Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

Талоқ қилайми ёки оқ бўлайми

31.10.2016   12347   9 min.
Талоқ қилайми ёки оқ бўлайми

Ота-онага яхшилик қилиш борасида биз мусулмонларга яқин келадиган халқнинг ўзи йўқ, десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Чунки ота-онага яхшилик қилиш динимиз таълимотида бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи энг афзал амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир неча оятларда Ўзига ибодат қилишга буюриш билан бирга ота-онага яхшилик қилишга буюрган. Уларга қилинадиган хизматни ибодат даражасига кўтарган.

Ҳа, ота-онасига итоат қилаётган фарзанд, аслида Аллоҳга итоат қилаётган, У Зотнинг буйруғини бажараётган бўлади. Зеро ота-она фарзанд учун Аллоҳ таолонинг васийятидир. У Зот Қуръони карим оятларида уларга яхшилик қилишга буюраркан айнан васият сийғаси билан амр этган. Васият билан амрнинг ўртасида фарқ бор. Амр бир ишни қилишга буйруқ, васият эса буйруқни ўта муҳим ва таъкидли экани ва уни эсдан чиқариш мумкин эмаслигини ҳам ифода қилади. Шунингдек ота-онага итоатсизлик ҳам Аллоҳ таолога итоатсизлик, У Зотнинг буйруғига бўйсунмасликдир.

Шундай экан ота-онага хизмат ва итоат қилиш бош устига. Лекин ҳар бир нарсанинг чегараси бўлганидек ота-онага итоат қилишнинг ҳам чегараси бор. Аллоҳ таоло айтади:

وَإِن جَٰهَدَاكَ عَلَىٰٓ أَن تُشۡرِكَ بِي مَا لَيۡسَلَكَ بِهِۦ عِلۡمٞ فَلَا تُطِعۡهُمَاۖ وَصَاحِبۡهُمَا فِي ٱلدُّنۡيَا مَعۡرُوفٗاۖ  وَٱتَّبِعۡ سَبِيلَ مَنۡ أَنَابَ إِلَيَّۚ ثُمَّ إِلَيَّ مَرۡجِعُكُمۡ فَأُنَبِّئُكُمبِمَا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ (سورة لقمان-15)

“Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга мажбурласалар, бас, уларга итоат қилма! Ва уларга дунёда яхшилик қил. Менга инобат қилганнинг йўлига эргаш. Сўнг, қайтишингиз фақат Менинг ҳузуримгадир. Мен сизга нима амал қилганингизнинг хабарини берурман” (Луқмон 15).

Ушбу оятда зикр қилингани ота-она фарзандни ширк ёки куфрга буюришса, уларга ана шу ишда итоат қилмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳаққи уларнинг ҳақларидан устун ҳисобланади. У Зотга куфр ва гуноҳ бўладиган ишларда итоат қилмайди. Ҳадиси шарифда ҳам:

عَنْ عَلِىٍّ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلملاَ طَاعَةَ لأَحَدٍ في مَعْصِيَةِ الله إِنَّمَا الطَّاعَةُ في المَعْرُوفِ رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Али (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишда ҳеч кимга итоат йўқдир! Албатта, итоат қилиш маъруф-яхшилик ишдадир” дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Демак гуноҳга буюрган ким бўлса ҳам унга итоат қилиш йўқ. Ота-онага ҳам фақат савобли яхши ишларда итоат қилинади. Яна бошқа ҳадисда:

عن عمران بن حصينرَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلملاَ طَاعَةَ لِمَخْلُوقٍ في مَعْصِيَةِ الخَالِقِ رَوَاهُ أحمد

Имрон ибн Ҳусойн (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Холиққа гуноҳ бўладиган ишда махлуққа итоат йўқдир” дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти).

У махлуқ ким бўлишидан қатъий назар Холиқ Зотнинг ҳаққини поймол қилишни талаб қилса, унга итоат қилинмайди. Лекин фарзанд ота-онасига яхшилик қилишда давом этаверади. Итоат қилмайди дегани айрим адашган тоифалар айтганидек, улардан воз кечиш дегани эмас. Зеро ота-она ўзлари мушрик, кофир ва динсиз бўлсалар ҳам фарзандаги ҳақлари соқит бўлмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам ширк ва куфрда уларга итоат қилишдан қайтариб туриб: “Ва уларга дунёда яхшилик қил” деди. Яъни фарзандлик бурчингни адо қилишда давом этавер. Уларга яхшилик қил.

Шунингдек ширк ва куфрдан бошқа гуноҳга буюришса ҳам итоат қилмайди. Масалан, “ароқ олиб кел”, “ароқ қуйиб бер” ёки “сен ҳам ароқ ич” деса, ёки “намоз ўқима, ўқисанг, оқ қилдим”, “рўза тутма”, деса ҳам итоат қилмайди.

Ёки ҳозирги кундаги баъзи адашган оқимларга қўшилишни, агар қўшилмаса оқ қилишини айтса ёки сен ҳам “Ироқ ва Сурияга “жиҳод”га бор”, деб талаб қилса, ўғил унга итоат қилмай бормаса ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди. Балки гумроҳ отасини ҳам гуноҳдан сақлаб қолган бўлади.

