(динда ғулувга кетишнинг салбий оқибатлари)
بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! “Ғулув” арабча сўз бўлиб, “чегарани бузмоқ, ҳаддан ошмоқ” деган маъноларни билдиради. Шариатда эса, дин ишларида эътибор қилинган миқдордан ҳаддан ташқари ошириб юборишдир.
Диндаги ғулувга кетишнинг энг ёмон тури – етарли илми бўлмаса ҳам Қуръонни ўзича талқин қилишдир. Бундан ташқари, Суннатга ўзича амал қилиш ва тўрт мазҳабдан бирортасига қатъий эргашмасликдир. Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, диндаги ғулув кўп ҳолларда динни яхши тушиниб етмасликдан бўлади.
Аллоҳ таоло огоҳлантириб бундай дейди:
لَا تَغْلُوا فِي دِينِكُمْ غَيْرَ الْحَقِّ وَلَا تَتَّبِعُوا أَهْوَاءَ قَوْمٍ قَدْ ضَلُّوا مِنْ قَبْلُ وَأَضَلُّوا كَثِيرًا وَضَلُّوا عَنْ سَوَاءِ السَّبِيلِ
яъни: “Динингизда ҳаддан ошмангиз” ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида, 77).
Динда чуқур кетмаслик ва қаттиқлик қилмаслик ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар:
قال رسول الله r: "هَلَكَ المُتَنَطِّعُونَ، هَلَكَ المُتَنَطِّعُونَ هَلَكَ المُتَنَطِّعُونَ
яъни: "Аллоҳ таоло шариатида ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар" деб уч марта айтдилар.
Қадрли намозхонлар! Динда ғулувга кетиш ҳақида сўз юритилганда ақидапараст оқимларнинг ақидавий масалаларда ғулувга кетганлари ва уларнинг хатолари ҳамда бу эътиқодлари соф исломий таълимотларга нақадар зид эканини эсламасдан иложи йўқ. Зеро, улардаги “такфир” (ўзларига эргашмаган ёки диний аҳкомларни тўлиқ бажармаганларни кофирга чиқариш), “жиҳод” ва “ҳижрат” каби масалаларда ғулувга кетиб мусулмонларнинг покиза номига доғ туширмоқдалар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видолашув ҳажида бундай насиҳат қилганлар:
قال رسول الله r: " إياَّكم وَالغُلوَّ في الدينِ، َ فإنها أَهْلَكَ مَنْ كان قَبلَكم الغلوُّ في الدين
яъни: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиши сабабли ҳалокатга учради” (Имом Насаий ривояти).
Муҳтарам намозхонлар! Тарихдан маълум, ғулув катта фожиаларга сабаб бўлган. Ҳозирда ғулувга кетганлар ҳам мусулмонларни куфрда айблаган хаворижлар тоифасига ўхшаб кетмоқда. Мусулмонларни мазкур такфир билан айблаш мусулмон жамиятларида яқинда пайдо бўлган ҳолат эмас. Бундай аянчли амалиёт Ҳазрат Али (р.а.) даврларининг сўнгида юзага келган хорижийлар фаолиятида авжига чиққан эди. Бу тоифа вакиллари инсонлар ўртасида фитна келиб чиқишига сабаб бўлувчи турли саволлар билан мусулмонларга мурожаат этар, ўзлари учун мақбул жавобни бермаганларни «кофир» дея эълон қилишарди.
Шунингдек, улар гуноҳ содир этган ёки диний амалларни бажаришда камчиликларга йўл қўйган мусулмонни куфрда айблаб, унинг қонини ҳалол, яъни ўлдиришни мубоҳ санашган эди. Хавориж ёки хорижий номи айни шу бузғунчи оқимга нисбатан айтилса-да, кўплаб дин уламолари бугунги кундаги илми оз бўлса-да ўзини доно санаб, ўзидан бошқа мусулмоннинг имонига шубҳа билан қарайдиган айрим тоифаларни ҳам «замонамиз хорижийлари», деб атамоқдалар.
Ўзидан бошқаларни кофирликда айблаш ислом дини таълимотига зид экани ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда келтирилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар: «Агар бир киши ўз биродарига: «Эй кофир» деса, иккисидан бири ўшандай (яъни кофир) бўлади».
Гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз эмиш. Бундай сохта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини хусусан, ёшларни улардан асраш мақсадида ушбу тушунчаларга изоҳ бериб ўтсак.
Юртини, ота-онани ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид иш ҳисобланади. Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб, ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб келиш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.
“Ҳижрат” сўзи луғатда бирор нарсадан ажраш, шариатда эса, Муҳаммад пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васалам)нинг Маккани тарк этиб, Мадинага кўчиб ўтишларидир. Аммо бузғунчи оқимлар етакчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангариларнинг лагерларига жўнатиб, “ҳижрат қилмаган диндан чиқади, ҳижрат учун мусулмонга ота-онанинг рухсати шарт эмас”, каби сохта иддаолар билан алдамоқда.
Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:
(جاء رجل الى النبي وقال: "أبايِعُكَ على الهجرةِ وتركتُ اَبَوَيَّ يَبْكِيانِ، فقال إرجِع إليهما فَأَضْحِكْهما كما أَبْكَيْتَهما" (رواه أبو داود
яъни: Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, дейди. У зот эса: “Ота-онангнинг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай хурсанд қилгин”, деб жавоб берадилар (Абу Довуд ривояти).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам айтганлар: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир”, дейилади. Шунингдек, Абу Усмон Мужошиъ ибн Маъсуд ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ...”, дедилар.
Ваҳоланки, ўз юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш айни ислом таълимотига зид ишдир. Инсонларни тинч ва осойишта диёрдан дин номидан қотилликлар ошкора қилинаётган фитна маконларига чорлашдек қабиҳ ишлар ҳеч қачон “ҳижрат” бўла олмайди.
Қадрли намозхонлар! Бузғунчи кучлар бугунги кунда “Odnoklassniki”, “Facebook”, “Vkontakte”, “Мой мир”, “Twitter” кабилардан фойдаланишади. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар интернетга кирувчиларнинг ўзаро мулоқот қилиш ва маълумот алмашишлари учун жуда қулай воситадир.
Бу кучлар таассубга берилган шахсларни дунёнинг нотинчлик ҳукм сураётган ва ўзлари қўним топган минтақаларига жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилишяпти. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ жоҳил ёшларни Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, Исломнинг беш аркони эмин-эркин адо этиладиган, мусулмонлар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ваҳоланки, она юртини ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид экани барчага маълум.
Афсуски, бугунги кунда дин ниқоби остида бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишлар, обод шаҳар-қишлоқларни вайрон қилишлар давом этаяпти. Энг ачинарлиси, аксарият ҳолатларда бу урушларга диний тус бериляпти. Жангарилар ўзларига эргашмаган барча мусулмонларни қатл қилиб, аёллар ва болаларни эса қул сифатида сотиш каби қабиғ ишларга қул ураётгани гувоҳи бўлмоқдамиз.
Ҳурматли намозхонлар! Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара, 208).
Шунинг учун дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан ҳамиша огоҳ бўлиш, она-Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоғи даркор. Айниқса, бу таълимотни ёшларимиз, фарзанду набираларимизнинг қалбига мустаҳкам жойлаш барчамизнинг ҳам қонуний, ҳам шаръий вазифамиздир.
Шундай экан бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етайлик. Халқимизнинг ибораси билан айтганда, Аллоҳ берган насибамизни териб юрибмизми, шу онларнинг қадрига етайлик, тинмай бунинг шукрини қилайлик. Яратгандан бир-биримизга имон мустаҳкамлиги, тинчлик-омонлик, осойишта ҳаёт ва хотиржамлик тилайлик!
Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитна, ғалимислик ва ихтилофлардан узоқ қилиб, Ўзининг рушду ҳидоятидан асло айирмасин. Омин.
Корея Республикасининг етакчи нашрларидан бири — "The Chosun Daily"да Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.
Мақолада Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги тарихий ришталар, бугунги алоҳида стратегик шериклик, савдо-инвестисия алоқалари ҳамда муносабатларни янги технологик босқичга олиб чиқиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилган.
сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми 5 баробарга ошган;
Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестисиялари ҳажми 8 миллиард доллардан ошган;
Айни пайтда мамлакатимизда Корея капитали иштирокида 700 дан зиёд қўшма корхона ва лойиҳалар амалга оширилмоқда;
КОICА, Корея Эксимбанки ва ЭДCФ билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3,5 миллиард доллардан ортиқ;
2025 йилда Марказий Осиё давлатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 500 миллиард доллардан ошган.
Президент икки мамлакат иқтисодиётининг ўзаро тўлдирувчанлиги янги ўсиш драйверларини яратиш учун катта имконият эканини таъкидлаб, ҳамкорликни умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантириш даражасига олиб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.
"Ишончим комилки, айнан шу асосда ҳамкорлигимизнинг янги саҳифасини очишимиз — алоҳида соҳалардаги муваффақиятли ҳамкорликдан умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантиришга ўтишимиз мумкин. Бу эса мамлакатларимиз барқарор ва узоқ муддатли фаровонлигининг янада мустаҳкам пойдеворини барпо этади".
Мақолада сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, робототехника, электр транспорт воситалари, биофармасевтика, ақлли қишлоқ хўжалиги ва “ақлли шаҳарлар” истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида белгиланган. Шунингдек, таълим ва инсон капиталига инвестисия киритиш, академик алмашинув ва қўшма илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлиги эътироф этган.
Президент, шунингдек, Марказий Осиё-Корея Республикаси саммити Ўзбекистон ва Корея муносабатлари билан бир қаторда, бутун минтақа билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим майдон эканилигига алоҳида урғу берди.
"...Ўзбекистон сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва шерикликнинг янги, самарали механизмларини шакллантиришга қаратилган қатор долзарб ташаббусларни илгари суриш ниятида. Бу ташаббуслар “Марказий Осиё — Корея Республикаси” форматини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, уни янада тизимли, динамик ва узоқ муддатли минтақавий устувор вазифаларга йўналтирилган механизмга айлантиришга қаратилган".
Президент мақоласида қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик нафақат икки томонлама муносабатларни, балки Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, инновация ва умумий тараққиёт учун янги имкониятларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
"Марказий Осиё ва Корея Республикаси тинчлик, инновациялар, ўзаро ишонч ва умумий фаровонликка асосланган ҳамкорликнинг янги маконини шакллантира олишига чин дилдан ишонаман"- дейди Давлатимиз Раҳбари мақолада.
Маълумот ўрнида: The Chosun Daily — 1920 йилда ташкил этилган «Чосун Илбо» медиагуруҳи таркибидаги нашр бўлиб, Корея Республикасидаги йирик ахборот платформаларидан бири ҳисобланади.
Нашр сиёсат, иқтисодиёт, жамият ва халқаро муносабатларга оид долзарб воқеаларни кенг ёритиб боради. Унда Ўзбекистон Президентининг мақоласи эълон қилиниши икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликка бўлган юксак эътиборнинг яна бир ифодасидир.