Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Абу Лаҳаб

5.10.2016   11752   25 min.
Абу Лаҳаб

“Бу қиссаларни (уларга) айтиб беринг, зора улар тафаккур қилсалар.”(Аъроф сураси 176 оят.)

 Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларининг аҳли оилалари ва қавмларини ислом динига даъват қилмоқликни буюрди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бўлиб ўзларининг қабилалари бўлмиш Бану Ҳошим қабиласини даъват қилмоқликни ҳоҳладилар. Уларни бир жойга йиғдилар, улар тахминан қирқ, қирқ бир киши ёки ўттиз тўққиз киши эди. Уларнинг орасида амакиларидан Абу Толиб, Ҳамза, Аббос ва Абу Лаҳаблар ҳам бор эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ширин таомларни тайёрлаб бердилар, улар ана шу нарсалардан едилар ва ичдилар. Таом  еб бўлингач, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли гапларни айтишликни ҳоҳладилар. Сўнгра: “Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин, У зотга ҳамд айтаман, Ундан ёрдам сўрайман, Унга иймон келтираман ва Унинг Ўзигагина таваккал қиламан” дедилар. Аллоҳ таоло яккаю ёлғиздир, унинг шериги йўқдир, сўнгра албатта бирор бир қариндош ўз аҳлига зинҳор ёлғон гапирмайди. Аллоҳ таолога  қасамки, агар мен инсонларни алдасам ҳам сизларни ҳеч қачон алдамайман ва инсонларни адаштирсам ҳам сизларни асло адаштирмайман. Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳ таолога қасам ичиб айтаманки, албатта мен сизларга хоссатан ва инсонларга эса омматан қилиб юборилган Аллоҳ таолонинг росулудирман дедилар. Аллоҳга қасамки, сизлар ҳудди ухлаганларингдек вафот этасизлар, уйғонганларингиздек қайта тирилтириласизлар, амал қилган нарсаларингиз баробарида ҳисоб китоб қилинасизлар. Албатта ана шу нарсалар абадий жаннат ёки абадий азобга олиб боради. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ҳайрон бўлиб турганларнини кўрганларида уларга қарата айтдиларки, сизларга бир гап айтмоқликни ҳоҳлаб турибман, ана шу сўзнинг сабабидан сизлар араблар устидан ҳукм чиқарасизлар, ажамларга эса бошчилик қиласизлар. Абу Лаҳаб у зотга қарата биттамас ўнта айт деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқдир, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг росулидир” дедилар. Ана шу пайт Абу Лаҳаб бир ёқимсиз овоз билан: “Ахир бу диндан қайтишликку” уни тўхтатинглар сизларни бирор бир азобга дучор қилмасидан олдин деди. Абу Лаҳаб атрофидагиларни унинг гапига кирмасликка ундади ҳаттоинки улар ростгуй Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларидан юз ўгириб кетдилар. Қавм Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳоҳлаган умумий яхшиликлардан иборат бўлган нарсалардан эътибор бермасдан, Абу Лаҳабнинг бақир-чақири сабабли, қаттиқ афсусланган холатда ортларига қайтдилар.

 Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг қилган ишидан саросимасга тушиб қолдилар. Ана шу нарсалардан аввал Абу Лаҳаб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан яхши муносабатда эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам албатта Абу Лаҳаб жим бўлмаслигини, у зотга нисбатан қарши туришликка бор имкониятидан фойдаланган ҳолатда барча ёмонликларини ишга солишини билдилар, чунки у қавмнинг энг олди ва икки юзи қизили эди. Шунинг учун ҳам инсонлар унинг асл исми Абдулуззо ибн Абдулмутталиб бўлишлигига қарамий уни Абу Лаҳаб деб номлашарди.

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ва даъватлари тўғрисида қайғурардилар, чунки амакилари Абу Лаҳаб қариндошларининг ичида у зотга энг яқини эди. Энди энг яқин кишилари шундай деб турганидан кейин, бошқалардан нимани ҳам кутса бўларди. Лекин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳоҳлаганини қилсин деб, ишнинг ниҳоясини Аллоҳ таолога топширдилар.

 Абу Лаҳаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларини тарк этиб, Бани Ҳошим қавмини бирма бир айланиб чиқди. Уларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан иғво, фитна қилмоқликка ундади. Бани Ҳошим қавмини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтаётган гаплардан тийиб қўйишликни ҳоҳларди, лекин улар таҳқирлаш ва душманчиликдан юз ўгирдилар.

 Кунларнинг бирида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Лаҳабнинг қилган ана шу иши туфайли инсонларни бир жойга йиғиш мақсадида Сафо тоғига бир огоҳлантирадиган овоз билан нидо қилдилар. Ҳамма инсонлар тўпландилар. Кела олмаган кишилар у зотни кўришлик учун ўз номиларидан бир одамни юборишди, Сафо тоғида У зотни кўришди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қарата шундай дедилар: “Хозир мен сизларга мана бу водийда бир неча отлиқлар сизларни ҳамла қилишлик мақсадида йиғилиб турибди десам мани гапимга ишонасизларми” дедилар. Улар: Албатта ишонамиз, чунки биз сенда хеч бир ёлғон нарса кўрмаганмиз дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мен сизларга олдингиздаги азобдан огоҳлантирувчиман дедилар. Шунда Абу Лаҳаб: қўлинг қурисин шунинг учун чақирганмидинг бизларни деди. Шунда Аллоҳ таоло унинг ҳақида: “Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин!) Ҳалок бўлди ҳам. Мол мулклари ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотмади. Яқинда (у) оловда тобланажак”-оятини нозил қилди. (Масад сураси, 1-3 оятлар.)

 Инсонлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан юз ўгириб кетдилар, Росулуллоҳ уларга қарата: “Эй Қурайш аҳли! Аллоҳ таолодан бўладиган азобдан ўзларингизни сақланглар, чунки мен Аллоҳдан сизларга бирор нарса етса, мени қўлимдан ҳеч нима келмайди. Эй Бани Абдулмутталиб! Мен Аллоҳдан сизларга бирор нарса етса, мени қўлимдан ҳеч нима келмайди. Эй Аббос ибн Абдулмутталиб! мен Аллоҳдан сизга бирор нарса етса, мени қўлимдан ҳеч нима келмайди. Эй Росулуллоҳнинг аммаси Софиййа! мен Аллоҳдан сизга бирор нарса етса, мени қўлимдан ҳеч нима келмайди. Эй Росулуллоҳнинг қизи Фотима! Мендан ҳоҳлаган нарсангизни сўранг, мен Аллоҳдан сизга бирор нарса етса, мени қўлимдан ҳеч нима келмайди” дедилар.

 Қавмдан бирор киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни эшитишлик учун, у киши хақларида бирор нарсани билмоқлик учун келса, Абу Лаҳаб Муҳаммад эсини еган, аҳмоқ деб уларни орқасига қайтарарди.

 Абу Лаҳаб хотинини олдига қайтиб борди. Унинг хотини Арво бинти Ҳарб (Умму Жамил) бўлиб, қавмнинг обрўли аёлларидан эди, ҳасабда ва насабда ҳам пешқадам аёллардан эди. Шу билан бир қаторда Қурайш зодагонларидан бўлган Абу Суфён ибн Ҳарбнинг синглиси эди. Лекин унинг тили ёмонлигидан барча аёллар ундан эҳтиёт бўлишарди.

 Умму Жамил эрига қараб: “Инсонлар нимага тўпландилар” деди. Шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан содир бўлган ходисани айтиб берди. Умму Жамил: илоҳларингизни хақоратласа ҳам қараб туравердингларми? -деди. Абу Лаҳаб: Нима қилайлик? Умму Жамил деди:  Уни тўхтатинглар. Унга шунақанги азият берингларки, токи бу ишни жиддийлигини, ҳазил иш эмаслигини билсин.

