Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июл, 2026   |   29 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:20
Қуёш
05:02
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:00
Хуфтон
21:37
Bismillah
14 Июл, 2026, 29 Муҳаррам, 1448

Ким нима экса, шуни ўради...

21.10.2016   10153   3 min.
Ким нима экса, шуни ўради...

Ҳофиз ибн Ражаб роҳматуллоҳи алайҳ пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Маййитга уч нарса эргашади... ” мазмунидаги келган ҳадиси шарифларига шарҳ битиб, куйдаги ривоятни келтирганлар.

Бир куни Оиша розияллоҳу анҳо ҳузурларига қўли шол бир қиз кириб келди. Ва Эй, мўминларнинг онаси бугун соғлом қўл билан ухлаб, шол қўл билан уйғондим-деди. Оиша розияллоҳу анҳо: Нима сабабдан? Қиз: Мени бой бадавлат ота-онам бор эди. Отам қўли очиқ, закот ва садақани канда қилмайдиган, саҳий, меҳмонларни яхши кутадиган, сўровчини қуруқ қўл билан қайтармайдиган қўйингки, қўлидан келганча яхшилик улашувчи карамли инсон бўлганлар. Онам эса, буни акси, бахил, қурумсоқ, молида бирор садақа қилганларини кўрган эмасман.

Отам вафот этдилар. Икки ой ўтмай онам ҳам оламдан ўтдилар. 

Бу кеча туш кўрдим. Тушимда отам жуда чиройли кўркам кийинган, олдиларидан анҳор оқиб турибди. Мен: Эй отажоним, бу қандай хол- деб сўрадим. Отам: Эй, қизалоғим, ким дунёда зарра мисқол яхшилик қилса ҳам кўрар экан. Бу Роббимнинг менга қилган фазлидир- дедилар.

Мен: Онамнинг ахволи қандай?-деб сўрадим.

Отам: Онанг вафот этдими?-деди.

Мен: Ҳа, дедим.

Отам: Эй, воҳ! Онанг биздан узоқлашиб кетибди. Онагни чап томон аҳлларидан изла!-деди.

Қиз: Чап тарафимга назар солсам. Онамни ялонғоч, бир парча матога ўранган холатда кўрдим. Қўлида эса,  ёғ “Холимга вой бўлсин! Жуда чанқадим!” – деб нидо қилар эди.  Агар жуда қаттиқ чанқасалар ўша ёғни қўлга суртиб, сўнгра ялардилар. Қарасам олдида анҳор оқиб турибди. Мен: “Эй онажон нега чанқадим деб нидо қиляпсиз. Ахир олдингизда оқиб турган анҳор борку” – дедим. Онам: “Ундан ичишимга изн берилмаяпди” – деди. Мен: “Сизга сув берайинми?” – дедим. Онам: “Яхши бўларди” – деди. Мен бир ховуч сув олиб онамга бердим. Онам ичиб бўлгач, чап тарафдан бир нидо қилгувчи: “Огоҳ бўлинг ким бу аёлга сув берса, ўнг қўли шол бўлиб қолади” – деб, икки марта нидо қилди. Уйғонсам ўнг қўлим шол бўлиб қолибди. Шундан бери ўнг қўлимни ишлата олмаяпман.  Шунда Оиша розияллоҳу анҳо онамиз: Ўша матони эсладингми? Дедилар. У: Ҳа, мўминларнинг онаси, уни онамнинг устида кўрган эдим. Онамни ҳеч қачон бирор нарсани садақа қилганини кўрмаганман. Аммо отам бир кун ҳоккиз сўйди. Шунда бир киши тиламчилик қилиб келди. Онам ёғли суякни олиб унга берди. Яна бир кун олдиларига бир аёл келганида. Онам бояги матони олиб унга бериб юборганди. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо такбир айтиб: “Аллоҳ рост айтди ва Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга етказди” – деб, “” оятини ўқидилар.     

فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ

Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар (Залзала сураси, 7-оят).

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом Мотуридий инновацион музейи ташкил этилади

10.07.2026   6826   3 min.
Имом Мотуридий инновацион музейи ташкил этилади

Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарлари 7-11 июл кунлари мезбонлик қилаётган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат пойдевори” мавзусидаги халқаро конференцияда Имом Мотуридий инновацион музейи лойиҳаси ва унинг илмий концепциясига бағишланган тақдимот ўтказилди, хабар бермоқда iccu.uz.

Тақдимотда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, бугунги кунда Самарқанд шаҳрида Имом Мотуридий мажмуаси ва унга туташ қадимий Чокардиза қабристони ҳудудида янги мақбара, замонавий масжид ҳамда илмий-маърифий объектлар барпо этилмоқда. Шунингдек, археологик тадқиқотлар натижасида ислом ҳуқуқшунослиги тарихида ўчмас из қолдирган буюк аллома, «Ҳидоя» асари муаллифи Бурҳониддин Марғиноний мақбараси аниқланиб, у ҳам мажмуа таркибида қайта тикланмоқда.

Тақдимотда Имом Мотуридий мажмуасининг муҳим таркибий қисми бўлган Имом Мотуридий инновацион музейи концепцияси алоҳида таништирилди. Лойиҳа Туркиянинг Outdoor Factory компанияси томонидан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази тақдим этган илмий манбалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, музейнинг экспозициялари замонавий дизайн, рақамли технологиялар ва интерактив ечимлар асосида шакллантирилмоқда.

Тақдимот давомида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази етакчи илмий ходими Ихтиёр Абдураҳмонов музейнинг илмий концепцияси ва экспозиция залларининг мазмуни ҳақида батафсил маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, музейда ақида ва калом илмининг шаклланиш тарихи, Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий мероси, мотуридийлик таълимотининг Мовароуннаҳрдан бутун ислом оламига тарқалиш жараёни, Чокардиза қабристони тарихи ҳамда бугунги кунда аллома меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар замонавий мультимедиа технологиялари орқали ёритилади.

– Музейнинг асосий мақсади Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини замонавий технологиялар воситасида кенг жамоатчиликка етказишдир. Барча экспозициялар ишончли тарихий манбаларга таяниб яратилмоқда. Интерактив ечимлар орқали ташриф буюрувчилар нафақат экспонатларни томоша қилади, балки алломанинг ҳаёти, илмий мактаби ва мотуридийлик таълимотининг мазмун-моҳиятини чуқур англаш имкониятига эга бўлади. Бу музей келгусида халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган йирик илмий-маърифий ва рақамли зиёрат марказига айланади», — деди Ихтиёр Абдураҳмонов.

Тақдимотда музейнинг асосий экспозиция заллари ҳам намойиш этилди. Хусусан, ақида ва калом илмининг шаклланиши, Имом Мотуридий яшаган давр илмий муҳити, мотуридийлик таълимотининг дунёга тарқалиши, Чокардиза қабристони тарихи ҳамда археологик топилмалар замонавий музей ечимлари орқали акс эттирилиши таъкидланди.

Форум иштирокчилари тақдим этилган лойиҳани юксак баҳолаб, унинг Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, ёш авлодни маърифат ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш ҳамда зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот  хизмати

Ўзбекистон янгиликлари