Ота-онага яхшилик қилиш борасида биз мусулмонларга яқин келадиган халқнинг ўзи йўқ, десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Чунки ота-онага яхшилик қилиш динимиз таълимотида бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи энг афзал амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир неча оятларда Ўзига ибодат қилишга буюриш билан бирга ота-онага яхшилик қилишга буюрган. Уларга қилинадиган хизматни ибодат даражасига кўтарган.
Ҳа, ота-онасига итоат қилаётган фарзанд, аслида Аллоҳга итоат қилаётган, У Зотнинг буйруғини бажараётган бўлади. Зеро ота-она фарзанд учун Аллоҳ таолонинг васийятидир. У Зот Қуръони карим оятларида уларга яхшилик қилишга буюраркан айнан васият сийғаси билан амр этган. Васият билан амрнинг ўртасида фарқ бор. Амр бир ишни қилишга буйруқ, васият эса буйруқни ўта муҳим ва таъкидли экани ва уни эсдан чиқариш мумкин эмаслигини ҳам ифода қилади. Шунингдек ота-онага итоатсизлик ҳам Аллоҳ таолога итоатсизлик, У Зотнинг буйруғига бўйсунмасликдир.
Шундай экан ота-онага хизмат ва итоат қилиш бош устига. Лекин ҳар бир нарсанинг чегараси бўлганидек ота-онага итоат қилишнинг ҳам чегараси бор. Аллоҳ таоло айтади:
وَإِن جَٰهَدَاكَ عَلَىٰٓ أَن تُشۡرِكَ بِي مَا لَيۡسَلَكَ بِهِۦ عِلۡمٞ فَلَا تُطِعۡهُمَاۖ وَصَاحِبۡهُمَا فِي ٱلدُّنۡيَا مَعۡرُوفٗاۖ وَٱتَّبِعۡ سَبِيلَ مَنۡ أَنَابَ إِلَيَّۚ ثُمَّ إِلَيَّ مَرۡجِعُكُمۡ فَأُنَبِّئُكُمبِمَا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ (سورة لقمان-15)
“Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга мажбурласалар, бас, уларга итоат қилма! Ва уларга дунёда яхшилик қил. Менга инобат қилганнинг йўлига эргаш. Сўнг, қайтишингиз фақат Менинг ҳузуримгадир. Мен сизга нима амал қилганингизнинг хабарини берурман” (Луқмон 15).
Ушбу оятда зикр қилингани ота-она фарзандни ширк ёки куфрга буюришса, уларга ана шу ишда итоат қилмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳаққи уларнинг ҳақларидан устун ҳисобланади. У Зотга куфр ва гуноҳ бўладиган ишларда итоат қилмайди. Ҳадиси шарифда ҳам:
عَنْ عَلِىٍّ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلملاَ طَاعَةَ لأَحَدٍ في مَعْصِيَةِ الله إِنَّمَا الطَّاعَةُ في المَعْرُوفِ رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Али (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишда ҳеч кимга итоат йўқдир! Албатта, итоат қилиш маъруф-яхшилик ишдадир” дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Демак гуноҳга буюрган ким бўлса ҳам унга итоат қилиш йўқ. Ота-онага ҳам фақат савобли яхши ишларда итоат қилинади. Яна бошқа ҳадисда:
عن عمران بن حصينرَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلملاَ طَاعَةَ لِمَخْلُوقٍ في مَعْصِيَةِ الخَالِقِ رَوَاهُ أحمد
Имрон ибн Ҳусойн (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Холиққа гуноҳ бўладиган ишда махлуққа итоат йўқдир” дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти).
У махлуқ ким бўлишидан қатъий назар Холиқ Зотнинг ҳаққини поймол қилишни талаб қилса, унга итоат қилинмайди. Лекин фарзанд ота-онасига яхшилик қилишда давом этаверади. Итоат қилмайди дегани айрим адашган тоифалар айтганидек, улардан воз кечиш дегани эмас. Зеро ота-она ўзлари мушрик, кофир ва динсиз бўлсалар ҳам фарзандаги ҳақлари соқит бўлмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам ширк ва куфрда уларга итоат қилишдан қайтариб туриб: “Ва уларга дунёда яхшилик қил” деди. Яъни фарзандлик бурчингни адо қилишда давом этавер. Уларга яхшилик қил.
Шунингдек ширк ва куфрдан бошқа гуноҳга буюришса ҳам итоат қилмайди. Масалан, “ароқ олиб кел”, “ароқ қуйиб бер” ёки “сен ҳам ароқ ич” деса, ёки “намоз ўқима, ўқисанг, оқ қилдим”, “рўза тутма”, деса ҳам итоат қилмайди.
Ёки ҳозирги кундаги баъзи адашган оқимларга қўшилишни, агар қўшилмаса оқ қилишини айтса ёки сен ҳам “Ироқ ва Сурияга “жиҳод”га бор”, деб талаб қилса, ўғил унга итоат қилмай бормаса ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди. Балки гумроҳ отасини ҳам гуноҳдан сақлаб қолган бўлади.