 Сўнгра Макка қабилаларининг олдига бориб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бошқа ном билан атади. У исм “Муҳаммад” исмининг акси бўлиб, “тўхтовсиз қораланган” деган маънони билдирарди. Уларга қарата: “Қораланган (Муҳаммад)дан юз ўгирдик, динини ёмон кўрдик ва унинг ишига қарши чиқдик” деди. Инсонлар орасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чақимчилик қила бошлади. Бу ишида шу даражада ҳаддидан ошдики, ҳатто У зотни йўлларини пойлаб, ёмон сўзлар билан хақоратлаб юрарди. Бу ишларидан ташқари У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига ахлат ва тиконларни ташларди. Шундан кейин Аллоҳ таоло у тўғрисида Қуръони каримда оят нозил қилди. “Шунингдек, ўтин ташувчи хотини ҳам. Бўйнида пухта эшилган арқони ҳам бўлур.” (Масад сураси 4-5 оят)

 Умму Жамил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга азият беришдан хеч чарчамасди, ҳатто агар У зотнинг рўпараларидан чиқиб қолгудек бўлса, “Бадбахт, хорланган” деб У кишини хақоратларди.

 Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ таоло “Муҳаммад” исмини сақлашлик мақсадида, унга Росулуллоҳни “музаммам, яъни қораланган” деб атамоқликка илхом берди”. Аллоҳ таоло Ўзининг Набийига ёрдам бериб, у жирканч аёлнинг кўплаб ёмонликларидан ҳимоя қилди.

 Биз сизга бу ажойиб ҳодисани қуйида келтирамиз:

 Умму Жамил Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларига бақир чақир қилиб, қўлида катта тош билан келарди, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан бирга эдилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ: у сиз тарафга келяпти, мен сизни кўриб қолишидан қўрқаман, агар беркиниб турсангиз, у сизга азият бера олмасди дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: албатта Аллоҳ таоло у билан менинг орамизни тўсиб қўяди дедилар. У келиб Абу Бакрнинг  олдиларига тўхтаб, эй Абу Бакр биродаринг бизларни хақорат ва масхара қилди деди. Шунда Абу Бакр Сиддиқ  Аллоҳ таолога  қасамки, У зот сен ҳақингда шеър ҳам айтмайдилар, гапирмайдилар ҳам дедилар. Умму Жамил: тўғри айтдинг. Мен Қурайш саййидининг қизи бўлсаму менга шунақа дермиди дедида орқасига қайтиб кетди. Абу Бакр Сиддиқ  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: сизни кўрмадия дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: бир фаришта мени у кетгунча тўсиб турди дедилар. Мана буни қаранг! Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биродарлари Абу Бакр Сиддиқ  билан бирга бўла туриб, Умму Жамил келиб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмасдан фақатгина Абу Бакр Сиддиқни кўришлиги ва Абу Бакрни бу ишдан таажжубга тушишлари қандай ҳам ажойиб холат.

 Бошқа юртлардан араб қабилалари Маккага ҳаж ва умра амалларини адо этмоқлик учун ташриф буюришарди. Абу Лаҳаб бу қилган ишлари билан кифояланмасдан, ана шу қабилаларнинг бошлиқларини олдига бориб: “Албатта Муҳаммад укамнинг ўғли, у ота боболаримизнинг динини инкор қилган, у сеҳргар, коҳин, шоирдир унинг гапига қулоқ солманглар, мен унинг амакисиман, мен бошқа инсонлардан кўра уни кўпроқ биламан” дерди. Абу Лаҳаб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг даъватига чақирмасин деб, турли хил бепул зиёфатларни уюштирарди. У ҳаж ва умра мавсумларида инсонларни У зотдан қайтаришлик учун бор имкониятини сарф этарди.

 Мана шу ходисанинг гувоҳи бўлган бир киши бизга айтиб беради: “Мен исломда бўлмаган вақтимда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни “Зул мажоз” бозорида “Эй инсонлар! Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқ деб айтинглар, нажот топасизлар” дердилар, инсонлар у кишининг аторофларига тўпланишарди, у зотни орқаларида эса қизил юзли, ғилай ва икки кокиллик бир киши: “Албатта Муҳаммад диндан қайтган, ёлғончи” деб у зот қаерга борсалар орқаларидан эргашиб юрарди”. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапиришдан тўхтаганларидан кейин Абу Лаҳаб: мен мана бу тўқимачи, сеҳргарнинг амакисиман унга ишонманглар, мен Абдулуззо Абу Лаҳабман, агар унга ишонсангиз, у сизларни ҳам сеҳрлаб қўяди дер эди.

 Қалбларига иймон нури киришига оз қолган инсонлар бу сўзлардан сўнг айтишардики: агар бу йигит яхши бўлганида эди, амакиси бунинг тўғрисида яхши гапларни айтган бўларди, чунки бирор кишининг яқини уни кўпроқ билади дейишарди. Абу Лаҳаб уларга қарата: агар жиянимнинг айтаётган гапи рост бўладиган бўлса, мен молу мулкларим билан қиёмат кунидаги азобдан халос бўламан деди. Аллоҳ таоло бунинг бу гапига Қуръони каримда қаттиқ раддия бериб қуйдаги ояти каримани нозил қилди: “Мол мулки ва касб билан топган нарсалари унга асқотмади.” (Масад сураси 3 оят)

 Аллоҳ Ўзининг тўғри ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Омин.

 Жалолиддин Ҳамроқулов

 

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Абдулмалик ибн Марвоннинг халифалиги

22.11.2024   2699   15 min.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Абдулмалик ибн Марвоннинг халифалиги

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг халифалиги
(халифалик даври: ҳижрий 64–73; милодий 683–692)

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳаёти

Абдуллоҳ ибн Зубайр – жаннат башорати берилган ўн кишининг бири бўлган машҳур саҳоба Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғилларидир. Оналари – Асмо бинт Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳо.

У зот ҳижратдан кейин Мадинада биринчи туғилган бола эдилар. Шунинг учун у киши туғилганида мусулмонлар ниҳоятда хурсанд бўлган. Ўша пайтда яҳудийлар «Муҳожирларда бепуштлик тарқалган» деб даъво қилишарди. Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг туғилиши эса Мадинаи мунавварада мусулмонлар учун байрам устига байрам бўлиб кетди.

У киши улуғ саҳобадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Абдуллоҳ ибн Зубайр тўққиз ёшда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз учта ҳадис ривоят қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Зубайр Қуръон оятлари ёзилган саҳифалардан мусҳафларга нусҳа кўчиришдек масъулиятли ишни бажарган тўрт саҳобанинг биридирлар.

Усмон розияллоҳу анҳу Ҳафса онамизга одам юбориб: «Бизга саҳифаларни бериб тур, ундан мусҳафларга нусха кўчириб олайлик, кейин уларни ўзингга қайтариб берамиз», деган. Шунда Ҳафса уларни Усмонга бериб юборган. У зот Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга амр қилган ва улар мусҳафларга нусха кўчиришган.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Ярмук урушида оталари билан бирга иштирок этганлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинган куни у кишини ҳимоя қилиб жанг қилганлар ва жароҳатланганлар. Шунингдек, Қустантиния ғазотида, кейинчалик Муовиянинг даврида Африкадаги фатҳларда ҳам иштирок этганлар.

Ўша пайтда Африка жамияти дейилганда Тароблусдан Танжагача чўзилган катта ерларни ўз ичига олган жамият кўзда тутиларди. Унинг подшоҳи Рум томонидан қўйилар, ўша пайтда Жиржис исмли одам подшоҳ эди. У ҳар йили Рум подшоҳига харож тўлаб турарди. Жиржис бир юз йигирма минг отлиқдан иборат лашкар тўплади. Мусулмонлар келиб, Исломни арз қилишган эди, у бош тортиб, урушни ихтиёр қилди. Жиржис жарчи юбориб, «Ким Абдуллоҳ ибн Саъдни қатл қилса, уни қизимга уйлантираман ва юз минг динор бераман!» деб жар солдирди.

Мусулмонларнинг қўмондони Абдуллоҳ ибн Зубайр эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Саъддан изн олиб, мусулмонлар ичида «Ким Жиржисни қатл қилса, у юз минг динор олади ва Жиржиснинг қизига уйланиб, унинг мамлакатига волий бўлади!» деб жар солдирдилар. Жиржиснинг дилига қўрқув тушди.

Аввалига жанг Жиржиснинг режаси бўйича давом этди, яъни эрталаб бошланиб, пешинда тўхтар эди. Кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр мусулмон жангчиларни иккига бўлдилар. Бир қисми пешингача уруш қилади, иккинчиси пешиндан кейин. Ана шунда румликлар дам олишга улгуришмайди. Мусулмонлар эса дам олиб дам олиб, жангни давом эттираверадилар.

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ушбу режаси румликларнинг мағлубиятига асосий сабаб бўлди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Жиржисни қатл этди.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу жуда кўп ибодат қилар эдилар. Халифалар ичида чавандозлиги билан машҳур бўлганлар. Шижоатда у кишига тенг келадиган одам йўқ эди.

«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор деб ўйлаб, устиларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганларида тош тушиб, кийимларининг бир томонини узиб кетганини ҳам сезмаганлар».

Ҳижратнинг 64 йили Язид ибн Муовия вафот этганида бу зот халифа бўлишлари учун байъат берилди. Мана шу даврда Миср, Ҳижоз, Яман, Хуросон, Ироқ, Шом юртларининг баъзи ерларига ҳукмдор бўлдилар.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўзлари умавийларга қарши чиқиб, Маккага амир бўлиб турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айганларидек қилиб, Каъбани қайта қурдилар. Аммо умавийларнинг лашкарбошиси золим Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилиб, қурилишларини бузиб, қурайшликлар кўрганидек қилиб қайта қурди.

Абдуллоҳ ибн Зубайр ўзларининг халифалик даврларида биринчи бўлиб дирҳамни жорий этдилар. Бу дирҳамнинг бир тарафига «Муҳаммадур Расулуллоҳ», иккинчи тарафига «Амруллоҳи бил вафо вал адл» деб битилган эди.

 

Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат

Карбалода Ҳусайн розияллоҳу анҳу қатл қилинганларидан сўнг Ибн Зубайр Язидни халифаликдан олинди, деб эълон қилдилар ва одамларни ўзларига байъат қилишга чақирдилар. Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама аҳли у кишига байъат қилди. Юқорида айтиб ўтилганидек, Язид ибн Муовия Ибн Зубайрга қарши уруш қилди. Мадинаи мунавваранинг Ҳарамини бузиб, ичкарида уруш қилишга журъат этди. Маккаи мукаррама қамал қилиб турилганда, ҳижрий 64 (милодий 683) йилда Язид вафот этди. Шундан кейин Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ишлари қарор топди. У кишига бошқа шаҳарларнинг одамлари ҳам байъат қилишди. Бану Умайяга фақат Шомнинг бир қисмигина қолди, холос.

Абдуллоҳ ибн Зубайр ана шу тарзда қонуний халифага айланди. Шунга биноан Муовия ибн Язид, Марвон ибн Ҳакам ва Абдулмалик ибн Марвонларнинг биринчи даврдаги халифаликлари ботил ҳисобланди. Улар ҳақида: «Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг замонида Шомда ҳоким бўлиб туришган», дейилади. Аҳли илмларнинг кўплари мана шунга иттифоқ қилганлар.

 

Ҳодисалар
Марвон ибн Ҳакамнинг фаолияти

Язиднинг ўлимидан кейин унинг ўғли Муовия халифа бўлди. Лекин у халифаликдан воз кечиб, узлатга юз тутди.

Умавийлар ҳижрий 64 йилда Марвон ибн Ҳакамга байъат қилишди. У Шомнинг барчасини ўз ҳукми остига бўйсундиришга имкон топди. Сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайрдан Мисрни тортиб олди.

Марвон ибн Ҳакам ҳижрий 65 (милодий 684) йилда ва­фот этди. У ҳам ўғли Абдулмаликка аҳд олиб, уни халифа қилиб қўйгач, оламдан кўз юмди.

 

Мухтор Сақафий ҳаракати
(ҳижрий 64–67; милодий 683–686)

Мухтор Сақафий Ибн Зубайрнинг одамларидан эди. Лекин у Ибн Зубайрдан ажралиб, ўзбошимчалик билан иш юритиб, бош кўтарди ва Куфага жўнаб кетди. У залолатга кетиб адашган, ниҳоятда обрўталаб ва мол-мулкка ўч одам эди. У Куфага эга чиқиб олди, Мосулни буйсундирди, Маккага ҳужум қилди. Абдулмалик унга қарши уруш олиб борган эди, Сақафий уни енгди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қотилларини қатл қилди, уларни жуда қаттиқ таъқиб остита олди. Бу ишларни у шийъаларнинг розилиги учун қилди. Мухтор Сақафий Убайдуллоҳ ибн Зиёдни қатл қилди. Сўнгра Мусъаб ибн Зубайр Мухтор Сақафийни йўқ қилди. Мусъаб Абдуллоҳ ибн Зубайр ва унинг укаси томонидан Басранинг волийси этиб тайинланган эди. Бу воқеа ҳижрий 67 (милодий 686) йилда бўлиб ўтди.

 

Абдулмаликнинг Ироқ ва Мадинани эгаллаб олиши

Абдулмалик ўзи бош бўлиб, Мусъаб ибн Умайрга қарши уруш қилиш учун йўлга чиқди. Мусъаб енгилди ва ҳижрий 71 (милодий 690) йилда қатл қилинди. Ироқ Абдулмаликка бўйсунди. Сўнг унинг лашкари Мадинаи мунавварага келди ва у ерни ҳам ўзига бўйсундирди.

 

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг қатл қилиниши ва Макканинг бўйсундирилиши

Кейин Абдулмалик ўз қўмондони Ҳажжож ибн Юсуф бошчилигида лашкарини Макка томон юборди. Ибн Зубайр Маккада ўзига истеҳком қуриб олган эди. Ҳажжож Маккаи мукаррамани қамал қилди. Каъбани манжаниқда тошга тутди. Одамлар Ибн Зубайрни ташлаб қочиб кетишди. Ибн Зубайр ўзига яқин кишилар билан беқиёс шижоат кўрсатиб, Каъбанинг олдида душманга қарши жанг қилди. Бироқ манжаниқда отилган тошлар тегиб синган Каъбанинг бўлаклари остида ҳалок бўлди. Бу ҳодиса ҳижрий 73 (милодий 692) йилда содир бўлди. Шундай қилиб, Макка ва унинг аҳолиси Абдулмаликка бўйсунди. Барча юртларга Абдулмалик қонуний халифа бўлиб олди.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг халифалиги таҳминан тўққиз йил давом этди.

 

Умавийлар халифалигининг қайта тикланиши
Абдулмалик ибн Марвон

(халифалик даври:ҳижрий 73–86; милодий 692705)

Абдулмалик ибн Марвоннинг ҳаёти ва халифалиги

Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам ибн Абу Ос ибн Умайя 16 ёшлигида Муовия уни Мадинага волий қилган эди. У халифа бўлишидан олдин ғоятда обид, зоҳид ва фақих инсон бўлиб, Мадинаи мунавваранинг уламоларидан саналарди. Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 41–45 йилларда Африкани фатҳ қилиш ишларида иштирок этган. Ҳижрий 65 (милодий 684) йилда отаси Марвон ибн Ҳакамнинг вафотидан кейин ишни ўз қўлига олди. Ўша вақтда Ибн Зубайр халифа бўлиб турган эди. У Ироқни Ибн Зубайрдан ажратиб олгандан сўнг уни қатл қилиб, Ҳижозни ўзига бўйсундирди. Бошқа шаҳарлар ҳам унга байъат қилди. Ҳижрий 73 (милодий 692) йилдан Абдулмалик ибн Марвон қонуний халифага айланди ва барча вазиятни ўз қўлига олди.

Бу инсон умавийлар давлатининг иккинчи асосчиси саналади. Абдулмалик ибн Марвон ишни қўлига олган пайтда Ислом олами тарқоқ ҳолатда эди. У ўзининг донолиги ва сиёсати билан юртларнинг ҳаммасини тоатга қайтишга ундади ва бу ишда муваффақиятга эришди. Барча бош кўтаришлар, исёнлар ва қўзғалонларни бостирди.

 

Фатҳлар

Абдулмалик ибн Марвоннинг даврида кенг ва катта фатҳлар бўлмади, чунки у хорижийларга ва Ибн Ашъасга қарши жанг билан машғул бўлди. Кейинроқ Румга қарши уруш қилишга қайтди, чунки улар Шом юртларига таҳдид солиб турган эди. Мағриб юртлари қайтадан фатҳ, қилинди. Ўша даврда Шимолий Африка майдонида энг катта ва машҳур қўмондонлардан бири Мусо ибн Нусайр бўлди. Уқбанинг ўлимидан кейин Танжа ва Сиптани фатҳ қилди.

Шарқ тарафда Мовароуннаҳр юртларида туркларга қарши урушлар бўлди. Муҳаммад Сақафий Синдни фатҳ қилди. Машриқда кенг қамровли фатҳлар бўлмади, бироқ унинг давридаги барқарорлик отаси Валиднинг пайтидагидан кўра салмоқлироқ бўлди.

 

Ҳодисалар Абдурраҳмон ибн Ашъас ҳаракати
(ҳижрий 81–85; милодий 700–704)

Ҳижрий 81 йилда Ҳажжож Абдурраҳмон ибн Ашъасни турк юртларини фатҳ қилиш учун юборди.

У ерда жуда кўп ғалабаларга эришган Абдурраҳмон ибн Ашъас Ҳажжожга ва Абдулмаликка итоат қилишдан бош тортди. Ҳажжожга қарши уруш олиб бориб, Ироқни бўйсундирди. Сўнг машриқ тарафда Хуросондан бошқа жойлар унга бўйсунди. Абдурраҳмон ибн Ашъас билан умавийлар орасида катта урушлар бўлди. Ниҳоят ҳижрий 82 йилда у енгилиб, қочиб кетди ва ҳижрий 85 йилда қатл қилинди.

Ҳажжож томонидан Ибн Ашъасга эргашган уламолардан кўпчилиги ҳам қатл қилинди. Уларнинг ичида тобеъинлардан бўлмиш Саъид ибн Жубайр ҳам бор эди.

 

Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий

Абдулмаликнинг энг кўзга кўринган одамларидан бири бўлган бу шахс ўзининг сиёсати, доҳийлиги ва шафқатсизлиги билан машҳур бўлди. У Мусъаб ибн Зубайрга қарши уруш олиб борган, Ироқни умавийларга қўшган қўмондонлардан эди. Сўнг Абдулмалик уни Абдуллоҳ ибн Зубайрга қарши урушиш ва Ҳижозни бўйсундириш учун юборди. У Ибн Зубайрни ўлдирди ва ўша ерларга ўзи волий бўлди.

Ироқда фитналар янгитдан бошланганда (ўзи ҳар доим шундай бўлиб келган), Абдулмалик Ҳажжожни Ироққа волий қилди. Ҳажжож Ироққа қарши раҳмсиз ва шафқатсиз сиёсат олиб бориб, уни ҳам ўзига бўйсундирди. Ҳажжожнинг нуфузи Шарқнинг барча тарафларига тарқалди. Умавийлар давлати дуч келган тўсиқларни енгишда унинг хизматлари ниҳоятда катта эди. Кўриниб турибдики, Ҳажжожнинг шафқатсизлиги ўша замондаги тинчлик ва истиқлол учун хизмат қилган.

 

Хаворижлар

Ўша даврларда хаворижларнинг Ироқ ва Арабистон яриморолидаги фаолиятлари кучайди. Умавий қўмондонлардан Муҳаллаб ибн Абу Сафро уларнинг устидан кўп ғалабаларга эришиб, у ерларда жуда кўп аҳолини қириб битирди. Қотрий ибн Фужоъа ва Шабиб Шайбоний хаворижларнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан эди.


Абдулмалик ибн Марвон амалга оширган энг муҳим ишлар

– Ҳижрий 76 (милодий 695) йилда исломий пул бирлиги чиқарилиб, муомалага киритилди.

– Масжидул Ақсо биноси янгиланди.

– Девон ишлари арабийлаштирилди. Бу иш ҳижрий 81–86 (милодий 700–705) йилларда амалга оширилди.


Абдулмалик ибн Марвоннинг вафоти

Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 86 (милодий 705) йилда вафот этди. Унинг қонуний халифалиги ўн уч йил давом этди.

 

Кейинги мавзулар:
Валид ибн Абдулмалик.