Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳри А.Навоий кўчасида жойлашган “Ислом” жоме масжиди 1989-1993 йиллар давомида ҳашар йўли билан қурилган. Адлия бошқармасидан 1998 йил қайта рўйхатдан ўтиб, фаолият юритиб келмоқда.
Масжид биноси пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, дарвоза ва учта кичик эшикдан иборат. Масжид электр энергия, табиий газ ва ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган. Масжид саккизта бир-бирига туташ ҳонақоҳлардан иборат. Ҳозирги кунда масжид ҳудудида имом-хатиб, имом ноиби ва ҳисобчи учун хизмат хоналари, шунингдек, кутубхона, қоровулхона, ошхона ва замонавий қулайликларга эга таҳоратхона мавжуд. Ҳовли саҳнига тунги ёритқич чироқлари ўрнатилган.
Ушбу маскан намозхонлар учун етарли шарт-шароит ва қулайликлар билан таъминлангандир.
Шунингдек, масжидда ободонлаштириш ишлари ҳам олиб борилмокда, бир қанча мевали ва манзарали дарахтлар, турли хил гул кўчатлари ўтқазилган.
Масжидда Бухоро шаҳридаги “Мир-Араб” ўрта махсус ислом билим юртини тамомлаган Наимов Алишер имом-хатиблик вазифасида ишлаб келмоқда.


ЎМИ Масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Миср Бош имоми, “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб бундай дейди:
Сўнгги йилларда “Каъбани тавоф қилишдан кўра, камбағалларни тавоф қилинг”, “Қурбонлик учун сарфланадиган маблағни садақа қилиш уни сўйишдан яхшироқ”, “Оч инсоннинг оғзидаги бир луқма мингта масжид қуришдан афзал” каби нотўғри тушунчалар кенг тарқалмоқда.
Бу каби чақириқлар Ислом шиорларидан бўлган амалларни камситиш ва одамларни улардан қайтаришга қаратилган ҳаракатдир. Эҳтимол, бундай фикрларни илгари сураётган кишилар диннинг асл моҳияти ва унинг аҳкомларидан етарлича хабардор эмасдирлар.
Фақир, мискин ва муҳтож инсонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бўлган, бугун ҳам бор. Аммо ўтган асрлар давомида уламолардан ёки солиҳ зотлардан ҳеч ким бундай гапларни айтмаган.
Нега:
– ҳафтада икки марта гўшт сотиб олманг, ойда бир марта олиб, қолган маблағни камбағалларга беринг, дейилмайди?
Нега:
– сигарет чекманг, унинг пулини муҳтожларга эҳсон қилинг, дейилмайди?
Нега:
– тўй ва маросимларни ихчамлаштириб, ортиқча харажатларни камбағалларга сарфланг, дейилмайди?
Нега:
– ёзги дам олиш масканларига борманг, ўша маблағни муҳтожларга ажратинг, дейилмайди?
Нега айнан иккиси ҳам фазилатли ва савобли бўлган амаллар ўзаро таққосланади?
Бундай даъволар кўпинча диннинг қадриятларига путур етказишни мақсад қилган кимсалар томонидан ўйлаб топилади. Энг ачинарлиси эса, аксарият ҳолларда бу каби гапларни айтаётганларнинг ўзлари муҳтожларга ғамхўрлик қилишда фаол эмаслар.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ким Аллоҳнинг шиорларини улуғласа, бас, албатта, бу қалблар тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД