Динимиз – Ислом насл-насабни пок сақлаш, шарму-ҳаё, бировга нопок назар билан боқмаслик каби гўзал маънавий ахлоқ ва одобларга чорлайди. Бугунги фаровон ҳаётимизда баъзи оилаларни ажрашаётгани ва бунга сабаб сифатида ноҳуш ҳолатлар - хиёнат, бевафолик каби иллатлар кўрсатилаётганини гувоҳи бўлиб қолаяпмиз. Ваҳоланки, бу иллатлар миллий қадриятларимиз ва диний аҳкомларимиз томонидан қаттиқ қораланади. Юртимизда асрлар оша халқимиз оилаларида “Оила муқаддасдир”, “Вафоли ёр”, “Оилавий бахт – олий бахт” “Оила тинч – юрт тинч” каби пурмаъно ҳикматлар ўз ифодасини тўлалигича топиб келган. Ҳозирги кунда юртимизда ажралишлар сони кўпайиб бораётгани ва бунга баъзи ҳолларда юқоридаги иллатлар сабаб бўлаётгани жуда ҳам ачинарли ҳолдир.
Аллоҳ таоло эркак ва аёл ўртасида бўладиган муомалаларни нақадар муҳим масала экани сабабидан бу ҳақда алоҳида оятлар нозил қилган. Шулардан бирида Аллоҳ таоло шундай дейди:
قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ وَقُلْ لِلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ
“(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар!...”. (Нур сураси, 30, 31).
Юқоридаги мавзуга таалуқли, биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қиссамиз қаҳрамони Ато ибн Ясор Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларида, 29 ҳижрий санада Мадинада таваллуд топганлар. Мадина аҳлининг буюк тобеъин, уламо, фақиҳ, муҳаддис ва тасаввуф намоёндаларидан ҳисобланадилар. Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жуда ҳам кўп ҳадислар ривоят қилганлар. 103 ҳижрий санада, 74 ёшда вафот этганлар.
Ато ибн Ясор укалари Сулаймон ибн Ясор ўзларининг бир қанча дўстлари билан ҳаж қилиш ниятида Мадина шаҳридан сафарга отландилар. Абво номли бир жойга етиб келишганда тўхташди ва бир жойга ўрнашишди. Сулаймон дўстлари билан баъзи ишларини битириш мақсадида тўхташган жойдан кетишди. Ато эса қолди. У намоз ўқиб турганида бир саҳролик гўзал аёл унинг олдига кирди. Ато у аёлни кирганини сезди ва у бирор ҳожати учун кирганини сезиб намозини қисқа қилди.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, оилаларимизни мустаҳкам ва саодатли бўлишини насиб этсин!
Жалолиддин Ҳамроқулов,
ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири,
Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