“Афв” калимасининг луғавий маъноси- “кечирмоқ”, “тузатмоқ”, “ўчирмоқ”, “даволамоқ”, “озод қилмоқ”, “қутқармоқ”, “афв этмоқ”- деган маъноларни ифодалайди. Уламолар наздида эса, “ уқубат ва зарар етказишга қодир бўлатуриб, уни тарк қилиш”, авф дейилади.
Араб тилида “сафаҳ” калимаси “афв” сўзнинг маънодоши бўлиб, уни маънолари- “гуноҳидан ўтмоқ””, “узрини қабул қилмоқ” ва “олийжаноблик” каби маъноларда келади. Иккисини маънолари бир-бирига синоним бўлсада, “сафаҳ” калимаси маъно жиҳатидан кенг қамровли ҳисобланади.
Афв қилиш ўзаро дўстлар орасида бўлса, муҳаббатни зиёда қилади. Аразлашганлар ўртасида бўлса, улфат ва бир-бирларини яқинлаштиради. Душман ва макрли кишиларга қилинса, ёмонликларидан омонда бўлиб, мушкилларни осон, тугун бўлиб турган ишларни ечилишига сабаб бўлади. Бундан бошқа унда яна жуда ҳам кўплаб фойда ва манфаатлар мужассамдир. Иншааллоҳ.
Афв гўзал ва мақталган ахлоқлардан бўлиб, Аллоҳ таоло пайғамбари ва мўмин-мусулмон бандаларига шу сифат билан зийнатланишликка амр этган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ
Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг! (Аъроф сураси, 199 оят).
Оятдаги “афв” сўзининг тафсири – бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш деганлар. Шу оят нозил бўлгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Ул зот жумладан: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқдаки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” – деган эканлар (Табарий тафсиридан).
Бошқа ояти каримада:
...وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ...
...Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг... (Оли Имрон сураси, 159 оят).
Яна бошқа оятда эса,
فَاصْفَحْ عَنْهُمْ وَقُلْ سَلَامٌ فَسَوْفَ يَعْلَمُونَ
Бас, (Эй, Муҳаммад!) Улардан юз ўгиринг ва “Саломатлик бўлсин” денг! Бас, улар яқинда (ҳақиқатни) билиб олажаклар. (Зуҳруф сураси, 89-оят).
Ойша онамиз тўғрисида бўҳтон тўқиганларга қўшилиб кетганлардан бири Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг холаваччаси Мустаҳ ибн Асаса розияллоҳу анҳу эди. У Бадр жангида қатнашган бўлиб, ўзи мискинликда яшарди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу унинг бу ишидан кейин зинҳор моддий ёрдам бермасликка қасам ичади. Шунда куйдаги оят Абу Бакр розияллоҳу анҳу хусусида нозил бўлади:
وَلَا يَأْتَلِ أُولُو الْفَضْلِ مِنْكُمْ وَالسَّعَةِ أَنْ يُؤْتُوا أُولِي الْقُرْبَى وَالْمَسَاكِينَ وَالْمُهَاجِرِينَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلْيَعْفُوا وَلْيَصْفَحُوا أَلَا تُحِبُّونَ أَنْ يَغْفِرَ اللَّهُ لَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ
Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир (Нур сураси, 22 оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Уяйна ибн Ҳиср деган киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурларига кириб: “Эй, Хаттобнинг ўғли! Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтаманки, бундан кўпроқ бермайсанми, сен бизнинг ўртамизда адолат билан ҳукм чиқармаяпсан”-деди. Шунда, Умарнинг ғазаби чиқди, ҳатто энди бир кор-хол бўлади, деб атрофдагилар қайғуга тушиб қолишди. Шу пайт бир киши: Эй, амирал мўминин! Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига
خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ
Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг! (Аъроф сураси, 199 оят) –деб буюрмаганмиди, бу ўша жоҳил одамлардан экан” -деди. Умар розияллоҳу анҳу Қуръон ояти тиловатини эшитиши биланоқ, ғазаб отидан тушди, ҳамда Аллоҳнинг китобига мувофиқ иш тутди (Бухорий ривояти).
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Ўч олишга ҳақли бўлатуриб, кечириб юборган киши учун, Мен жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафилман”-деганлар (Абу Довуд ривояти).
فَاصْفَحِ الصَّفْحَ الْجَمِيلَ...
Бас, (шундай экан, жоҳилларнинг азиятларига сабр қилинг ва уларни) чиройли юз ўгириш билан тарк этинг! (Ҳижр сураси, 85-оят).
Бу улуғ олийжаноблик сифатига эга бўлган киши бу дунёда инсонларнинг меҳр-муҳаббатига, олқишига, мақтовига сабаб бўлса, ўзига улардан келиши мумкин бўлган ёмонликларидан саломат бўлади, охиратда жаннат дея сифатланган улуғ неъматга эга бўлиш ва бутун оламлар Раббиси бўлган Буюк Аллоҳнинг розилигига эришади.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчисининг тақдимномасига мувофиқ инсонпарварлик тамойилига амал қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарори эълон қилиниши юқорида зикр қилинган улуғ олийжаноблик, инсонпарварлик ишлардан бири сифатида халқимиз жуда хурсандчилик ва мамнуният ила қарши олди.
Аллоҳ таолодан алоҳида таъкидлаб, дуо қилиб сўраладиган фазилатлардан бири ҳам афвдир. Ойша розияллоҳу анҳо онамиз жанобимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Эй, Аллоҳнинг Росули! Агар мен рамазон ойининг қадр кечасини топсам, Аллоҳдан нимани сўрай?-дедилар. Он ҳазрат: “Аллоҳумма иннака Афввун Каримун туҳиббул афва фафуанний” (яъни, Парвардигоро, Сен Афв (шафқатли, раҳмли, кечиримли), Карим (илтифотли, олийжаноб, марҳаматли) Зотсан. Кечиришни яхши кўрасан. Мени гуноҳларимни кечиргин)-деб дуо қилгин дедилар (Бухорий ривояти).
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, муқаддас динимиз таълимотлари, асрлар оша сайқалланган миллий анъаналаримиздан бири бўлган афв фазилати айнан Яратганнинг каломи бўлмиш Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида алоҳида қайд этилган ва улуғланган. Аллоҳ таоло ҳаётимизга авф қилиш фазилати ва одобини тадбиқ қилишга муваффақ қилсин!
ЖАЛОЛИДДИН Ҳамроқулов
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
“Новза” жоме масжиди имом хатиби
Ҳиндистон Республикаси Мудофаа вазирлиги котибияти бошлиғи, генерал Динеш Кумар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Марказ билан танишув давомида меҳмон, айниқса, Усмон Мусҳафини кўриб чуқур таассурот олганини таъкидлаб, уни бу ердаги энг ноёб ва унутилмас ёдгорликлардан бири, дея эътироф этди.
Ташриф чоғида генерал Динеш Кумар музейнинг бой экспозициялари билан батафсил танишди. У исломгача бўлган давр цивилизацияси, Ислом цивилизациясининг тараққиёт босқичлари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига бағишланган галереялар, буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси, нодир қўлёзмалар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозицияларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди.
Меҳмон экспозициялар тарихий меросни замонавий музейшунослик ечимлари орқали жонли ва таъсирчан тарзда намоён этаётганини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, ҳар бир галерея ўзаро узвий боғланган бўлиб, ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон ва бутун минтақа цивилизацияси тарихини яхлит ҳолда англаш имконини беради.
Генерал Динеш Кумар бундай деди:
➖ Бу ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли маскан. Делегациям билан биргаликда бу ерга келиб, катта таассуротлар олдик. Марказнинг меъморий қиёфаси, экспозицияларнинг юксак савияда ташкил этилгани ҳамда исломгача бўлган даврдан тортиб бугунги кунгача бўлган тарихнинг изчил ва таъсирчан тарзда ёритилгани мени чуқур ҳайратга солди. Айниқса, замонавий технологиялар ёрдамида тарихни жонлантириш усули таҳсинга сазовор. Бу ерда ҳар бир экспозиция ўтмишни нафақат кўриш, балки уни чуқур ҳис қилиш имконини ҳам беради.
Бизга намойиш этилган Усмон Мусҳафи сўз билан таърифлаб бўлмайдиган даражада ноёб мерос экан. Бу мен учун энг таъсирли экспонат бўлди ва уни умрим давомида эслаб юраман.
Ўзбекистонга келадиган ҳар бир сайёҳ ушбу масканни албатта кўриши керак. Биз Ҳиндистонга қайтгач, дўстларимиз ва ҳамкасбларимизга ҳам бу ерга ташриф буюришни тавсия қиламиз.
Ташриф якунида генерал Динеш Кумар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мамлакатнинг кўп асрлик тарихий ва маънавий меросини замонавий технологиялар билан уйғун ҳолда намоён этаётган, халқаро аҳамиятга эга илмий-маърифий маскан эканини алоҳида таъкидлади.
iccu.uz