Ёки ҳозирги кунда тез-тез қулоққа чалиниб турган ана шундай нотўғри ишлардан бири, айрим ота-оналар ўғилларидан қаттиқ талаб қилиб: “Хотинингни талоқ қил! Бўлмасам оқ қиламан” ёки “Ё бизни де, ё хотинингни де! Ажрашмасанг розимасман. Берган оқ сутим ҳаром бўлсин”  каби қаттиқ-қуруқ гапларни гапириб, фарзандларини нозик жойидан тутиб, боши берк кўчага тиқиб қўядилар. Бечора ўғил нима қиларини билмай қолади. Баъзилари эса ўзлари ҳохламасалар ҳам ота-оналарининг бундай қалтис гапларидан қўрқиб талоқ қилганлари ҳам бор. Натижада эса бир оила бузилиб кетяпти. Ўртада икки-уч бегуноҳ болачалар тирик етим бўлиб, сарсону саргардон бўлиб, тарбиялари  ҳам зое бўлмоқда. Ана шундай пайтларда кўпни кўрган ёши бир жойга бориб қолган оталар ҳам илгариги оқил, пурмаъно сўзли оталаримиздан фарқли ўлароқ оналарнинг тегирмонига сув қуйиб, ишни яна ҳам катталаштирмоқдалар. Яқин кунларда бўлган бир воқеада она келини билан келишолмай ўғлидан хотинини талоқ қилишини қаттиқ талаб қилиб туриб oлади. Чорасиз қолган ўғил онасининг риоясини қилиб, кейин ярашиб олиш ниятида: “талоқ қилдим” дейди. Бу воқеанинг гувоҳи бўлиб турган ота эса, эшитган-билганларига таяниб: “Ўғлинг талоқ деб қутилди, эртага яна ярашиб олиши мумкин. Унга айт “уч талоқ” қилсин” депди. Охир оқибат уч талоқ олган келин шўрлик уч боласи билан отасининг уйига хайдалибди.

Буни қандай тушуниш мумкин. Нахотки бу ота-онани фарзандларининг бахти, набираларининг келажаги қизиқтирмаса. Аллоҳнинг ҳузурига борганда нима деб жавоб беришни ўйлашмаса.

Бундай пайтда ўғил қандай йўл тутса тўғри бўларди. Нима қилса ота-онасига оқ бўлмас ва Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлмас эди. Ушбу саволларга қуйидаги ривоятлардан жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

عنأبيهريرةرضياللهعنهقال قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَن خَبَّبَ امرَأَةً عَلَى زَوجِهَا فَلَيسَ مِنَّا رَوَاهُ أبوداود

وَفِى رِوَايَةٍ أُخرَى قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَعَنَ اللهُ مَن خَبَّبَ امرَأَةً عَلَى زَوجِهَا وَ لَعَنَ اللهُ مَن خَبَّب زوجاً عَلَى زَوجِهِ رَوَاهُأحمد

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аёлни эрига гиж-гижлаб,)ўртасини( бузган биздан эмас”, бошқа бир ривоятда “Аёлни эрига гиж-гижлаб, )ўртасини( бузганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Эркакни аёлига гиж-гижлаб )ўртасини( бузганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дедилар. (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан эр-хотин ўртасини бузиш, уларнинг ажралиб кетишига сабаб бўлиш гуноҳи кабираларнинг энг катталаридан эканини билиб олишимиз мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундай одамни  “биздан эмас” ёки унга “Аллоҳнинг лаънати бўлсин” дейишлари ҳар қандай охиратдан умиди бор мусулмонни бундай жирканч ишдан ҳазар қилишига кифоя қилади.

Буюк тобеъинлардан Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ)га баъзи кишилар савол бериб: “Бир одамнинг онаси: “Хотинингни талоқ қиласан” деб туриб олса, нима қилади?” дейишди. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Хотинини талоқ қилиши онага яхшилик бўладиган, яъни онанинг хурсандлиги учун қилинадиган ишлардан эмас” деб жавоб бердилар. Демак, бундай ҳолда онанинг талаби ношаръий талаб бўлади. Агар ўғил унга итоат қилмаса гуноҳкор бўлмайди.

Ҳанафий уламолардан Имом Таҳовий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Фарзанд мубоҳ бўлган нарсаларда уларга бўйсунади, қайтарилган ишларда эмас”, деганлар.

Мулло Али Қори Ҳанафий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: “Хотини билан ажрашишини буюрсалар, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар бундан ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам”.

Бир киши имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳ)дан: “Отам хотинимни талоқ қилишимга амр қилмоқда” деди. У зот: “Уни талоқ қилма” дедилар. У: “Умар (розияллоҳу анҳу) ўғли Абдуллоҳга талоқ қилишга амр қилган эмасми?” деди. Шунда: “Отанг Умар (розияллоҳу анҳу)дек бўлганда сен ҳам қиласан” дедилар. Яъни, сенинг отанг ҳам ҳазрат Умардек ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсга эргашмасликни биладиган даражага етмагунича хотинингни талоқ қилмайсан, демоқдалар.

Худди мана шу гаплар қизини мажбурлаб, ажратиб олмоқчи бўлган ота-оналарга ҳам тегишлидир. Лекин аксар ҳолларда бундай ишлар куёв томонидагилардан кўпроқ содир бўлади.

 

Баҳодир Раҳматуллаев,

Тошкент вилояти Зангиота тумани

“Фатҳ” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Икки улуғ неъмат

14.08.2026   36851   3 min.
Икки улуғ неъмат

#Мустақилликнинг 35 йиллиги

 

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.

Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).

Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.

Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.

Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.

Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