Ёки ҳозирги кунда тез-тез қулоққа чалиниб турган ана шундай нотўғри ишлардан бири, айрим ота-оналар ўғилларидан қаттиқ талаб қилиб: “Хотинингни талоқ қил! Бўлмасам оқ қиламан” ёки “Ё бизни де, ё хотинингни де! Ажрашмасанг розимасман. Берган оқ сутим ҳаром бўлсин” каби қаттиқ-қуруқ гапларни гапириб, фарзандларини нозик жойидан тутиб, боши берк кўчага тиқиб қўядилар. Бечора ўғил нима қиларини билмай қолади. Баъзилари эса ўзлари ҳохламасалар ҳам ота-оналарининг бундай қалтис гапларидан қўрқиб талоқ қилганлари ҳам бор. Натижада эса бир оила бузилиб кетяпти. Ўртада икки-уч бегуноҳ болачалар тирик етим бўлиб, сарсону саргардон бўлиб, тарбиялари ҳам зое бўлмоқда. Ана шундай пайтларда кўпни кўрган ёши бир жойга бориб қолган оталар ҳам илгариги оқил, пурмаъно сўзли оталаримиздан фарқли ўлароқ оналарнинг тегирмонига сув қуйиб, ишни яна ҳам катталаштирмоқдалар. Яқин кунларда бўлган бир воқеада она келини билан келишолмай ўғлидан хотинини талоқ қилишини қаттиқ талаб қилиб туриб oлади. Чорасиз қолган ўғил онасининг риоясини қилиб, кейин ярашиб олиш ниятида: “талоқ қилдим” дейди. Бу воқеанинг гувоҳи бўлиб турган ота эса, эшитган-билганларига таяниб: “Ўғлинг талоқ деб қутилди, эртага яна ярашиб олиши мумкин. Унга айт “уч талоқ” қилсин” депди. Охир оқибат уч талоқ олган келин шўрлик уч боласи билан отасининг уйига хайдалибди.
Буни қандай тушуниш мумкин. Нахотки бу ота-онани фарзандларининг бахти, набираларининг келажаги қизиқтирмаса. Аллоҳнинг ҳузурига борганда нима деб жавоб беришни ўйлашмаса.
Бундай пайтда ўғил қандай йўл тутса тўғри бўларди. Нима қилса ота-онасига оқ бўлмас ва Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлмас эди. Ушбу саволларга қуйидаги ривоятлардан жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
عنأبيهريرةرضياللهعنهقال قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَن خَبَّبَ امرَأَةً عَلَى زَوجِهَا فَلَيسَ مِنَّا رَوَاهُ أبوداود
وَفِى رِوَايَةٍ أُخرَى قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَعَنَ اللهُ مَن خَبَّبَ امرَأَةً عَلَى زَوجِهَا وَ لَعَنَ اللهُ مَن خَبَّب زوجاً عَلَى زَوجِهِ رَوَاهُأحمد
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аёлни эрига гиж-гижлаб,)ўртасини( бузган биздан эмас”, бошқа бир ривоятда “Аёлни эрига гиж-гижлаб, )ўртасини( бузганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Эркакни аёлига гиж-гижлаб )ўртасини( бузганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дедилар. (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдан эр-хотин ўртасини бузиш, уларнинг ажралиб кетишига сабаб бўлиш гуноҳи кабираларнинг энг катталаридан эканини билиб олишимиз мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундай одамни “биздан эмас” ёки унга “Аллоҳнинг лаънати бўлсин” дейишлари ҳар қандай охиратдан умиди бор мусулмонни бундай жирканч ишдан ҳазар қилишига кифоя қилади.
Буюк тобеъинлардан Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ)га баъзи кишилар савол бериб: “Бир одамнинг онаси: “Хотинингни талоқ қиласан” деб туриб олса, нима қилади?” дейишди. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Хотинини талоқ қилиши онага яхшилик бўладиган, яъни онанинг хурсандлиги учун қилинадиган ишлардан эмас” деб жавоб бердилар. Демак, бундай ҳолда онанинг талаби ношаръий талаб бўлади. Агар ўғил унга итоат қилмаса гуноҳкор бўлмайди.
Ҳанафий уламолардан Имом Таҳовий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Фарзанд мубоҳ бўлган нарсаларда уларга бўйсунади, қайтарилган ишларда эмас”, деганлар.
Мулло Али Қори Ҳанафий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: “Хотини билан ажрашишини буюрсалар, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар бундан ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам”.
Бир киши имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳ)дан: “Отам хотинимни талоқ қилишимга амр қилмоқда” деди. У зот: “Уни талоқ қилма” дедилар. У: “Умар (розияллоҳу анҳу) ўғли Абдуллоҳга талоқ қилишга амр қилган эмасми?” деди. Шунда: “Отанг Умар (розияллоҳу анҳу)дек бўлганда сен ҳам қиласан” дедилар. Яъни, сенинг отанг ҳам ҳазрат Умардек ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсга эргашмасликни биладиган даражага етмагунича хотинингни талоқ қилмайсан, демоқдалар.
Худди мана шу гаплар қизини мажбурлаб, ажратиб олмоқчи бўлган ота-оналарга ҳам тегишлидир. Лекин аксар ҳолларда бундай ишлар куёв томонидагилардан кўпроқ содир бўлади.
Баҳодир Раҳматуллаев,
Тошкент вилояти Зангиота тумани
“Фатҳ” жоме масжиди имом-хатиби
Бу муҳаддис Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг буюк устози, фазилатли Шайх Абдуллоҳ Сирожиддин раҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли сўзларидир.
У зот бу насиҳатни Шайх Аввомага талабалик йилларининг бошларида айтган эдилар. Бунга сабаб, Шайх Аввома бир кеча Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ўқиган шубҳали бир воқеага аниқлик киритиш учун устозларига мурожаат қилганлари бўлган.
Шайх Муҳаммад Аввома бундай дейдилар: “Шайх Абдуллоҳ бизга бешинчи курсда ҳанафий фиқҳи бўйича машҳур “Ал-Ихтиёр” китобидан дарс берар эдилар. Бир куни мен у кишининг ҳузурларига Исломга улкан хизмат қилган буюк имом – Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақидаги ғалати бир ривоятни ўқиб келдим.
Ривоятда айтилишича, Имом Бухорийдан бир эчкининг сутини эмган икки гўдак – бир ўғил ва бир қиз – кейинчалик ўзаро никоҳланишлари мумкинми, деб сўрашибди.
Ҳикояга кўра, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ уларнинг никоҳланишлари мумкин эмас, деб жавоб берган эканлар. Шундан сўнг, гўёки шаҳар олимлари бу фатвони жоҳиллик деб баҳолаб, Имом Бухорийни сургун қилган эмиш.
Мен бу воқеани Шайх Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳга айтиб берганимда, у зот хотиржамлик ва донолик билан:
— Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг, — дедилар”.
Шайх Муҳаммад Аввома давом этиб бундай дейдилар:
“Аллоҳга қасамки, бу сўз мен учун улкан сабоқ бўлди. Бу ҳаёт давомида амал қилишим керак бўлган бир мезон, хулқий қоидага айланди. Устозим бутун бошли одоб ва тафаккур дастурини битта жумлада жамлаб бердилар. Мен бу насиҳатни бундан эллик йил аввал эшитганман. Энди эса бошқалар ҳам ундан фойда кўришлари учун келтирмоқдаман”.
Биз учун сабоқ
Бу воқеадан олинадиган биринчи сабоқ шуки, қачонки биз шубҳали ёки билмаган маълумотга дуч келсак, дарҳол илмли ва ишончли кишилар билан маслаҳатлашишимиз керак.
Афсуски, бугунги кунда кўпчилик эшитган ёки ўқиган маълумотини текширишга уринмайди. Бу эса кўпинча жиддий ва аянчли оқибатларга олиб келади. Агар маълумот ўша соҳанинг ишончли мутахассисидан бўлмаса, биз ҳар қандай даъвони кўр-кўрона қабул қилмаслигимиз керак.
Ижтимоий тармоқлар тузоғи
Ижтимоий тармоқлар инсониятга мислсиз даражада кенг ахборот оламини тақдим этди. Бироқ унинг энг катта хавфларидан бири оммавий ёлғон ва дезинформациянинг тез тарқалишидир.
Кўпчилигимиз ўқиган нарсамизнинг барчасига ишонишга мойилмиз. Ҳолбуки, ушбу мақоланинг асосий мақсади айнан бундан қайтаришдир.
Баъзан одамлар хабарнинг мазмунига эмас, уни юборган кишига қараб ишонадилар. Ваҳоланки, у ҳам бу маълумотни бошқа бировдан олган бўлиши мумкин.
“Нусха кўчириш ва жойлаштириш” одати
Бугунги кунда одамларнинг асл манбага мурожаат қилмасдан маълумотларни кўчириб тарқатишлари одатий ҳолга айланган. Бу ҳам нотўғри ёндашувдир.
Бундай одатнинг энг катта зарарларидан бири шуки, хабар бир неча қўлдан ўтгач, унинг асл манбаси ва маъноси бутунлай йўқолиб кетади. Натижада, маълумотнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилигини текшириш имконсиз бўлиб қолади.
Аслида, бу маълумот ишончлими? Балки у бошидан охиригача тўқима ва асоссиздир?
Шу сабабли яна бир бор огоҳлантирамиз:
Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг!
Бу насиҳатга амал қилиш бугунги кунда осон эмас. Чунки кўпчилик одамлар уларга етиб келган ҳар қандай маълумотни текширмасдан қабул қилишга одатланиб қолган.
Аллоҳ таоло бизга ҳақиқатни англашни, маълумотларни тўғри баҳолашни ва фойдали илмга амал қилишни насиб этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД