ЗИРА (Bunium persicum) — зирадошлар оиласига мансуб кўп йиллик хушбўй зиравор ўсимлик. Бўйи 40—60 см. Поясининг ярмидан юқориси шохланган. Илдизи тугунакли. Тупбарглари узун бандли, поядагилари бандсиз. Барги ипсимон бўлакларга бўлинган. Гуллари оқ, майда, ҳар бир соябончада 20—30 тадан. Июнда гуллайди, уруғи июлда пишади. Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё адирларида, тоғ ён бағирларида кўп ўсади. Уруғи майда, чўзиқ, қорамтир-жигарранг, сирти тарам-тарам, жуда хушбўй. Таркибида 2,75-3,0% эфир мойи бор. Ўрта Осиё халқлари гўшт тузлашда, қази ва бошқа овқатлар тайёрлашда қадимдан кенг фойдаланиб келади. Халқ табобатида меъда касалликларини даволашда ва сийдик ҳайдовчи дори сифатида ишлатилади. («ЎзМЭ»дан).
Халқ табобатида зиранинг фойдалари ҳақида буюк бобокалонимиз Ибн Сино шундай деган: “...Унда қиздирувчи куч бўлиб, елларни ҳайдайди ва тарқатади. Сув билан аралаштирилганини ичилса, нафас олиш қийинлашганда ёрдам беради. Жолинуснинг айтишича, “тикка нафас олишга”, ҳамда совуқдан бўлган хафақонга фойда қилади." (Ибн Сино, Тиб қонунлари, 2-жилд, 1956 й. 325-326 бетлар)
Шунингдек, зиранинг ошқозон гастрити, сариқ касал, иштаҳани очишда, уйқусизликда, кишилар қувватини оширишда жуда ҳам катта фойдаси бор.
Зира — иштаҳани яхшилаш учун ҳамда ошқозондаги санчиқ, ўт пуфаги ва жигардаги оғриқлар, шунингдек, йўталга қарши фойдали табиий воситадир.
Таркибидаги шифобахш таъсир этадиган моддалар: зира таркиби 3—7 % эфир мойидан, 12—22 ёғли мойдан, шунингдек, кверцетин ва кемпферол деб номланувчи флавоноидлар, кумаринлар, умбеллиферон, скополетин ва бошқа моддалардан иборат. Бундан ташқари унда оқсил 10—23 % ва хушбўй моддалар ҳам борлиги аниқланган.
Зира — мавжуд бўлган барча даволаш воситаларидан энг яхши карминатив (метеоризмга – қорин дам бўлишига қарши) фойда берувчи табиий ўсимлик моддасидир. Шу сабабдан ҳам у табобатда таъсирчан табиий даволаш воситаси сифатида мустаҳкам ўрин олган. Зирани кўплаб дори-дармонлар таркибида учратиш мумкин, лекин уни кўпинча ҳеч қандай бошқа нарса қўшмасдан чой сифатида дамлаб ичиш тавсия этилади.
Ҳозирги замон шифокорлари ҳам зира ҳақида ижобий баҳо бериб, ҳаддан ташқари тўлаликда, метеоризм (қорин дам бўлиши)да, ошқозон-ичак йўлларидаги енгил хасталикларда, юрак касалликларида ва эмизикли болаларда овқат ҳазм қилиш жараёни бузилганида зирани муайян тарзда истеъмол қилиш ниҳоятда фойдали эканини таъкидлашади.
Халқ табобатида ошқозон хасталикларини даволашда ҳамда иштаҳани очишда, санчиқларни бартараф этишда, ўт пуфаги ва жигар касалликларида, шунингдек, йўтални даволашда фойдали табиий восита сифатида зира жуда ҳам қадрланади. Юқорида қайд этилганидек, ундан чой дамлаб ичилади, зирани ўзини чайналади ёки пичоқни учига илинганча янчилган зирани истеъмол қилинади.
Эмизикли ва ёш болаларда кўпинча қорин дам бўлиб безовта қилади, зира тинчлантирувчи ва ел ҳайдовчи восита бўлгани сабабли, бундай ҳолатда болаларга шифокор белгилаган тартибда берилади. Халқ табобати мутахассислари эътироф этишича, ўсмир қизларда оғриқли ҳайз жараёнида зирали чойдан фойдалироқ бошқа восита йўқ. Тиш ва бош оғриғида плитада эҳтиёткорона бироз қиздирилган халтачадаги зирани оғриётган жойга босиб оғриқни қолдириш халқимиз орасида кенг тарқалган табиий воситадир.
Зарарли таъсири. Зира зарарсиз маҳсулотдир. Лекин бошқа ҳар қандай эфир мойи бор шифобахш восита каби уни суистеъмол қилишдан эҳтиёт бўлиш керак.
Зирани истеъмол қилиб бўлмайдиган ҳолатлар. Ошқозон яраси, юрак ишемик касаллиги, тромбофлебит, гастрит, инфаркт, тромбоз, қандли диабетда зирани алоҳида ўзини истеъмол қилиш мумкин эмас.
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади
Хожа Бухорий ўрта-махсус диний таълим муассасаси директори, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Ўткир домла ҒУЗАРОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, муҳтарам устоз. Авваламбор, Сизни педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлганингиз билан муборакбод этамиз. Илмий даражангиз бундан ҳам юксалаверсин. Суҳбатимизни бугунги кунда Сиз раҳбарлик қилаётган таълим муассасаси ҳақидаги маълумотлардан бошласак...
– Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ. Қутлов ва тилагингиз учун ташаккур. Таълим муассасасига 1992 йилда асос солинган. Мадрасага XIV асрда яшаб ижод этган машҳур тасаввуф алломаси Саид Аҳмад Вали Кулоҳдўз Хожа Бухорий номи берилган. У зот Баҳоуддин Нақшбанднинг замондоши сифатида эътироф этилади. Нақшбандия тариқатининг маънавий-ахлоқий ғояларини Қашқадарё воҳаси, хусусан Китоб шаҳри ва унинг атрофида кенг тарғиб қилган улуғ мутафаккирлардан саналади.
Муассасада бугунги кунда жами 34 нафар олий маълумотли, малакали педагог-ўқитувчи 105 нафар талабага диний ва дунёвий фанлардан пухта билим бериб келмоқда. Таълим жараёнида замонавий педагогик ёндашувлар, самарали ўқитиш усуллари ҳамда амалий машғулотлардан кенг фойдаланилиб, талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш ва уларни амалиётда қўллаш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, педагог-ўқитувчилар томонидан талабаларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси, мустақил фикрлаши, илмий салоҳияти ва дунёқарашини ривожлантиришга қаратилган қўшимча машғулотлар ҳамда маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Бу эса таълим муассасасида сифатли таълим бериш билан бир қаторда, ҳар томонлама етук, билимли ва замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш учун муносиб таълим муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
– Ушбу илм маскани қандай мутахассисларни тайёрлаб бермоқда?
– Таълим муассасаси динимиз равнақи, мустақил Ўзбекистоннинг тараққиёти ва юксалиши йўлида муносиб хизмат қиладиган, юксак маънавият ва ахлоқий фазилатларга эга, миллий ва умуминсоний қадриятларни чуқур англаган, соф ислом дини таълимотини мукаммал ўзлаштирган, диний-маърифий билимларни ҳаётга тўғри татбиқ эта оладиган юқори малакали ўрта махсус маълумотли исломшунос, имом-хатибларни тайёрлайди.
Битирувчилар масжидларда имом-хатиб, диний таълим муассасаларида ўқитувчи, маънавий-маърифий соҳада фаолият юритувчи мутахассис сифатида хизмат қилиш учун зарур назарий билим ва касбий малакага эга бўлиб чиқади.
– Диний ва дунёвий фанлар уйғунлигини таъминлаш учун ўқув жараёни қандай ташкил этилган?
– Таълим дастурларида Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ақида каби диний фанлар билан бир қаторда тарих, инглиз тили, фалсафа асослари, психология, жисмоний маданият ва спорт ҳамда бошқа дунёвий фанларга ҳам ўрин ажратилган. Дарслар замонавий педагогик усуллар, ахборот технологиялари ва интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда олиб борилмоқда.
– Талабаларнинг хорижий тилларни мукаммал ўрганишлари ҳамда мутолаа маданиятини юксалтиришлари учун қандай шароит ва имкониятлар яратилган?
– Хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишни ошириш мақсадида ҳафтанинг муайян кунларида тил кунлари ташкил этилган. Хусусан, сешанба куни инглиз тили куни, чоршанба куни эса араб тили куни ўтказилиб, талабаларнинг тил ўрганишга доир билимларини мустаҳкамлаш, мулоқот кўникмаларини ривожлантириш ва амалий машғулотлар орқали билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва тил ўрганиш самарадорлигини ошириш мақсадида қўшимча тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Дарсларга соҳасининг етук ва малакали мутахассислари жалб этилган. Бу эса талабаларнинг нафақат тилларни мукаммал ўзлаштириши, балки дунёқарашининг кенгайишига хизмат қилмоқда.
– Мударрисларнинг касбий маҳоратини ошириш, сабоқларнинг талабаларга янада самарали етиб бориши учун айнан қандай методик усуллар жорий этилган?
– Муассасада замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш йўлга қўйилган. Хусусан, ахборот-коммуникaция технологияларидан фойдаланган ҳолда онлайн платформалардан Google Forms хизматлари ва интерфаол иловалар (Kahoot, QuizBot, topqir.uz) дарс жараёнига татбиқ этилган. Дарс жараёнида смарт доска, маркерли доска, магнитли доска имкониятларидан фойдаланилади. Замонавий педагогик технологияларнинг “баҳс-мунозара”, “ақлий ҳужум”, “гуруҳли иш”, “тақдимот”, “кейс-таҳлил”, “савол-жавоб” каби усуллари қўлланилади.
– Талабаларнинг дарсдан ташқари вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг илмий ва ижодий қобилиятларини юзага чиқариш борасидаги ишларни ҳам айтиб ўтсангиз...
– Таълим муассасасида “ёш илмий тадқиқотчи” гуруҳи шакллантирилган бўлиб, улар илмий мақолалар ёзиш, интернет сайтларида аудио, видео чиқишлар қилиб, ёш китобхон танловларида фаол қатнашади.
Хатмул кутуб анъанаси бўлиб, ҳозирга қадар талабалар “Мунаббиҳот”, “Таълим мутааллим”, “Фиқҳул муяссар” (1- 2 китоби), “Фиқҳул акбар шарҳи” ва “Тайсиру мусталаҳул ҳадис” асарларини хатм қилишди...
– Таълим муассасаси бинолари, талабалар турар жойи ва моддий-техник имкониятлар қай даражада?
– Бино ва иншоотларимизнинг ташқи ва ички қисмлари мунтазам техник кўрикдан ўтказилиб, жорий таъмирлаш ишлари амалга ошириб борилади.
Муассаса замонавий техник воситалар билан босқичма-босқич жиҳозланиб келинмоқда. Хусусан, иш жараёни ва дарс машғулотлари учун 42 та компюьтер жамланмаси 20 та интерактив смарт доска ва бошқа зарур жиҳоз ва қурилмалар билан тўлиқ таъминланган. Таълим муассасаси интернет тармоғига оптик тола орқали боғланган.
Асосий ўқув биносида 25 та ўқув хонаси мавжуд бўлиб, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари алоҳида ўқув биноси билан таъминланган. Яқинда талабалар учун 240 ўринли янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
– Талабаларингизнинг республика миқёсидаги турли илмий, диний ва спорт мусобақаларидаги иштироки ҳамда эришаётган натижалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Таълим муассасамиз талабалари республика миқёсида ўтказиладиган илмий, диний-маърифий ва спорт мусобақаларида мунтазам иштирок этиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда. Жумладан, 2023 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Жаҳолатга қарши маърифат” интеллектуал беллашувида жамоамиз “Энг фаол тарғиботчи жамоа” номинацияси бўйича 1-ўринни қўлга киритган.
Спорт йўналишида ҳам талабаларимиз шахмат, кураш, стол тенниси ва тош кўтариш каби спорт турлари бўйича “Баркамол авлод” Республика босқичларида бир неча бор совриндор бўлишди. Хусусан, 2022 йилда ўтказилган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари финал мусобақасида жамоамиз умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритган бўлса, 2026-йил миллий кураш бўйича 3-ўринни эгаллади.
Илмий йўналишда эса талабаларимиз Ягона олимпиада Республика босқичида мунтазам равишда муваффақиятли иштирок этиб, турли йилларда бир нечта 1-, 2- ва 3-ўринларни қўлга киритган. Бундан ташқари, 2022-2023 ўқув йилида “Эсселар танлови” Республика босқичида 1-ўрин ҳамда “Энг ёш китобхон” танловида ҳам 1-ўрин соҳиби бўлишди. Ягона олимпиада мусобақасида 2026 йил 3-ўринни қўлга киритди.
– Битирувчиларнинг кейинги фаолияти қандай кечмоқда. Яъни, битирувчилар ҳозирги кунда жамият ҳаётида, диний-маърифий соҳаларда қандай ўрин тутмоқда?
– Таълим муассасаси битирувчилари бугунги кунда мамлакатимиздаги диний-маърифий соҳанинг турли йўналишларида самарали фаолият юритиб, жамият ҳаётида муносиб ўрин тутиб келмоқда. Улар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, маҳаллий ҳокимият тизимларида хизмат қилмоқда.
Жумладан, масжидларда имом-хатиб ва имом ноиби лавозимларида, диний таълим муассасаларида ўқитувчи сифатида, илмий-тадқиқот марказлари ва диний-маърифий муассасаларда илмий ходим сифатида, Фатво марказида етакчи мутахассис сифатида хизмат қилиб келаётганлар, давлат ва жамоат ташкилотларида ҳам фаолият юритаётганлар бор.
Қисқа қилиб айтганда, таълим муассасамиздан етишиб чиққан кадрлар юртимизнинг турли жойларида, турли жабҳаларда динимиз ва давлатимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
ЎМИ Матбуот ва медиа бўлими мутахассиси
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.