Динимизда яхши амаллар савобли ишлар деб юритилади. Ҳар бир қилинган ёмон иш гуноҳининг катта-кичиги бўлгани каби яхши амалларни ҳам савобли, кўпроқ савобли ва ҳаттоки жуда катта савоб иш, деб талқин қилинади. Кундалик ҳаётимизда ҳар куни қилиб юрган ишларимиз савоб ёки гуноҳ эканини фарқласак, савоб бўладиган арзимас ишларни ҳам қилишга саъю ҳаракат қилишимизга сабаб бўлади.
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхшилик зое кетмайди, гуноҳ унитилмайди, “Дайён” (исмли Аллоҳ) ўлмайди. Ҳохлаганингни қил! Бир кун ҳисоб берасан!” дедилар (Байҳақий ривояти).
Демак, яхшиликнинг савоби узилмайди ва зое бўлмайди балки, у Аллоҳ таолонинг наздида абадий ва боқийдир. Эзгу амалларнинг ирода қилган ва уни амалга оширган киши учун албатта савоб берилади. Дунёда ҳам охиратда ҳам изсиз кетмайди. Шунингдек, гуноҳ ишлар ҳам унитилмайди. Албатта қилинган гуноҳ ишга ҳам лойиқ жазо муқаррар. Зотан, Аллоҳ таоло каломида эслатганидек,
(Мусо) айтди: “Улар ҳақидаги маълумот Раббим ҳузуридаги Китоб (Лавҳул-маҳфуз)дадир. Раббим адашмас ва унутмас”.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Эй, Мусо! Сен ўзинг ва биродаринг Ҳорун Менинг оятларимни одамларга етказинглар ва Мени зикр қилишда сустлик қилманглар! Иккингиз Фиръавннинг олдига боринглар, чунки у “Мен – худоман”, деб ҳаддидан ошди. Унга юмшоқ сўз айтинглар! Шояд, у эслатма олса ёки ҳалок қилишимдан қўрқса”-деганида, Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар: “Эй, Раббимиз! Дарҳақиқат, биз даъват этсак у бизга ғазаб қилишидан ёки баттар ҳаддан ошиб кетишидан қўрқамиз”-дедилар. Шунда Аллоҳ таоло айтди: “Қўрқманглар! Албатта, Мен сизлар билан биргаман – эшитаман ва кўраман. Бас, сизлар унинг олдига бориб: “Биз Парвардигорингнинг элчиларидирмиз. Исроил авлодини биз билан бирга қўйиб юборгин, уларни азобламагин! Биз сенга Раббинг томонидан ҳужжат келтирдик. Ҳидоятга эргашганларга салом омонлик бўлур. Бизга шундай ваҳий қилинди: “Аллоҳнинг пайғамбарларини ёлғончи қилган ва имон келтиришдан юз ўгирган кимсаларга азоб бўлур” деб Фиръавн олдига келиб, Аллоҳнинг сўзларини етказганларида у: “Иккингизнинг Раббингиз ким, эй, Мусо?” деб сўраган. Шунда шу ояти карима нозил бўлган.
Дарвоқе, баъзи гуноҳларни Аллоҳ таоло банда астойдил, чин дилдан тавба қилиши ёки яхши амални адо этиши орқали ўчириб юбориши ҳам бор. Аммо бир ҳақиқатни унитмаслик керак, ҳар қандай гуноҳ ўзидан из қолдириши ёки таъсири бўлиши аниқдир. Банда бунга кўпда эътиборсиз қарайди. Охир оқибатда гуноҳлардан сақланишдан узоқлашиб бораверади.
“Дайён” Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири бўлиб, маъноси “Қаҳҳор”, “Қозий”, “Ҳоким”, “Саъис”, “Ҳосиб” ва “Мужазий” маъноларига маънодошдир. Яъни, бандадан содир этилган бирор бир амални зое қилмайди. Балки, яхшисига мукофот, ёмонига жазо берувчи Зот деганидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек: “Қиёмат куни бандалар маҳшаргоҳга жамланганларида, барча ҳудди ёнида турган одам гапираётгандек “Мен “”Дайён”ман, Мен “Малик”ман”, деган нидони эшитишади” (Муслим ривояти).
Халқимизда бир мақол бор: “Яхшилик қил сувга сол. Билса балиқ, билмаса Холиқ билади”. Яқинда бир йигит айтиб қолди. “Бизни уйимизда бир мушук бўларди, аёлим уни ёқтирмасдан ҳар кўрганида қувиб соларди, зулм етказиб, озор берарди. Аёлимни шу ишларини кўрганимда “Қўй унга озор берма, бу ҳам ахир Яратганнинг бандаси. Унга озор беришдан кўра унга егулик бер”, деб койирдим. Мушукга раҳмим келиб танаввул қилишига нарсалар бериб, силаб қўярдим. Бир кеча мушукнинг овозини эшитиб уйғониб кетдим, туриб қарасам деразани олдида ўша мушук миёвлаётган экан. Олдига боришим билан мени кўриб, деразадан сакраб тушиб кетиб қолди. Хайрон бўлдим деразадан назар солсам ҳовлида қаттиқ шамол бўляпти. Шунда кўзим кийимлар осилган дорга тушди, тезда аёлимни уйғотдимда “тур тезда ювган кирларингни йиғиб ол”, дедим. Аёлим кийимларни йиғиб бўлдию ёмғир тезлаб шарроз ёғиб юборди, шунда аёлимни чақириб “қара мушук сени бир кунлик меҳнатингни сақлаб қолди, сен эса уни қувиб юрасан. Ким эҳтиром кўрсатса, ҳурмат топади, бирор яхши амал Худо учун қилинса, бекор кетмайди. Яратган ҳатто ҳайвонларга қилинган яхшиликларга ҳам ажр мукофот битади”, деб йигит ҳикоясини якунлади.
Хулоса қилиб шуни таъкидлаш лозим, эзгу амаллар бажарган инсонларга дунёда ҳам охиратда ҳам фақат яхшилик бўлиб қайтади. Ёмон фасод ишларни қилган одамларга фақатгина қилган амалларига яраша ёмон оқибат насиб бўлади. Яратган барчаларимизни оқибатларимизни хайрли қилсин дея дуо қилиб қоламиз.
Жалолиддин Ҳамроқулов,
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
“Новза” жоме масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُغَفَّلٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «نَفَقَةُ الرَّجُلِ عَلَى عِيَالِهِ صَدَقَةٌ».
Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг аҳли аёлига қилган нафақаси садақадир», дедилар.
Шарҳ: Дарҳақиқат, аҳли аёлга нафақа қилиш садақадир. Чунки бунда киши вожиб ибодатни адо этади. Зотан, шариат ҳукми бўйича аҳли аёлнинг нафақаси вожибдир. Бу Аллоҳ таолонинг амридир. Шариатда кўрсатилган амални Аллоҳнинг амрини бажариш нияти билан қилиш Аллоҳ таолонинг йўлида қилинган иш бўлади. Шунинг учун ўз аҳли аёлимга берсам, садақанинг савобидан маҳрум бўламан, деган тушунча нотўғридир. Аксинча, яхши ният билан, шариатнинг буйруғини, Аллоҳ таолонинг ҳукмини адо этяпман, аҳли аёлимнинг нафақаси менга вожибдир, шуни ҳалолдан адо этаман, деб ҳаракат қилган киши аҳлининг нафақаси туфайли улуғ ажрларга эришади.
عَنِ الْحَسَنِ يَرْفَعُ الْحَدِيثَ قَالَ: «إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ مِنْ غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلَا إِقْتَارٍ كَانَتْ نَفَقَتُهُ بِمَنْزِلَةِ النَّفَقَةِ فِي سَبِيلِ اللهِ».
Ҳасандан ривоят қилинади: «Киши аҳли аёлига исроф ҳам қилмай, жуда сиқиб ҳам қўймай нафақа қилса, Аллоҳнинг йўлидаги нафақа ўрнида бўлади».
Шарҳ: Аҳли аёлга, яъни қарамоғидагиларга қилинган нафақада исроф қилиш ҳам, хасислик қилиш ҳам дуруст эмас. Балки ўртача, бир меъёрда нафақа қилиб бориш Аллоҳнинг йўлидаги нафақа бўлади.
Аҳли аёлнинг нафақасида исрофга йўл қўйиш барча ҳолатлардаги исроф каби ношаръий иш ҳисобланади. Шу билан бирга, бу иш аҳли аёлнинг ҳаддидан ошишига, одобсизликларга қўл уришига сабаб бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Аҳли аёлнинг нафақасини сиқиб қўйиш бахилликнинг ёрқин намунасидир. Бу нафақадаги кишиларнинг ҳаққини поймол қилишдир.
Барча иш ва ҳолатлардаги каби, бу ишда ҳам ўртача бўлиш маъқул. Зотан, динимиз васатийлик – ўртача йўл тутиш динидир.
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида айтади: «Инфоқ қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, бу иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар» (67-оят).
Араб тилида «инфоқ» – «нафақа» иборалари мол-пул сарфлаш маъносини англатади. Бизда «бировга садақа қилиш», «эҳсон қилиш» маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолганлиги оятни нотўғри тушунишга, хайр-эҳсон, садақа қилганда мўътадил бўлиши кераг-у, бошқа вақтларда нима қилса, ўзи билади, деган хаёлга олиб келмаслиги лозим.
Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Мол-дунёни ҳеч қачон исроф ҳам қилмаслиги ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги ҳам керак.
Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Шу билан бирга, кишиларга шахсий мулкларини ҳавойи нафсларига биноан тасарруф қилишларига ҳам йўл қўйилмайди. Аввало, бу мулкни гуноҳ ишларга, ҳаром-ҳаришга ишлатиш ман қилинган.
Шунингдек, мол-мулкни беҳуда сарфлашга «исроф» деган номни бериб, мусулмонлар исрофдан қайтарилган. Мол-мулкини беҳуда, ноўрин сарфлайдиган одам «сафийҳ» – эси паст дейилади. Ким сафийҳ бўлса, маҳкаманинг ҳукми ила унинг мол-мулки музлатиб қўйилади. Керак бўлганида, маълум миқдори берилади, қолгани сақлаб турилади.
Шу билан бирга, ўта хасис одамга қарши чора ҳам кўрилади. Бола-чақасидан, нафақасидагилардан қисиб, уларга ҳақлари даражасида сарф қилмаса, маҳкама уларнинг ҳақларини олиб беради.
Исрофгарчилик ва хасисликни танқид этиб, қораловчи кўплаб ҳадислар келган.
عَنْ أَبِي الْمُخَارِقِ قَالَ: خَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي غَزَوةِ تَبُوكَ فَطَلَعَتْ نَاقَتُهُ، فَقَامَ عَلَيْهَا سَرِيعًا، فَمَرَّ بِهِ رَجُلٌ، فَقَالَ لَهُ بَعْضُ أَصْحَابِهِ: مَا رَأَيْنَا كَالْيَوْمِ رَجُلًا أَجْلَدَ وَلَا أَقْوَى لَوْ كَانَ فِي سَبِيلِ اللهِ. فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى صِبْيَةٍ صِغَارٍ فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى وَالِدَيْهِ فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى نَفْسِهِ لِيُغْنِيَهَا فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى رِيَاءً وَسُمْعَةً فَهُوَ لِلشَّيْطَانِ».
Абул Мухориқдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига чиқдилар. Туялари келиб қолди. Унга тезда миндилар. Шунда олдиларидан бир киши ўтиб қолди. Ҳамма ўша кишига қаради. Шунда саҳобалардан бири у зотга: «Бугунгига ўхшаш бақувват, чапдаст одамни ҳеч кўрмаган эдик. Қани энди у Аллоҳнинг йўлида бўлса», деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у ўзининг кичик болалари учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у ота-онасига яхшилик қилиш учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у ўзининг беҳожатлиги учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар риё ва хўжакўрсин учун уринаётган бўлса, шайтоннинг йўлидадир», дедилар».
Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонлар риёкорликдан, хўжакўрсинчиликдан, фалончи гапиради, пистончи кулади, фалончини қойил қилиб қўяй, каби банданинг риоясини қилишдан мутлақо узоқ бўлишлари, ҳазир бўлишлари керак. Балки ҳар бир ишни соф ният билан, шариатда кўрсатилганидек, Аллоҳ таолодан савоб умидида адо этиш лозим экан. Шунда ҳам ҳожати раво бўлади, ҳам мурод-мақсадига етиб, бошқаларни хурсанд қилади, энг муҳими, Аллоҳнинг йўлида амал қилган инсон даражасига кўтарилади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Ўзининг кичик болалари учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
2. Ота-онасига яхшилик қилиш учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
3. Ўзининг беҳожатлиги учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
4. Риё ва хўжакўрсин учун уринаётган одам шайтоннинг йўлида уринаётган шахс экани.
قَالَ شُعْبَةُ: فَقُلْتُ لِعَدِيٍّ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؟ فَقَالَ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ نَفَقَةً يَحْتَسِبُهَا كَانَتْ لَهُ صَدَقَةً».
Шуъбадан ривоят қилинади:
«Адийга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламданми?» дедим.
«Ҳа, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан. У зот: «Қачон киши аҳлига савоб умидида нафақа қилган бўлса, унинг учун садақадир», дедилар», деди».
Шарҳ: Аҳлига, қарамоғидагиларга савоб умидида, бу Аллоҳнинг ҳукми, шариатнинг буйруғи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари, бу менга вожиб, деган ниятда ва албатта, ҳалол-пок йўл билан топилган молдан қилинган нафақа садақа ўрнига ўтиб, улкан ажр-савобларга сабаб бўлиши шубҳасиз ҳақиқатдир.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз