб ўтказилди.
Учинчи шартда жамоалар мустақиллик йилларида диний соҳадаги ютуқларни ёритиб берувчи баннерлар, фото-видеослайд, плакатлар, шеърият олами, маърузалар билан иштирок этишди.
Тўртинчи шартда жамоалар уйга вазифа қилиб берилган “Диннинг ёшлар турмушидаги тутган ўрни” мавзуси орқали ажойиб саҳна кўринишларини иштирокчиларга ҳавола этишди.
Қизғин ва муросасиз кечган беллашув натижаларига кўра, биринчи даражали диплом билан 2-курс талабаларининг “Йигитлар” жамоаси, иккинчи даражали диплом билан 1-курс талабаларининг “Ниҳол” жамоаси, учинчи даражали диплом билан 3-курс талабаларининг “Қувноқ талабалар” жамоаси ва “Энг фаол иштирок этган жамоа” йўналиши бўйича 4-курс талабаларининг “Беруний авлодлари” жамоаси тақдирландилар. Шунингдек, иштирокчиларга билим юрти томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.





САЛАМАТ КУДАЙБЕРГЕНОВ,
“Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний”
ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган бир гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар.
Мулоқот давомида имомлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, устоздан хайрли дуо олиш ниятида келганлар, ўзлари ёзган китобларини тақдим этганлар ҳам бўлди. Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга эса белгиланган тартибда тегишли кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва кўрсатилган эътибордан мамнун бўлган фуқаролар миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш, унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
«Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Эслатиб ўтамиз, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати