Тошкент шаҳри 2016 йил 7 октябрь, муборак жума куни. Аллоҳнинг инояти билан қуриб битказилган ва мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан қайта қад ротлаган янги масжиднинг очилиш маросими арафаси. Ҳаммаёқ бу улуғ шодиёнага ҳозирланган, йўлларга, ҳовлига сувлар сепилган. Масжид ташриф буюрувчи намозхонларни кутиб олишга шай...
Мазкур муборак масканга кенг жамоатчиликнинг таклиф ва истакларини инобатга олиб, халқимиз учун суюкли ва фидоий инсон, таниқли давлат арбоби, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираларини қадрлаш мақсадида “Ислом ота” номи берилди.
Масжиднинг қуриб битказилишини, очилишини интизорлик билан кутган халқимиз масжид сари ташриф эта бошлади. Нуроний отахонларимиз масжид ҳовлисида меҳмонларни кутиб олишга пешвоз чиқдилар.
Мингдан ортиқ меҳмон ташриф буюрган масжиднинг очилиш маросими Қуръон тиловати билан бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов юртимиз мусулмонларини янги очилган масжид билан муборакбод этаркан, қуйидаги сўзларни билдирди:
– Бугун нотинчликлар авж олган бир вақтда юртимизда тинч-осойишта ҳаёт барқарор тургани сабабли биз мана бундай биноларни қуришга муваффақ бўляпмиз. Бу Аллоҳнинг улуғ неъмати, марҳаматидандир. Масжид қурилишида ёрдам қилган, ҳисса қўшган, қурувчилар ва халқимизга чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча мусулмонларга ушбу масжидни муборак айласин!”.
Аллоҳнинг марҳамати ила Тошкент шаҳри яна бир шундай гўзал, салобатли, ҳамма шароитлари мавжуд бўлган масжидга эга бўлди. Масжиднинг янгидан қурилиши халқимиз учун қувончли воқеадир. Ҳатто масжид қурилишидан хабар топган бошқа динга эътиқод қилувчи маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам келиб, ушбу даҳада бу каби кўркам масжиднинг барпо этилишидан мамнунликларини изҳор этишди.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, масжид ҳузурида илк бор кутубхона ташкил этилди. Ушбу кутубхона чоп этилаётган янги нашрлар билан бирга, қўлёзма ҳамда нодир манбалар билан ҳам бойитилди. Шунингдек, масжидда турли маънавий-маданий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган 80 кишилик мажлислар зали ҳам қурилди. Чиндан ҳам, масжидлар намозгоҳ бўлиши билан бирга ҳалқимиз маънавият маркази, таълим-тарбия маскани ҳамдир.
Аллоҳ таоло масжидимизни халқимизга дину диёнат нурларини таратадиган, эзгуликка, илму маърифатга чорлайдиган масжидлардан бўлишини насиб этсин.










Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати