Неъматга шукр қилиш мусулмон одам сифатланиши лозим бўлган энг улуғ ва гўзал ахлоқий сифатлардан биридир. Шукр - эзгулик улашган кишига чиройли мақтов ва яхшилик эвазига қилинадиган мукофотдир. Шукр луғатда- мақтов, миннатдорчилик билдириш, раҳмат ва ташаккур этиш деган маъноларни ифодаласа, неъмат эса, ҳузур-ҳаловат, фаровонлик, мўлчилик, фаровон турмуш, мол-мулк, бойлик ва неъмат каби маъноларда қўлланилади.
Истилоҳда, мусулмон киши бирор бир яхшиликка эга бўлса ёки унга бирор бир неъмат етса, буларнинг барчаси Аллоҳ таолодан деб эътироф этиш, уни бошқаларга сўзлаш ва неъматга шукр қилиб уни ўз ўрнига ишлатишга айтилади.
Ҳақиқатан, аслида неъмат эгаси Аллоҳ таолонинг ўзидир. Аммо, баъзи неъматлар етишида воситачи бўлади. Худди, инсон ҳақ йўлни топишида ёки бирор бир илм ё касб эгаси бўлишида пайғамбарлар, уламолар ва устозлар воситачи бўлганлари каби. Зотан, ота-она инсонни бу ёруғ дунёга келишига сабабчи бўлсалар, устоз ва мураббийлар дунё ва охират яхшиликларига эга бўлишларига сабабчи зотлардир. Шу боис доно халқимиз”Устоз отангдек улуғ”-дея тавсифлашади. Демак, биз бирор неъматга эришдикми дарров неъмат эгасига ташаккуримизни изҳор қилишмиз лозим бўлар экан.
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир яхшиликка эришса, бас, уни зикр қилсин. Ким зикр қилиб эсласа, батаҳқиқ уни шукрини адо этибди. Ким яширса, демак куфрона неъмат қилган бўлади”-дедилар. (Табароний ривояти).
Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади.
Ношукрлик инсонлараро муносабатларда ҳам ўзининг салбий натижаларини беради. Яхшиликни қадрлаб, имкони бўлса қайтариш айнан олижанобликдир.
Инсон нимага эришган бўлса, авваломбор Аллоҳнинг ўлчови қолаверса сабабият оламидаги сабабларга боғлиқдир. Биз доимо хушёр ва сергак бўлиб неъматларни ўз ўрнида қадрлашимиз шу билан биргаликда атрофимиздаги инсонларга ҳам тез-тез эслатиб туришимиз лозим. Шунда бизга етган неъматни қадрлаган бўлишлигимиз билан бирга зиёдасига ҳам эга бўлиш бахти туради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ
Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси,7-оят).
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг ҳадди – чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар: “Юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак, қандоқ бўларкин”. Агар уларнинг қулларидан тутсалар, улар ҳам, бошқалар ҳам – ҳаммалари нажот топурлар”. (Имом Бухорий ривоят қилган).
Ватанимиз осмони мусаффо, тинчлик-осойишта бу ҳаётимизни шукрини қилиш шу азиз юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳам қарзи ҳам фарзи бўлиши даркор. Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс бу ҳақиқатни теран англайди. Бу ишда ҳар ким қўлидан келган ҳиссасини қўшмоғи матлубдир. Билиб туриб бепарво бўлишига ҳеч ҳаққимиз йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг шукрлиси одамларга шукр қилганларидир”-деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Шукр қилишнинг рукни учтадир.
Шукр қилиш фазилати нимада? Киши неъматни ўз эгаси бўлган Яратувчисидан эканини тан олишлиги дунёдаги энг катта бахт ва саодатдир. Зеро, бу дунёда неъматнинг шукри эвазига зиёда бўлса, охиратда Роббисини розилиги ва жаннатига сазовор бўлиб, азобидан омонда қолишидадир.
Шукр ва мақтов орасида қандай фарқ бор? Икки жиҳатдан фарқ қилади;
Деб дуо қилсалар, бирор бало ё кўнгилсизлик етса, “Алҳамдулиллаҳи ала кулли ҳал” дер эдилар.
Ҳулоса ўрнида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳикам ибн Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларини келтирамиз: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сизларга бир яхшилик қилса, уни мукофатласин. Бирор нарса топа олмаса, уни ҳаққига дуо қилсин”-деганлар (Табароний ривояти).
Яратган Ўзи бераётган неъматларини зиёда қилсин. Юртимизни тинч, мустақиллигимизни абадий айласин!
Жалолиддин Ҳамроқулов, ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Маълумки, инсон ижтимоий мавжудот. У ҳаёти давомида муайян жамият аъзоси бўлиши ва ўзаро алаоқаларда фаол бўлиши унинг табиати ва фитратига мос. Лекин ушбу фаолияти унинг ўзлигини англаши ва Роббисини таниши ҳамда Унга нисбатан бандачилик қилишидан тўсиб қўймаслиги даркор. Шунинг учун ҳам мусулмон инсон вақти-вақти билан қилган ишларини сарҳисоб қилиши унинг руҳий тарбияси, қалб мусаффолиги ва имонининг мустаҳкамлиги учун зарур омил ҳисобланади. ана шу маънолар юзасидан Ислом шариатида “эътикоф” деб номланувчи улкан савобларга эга бўлган амал жорий қилинган.
“Эътикоф” луғатда бир нарсани ушлаб туриш ва бир жойда туриш маъноларини ифодалайди. Шаръий истилоҳда эса – рўзадор инсоннинг ният ила жамоат масжидида маълум муддат туриши тушунилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қатор ҳадиси шарифлар ривоят қилинган бўлиб, уларда эътикофнинг фазилати, фойдалари ва охиратда кўплаб ажр-савобларга сабаб бўлиши баён қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
هُوَ يَعْكِفُ الذُّنُوبَ وَيُجْرِى لَهُ مِنَ الْحَسَنَاتِ كَعَامِلِ الْحَسَنَاتِ كُلِّهَا
“У гуноҳлардан ушлайди ва эътикоф ўтирувчи учун барча яхшиликларни қилувчи каби яхшиликларни жорий қилади”, деганлар” [1].
Инсон масжидда ибодат билан машғул бўлиши орқали турли гуноҳлардан узоқ бўлиши, уларни амалга оширишдан сақланиши имконига эга бўлади. Шу билан бирга Аллоҳ таолони зикр қилиш, Қуръон тиловат қилиш ёки бошқа нафл ибодатлар билан машғул бўлиш орқали киши ўз нафсини солиҳ амаллар қилишга одатлантириши мумкин.
Шунинг учун ҳам уламолар мазкур ҳадис шарҳида “ушбу ҳадисда эътикофнинг ижобий таъсири ўлароқ Аллоҳ таоло эътикоф ўтирган бандани кейинчалик ҳам гуноҳлардан сақлашига далолат бор”, дея таъкидлаганлари бежиз эмас.
Қолаверса, ушбу ҳадисдан эътикоф ўзида кўплаб яхши амалларнинг савобини жамлаганини, эътикоф ўтирган банда барча яхшиликларни амалга оширгандек ажрга эга бўлишини билиб олишимиз мумкин.
Бошқа бир ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрлари ёнида туриб қуйидагиларни айтганлари ривоят қилинади:
سَمِعْتُ صَاحِبَ هَذَا الْقَبْرِ يَقُولُ: مَنْ مَشَى فيِ حَاجَةِ أَخِيْهِ وَبَلَغَ فِيْهاَ كَانَ خَيْراً لَهُ مِنْ اِعْتِكافِ عَشْرِ سِنِيْنَ وَمَنِ اعْتَكَفَ يَوْماً اِبْتِغَاءَ وَجْهِ اللهِ تَعَالَى جَعَلَ الله بَيْنَهُ وَبَيْنَ النَّارِ ثَلاَثَ خَنَادِقَ أَبْعَدَ مِمَّا بَيْنَ الخَافِقَيْنِ
“Мен ушбу қабр соҳибини: “Ким ўз дўстининг ҳожати учун юриб, уни чиқарса, унга ўн йил эътикоф ўтиргандан яхши бўлур. Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир кун эътикоф ўтирса, у билан дўзах орасини осмон ва ер кенглигича бўлган уч хандақ масофада узоқ қилади”, деганларини эшитдим” [2].
Эътикоф аслида савобли амал. Унинг савоблар кўпайтириб бериладиган муборак ой – рамазон ойида бўлиши эса улкан ажрларга сабаб бўлади. Қолаверса, ушбу одат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Бу борада кўплаб ҳадислар ва саҳобаи киромларнинг асарлари ривоят қилинган. Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бундай дейдилар:
كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعْتَكِفُ فِي كُلِّ رَمَضَانَ عَشْرَةَ أَيَّامٍ فَلَمَّا كَانَ الْعَامُ الَّذِي قُبِضَ فِيهِ اعْتَكَفَ عِشْرِينَ يَوْمًا
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот этган йиллари йигирма кун эътикоф ўтирдилар” [3].
Бошқа ривоятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазоннинг айнан қайси кунларида эътикоф ўтирганлари очиқ баён қилинган. Жумладан, Имом Бухорий ва Имом Муслим ўз “Саҳиҳ”ларида келтирган ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо у зотнинг ушбу одатларини қуйидагича ёдга олганлар:
كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعْتَكِفُ الْعَشْرَ اْلأَوَاخِرَ مِنْ رَمَضَانَ حَتَّى تَوَفَّاهُ اللهُ ثُمَّ اعْتَكَفَ أَزْوَاجُهُ مِنْ بَعْدِهِ
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у зотдан кейин завжалари ўтиришди”.
Фуқаҳолар ушбу ва бундан бошқа кўплаб ҳадислардан келиб чиқиб, рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтириш суннати муаккада – таъкидланган суннат эканига, бошқа кунлари эса мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган.
Эътикофнинг энг оз муддати тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аниқ кўрсатма келмаган. Шунинг учун ҳам уламолар бу борада турли қарашларни айтиб ўтишган. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи эътикофнинг энг ози бир кун, деган бўлсалар, Имом Абу Юсуф кундузнинг кўпроғида ўтирса, эътикоф бўлади, деганлар. Имом Муҳаммад эса бирор лаҳза бўлса ҳам ният қилиб масжидда ўтирса, эътикоф ўрнига ўтади ва эътикофга савоб олади, деганлар.
Мазҳабимиздаги кейинги муҳаққиқ уламолар кўпчилик инсонларнинг эҳтиёжларини инобатга олиб Имом Муҳаммаднинг қавлига фатво берганлар [4]. Қолаверса, буни машҳур саҳобалардан бири Яъло ибн Умайя разийаллоҳу анҳудан келтирилган ривоят ҳам қўллайди. Унда ушбу саҳоба ўз дўстига қарата: “Биз билан масжидга юр, у ерда бирор лаҳза эътикоф ўтирамиз”, деган экан [5].
Ҳанафий мазҳабига кўра аёллар эътикоф учун масжидларга бормайдилар. Балки, улар эрлари ёки ота-оналарининг рухсати билан уйларида эътикоф ўтиришлари мумкин. Бунда иложи борича ибодат учун қулай шароитга эга бўлган ўзларининг хос хоналарида эътикоф ўтирганлари афзал саналади. Зеро, Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
صَلاَةُ الْمَرْأَةِ فِى بَيْتِهَا أَفْضَلُ مِنْ صَلاَتِهَا فِى حُجْرَتِهَا وَصَلاَتُهَا فِى مَخْدَعِهَا أَفْضَلُ مِنْ صَلاَتِهَا فِى بَيْتِهَا
“Аёл кишининг уйидаги намози айвонида ўқиган намозидан афзалдир. Унинг хос хонасида ўқиган намози уйида ўқиган намозидан афзалдир” деганлар [6].
Муборак рамазон ойи ибодат мавсуми. ушбу фазилатли ойни ғанимат билиб, имкон қадар ҳар бир дақиқани тоат-ибодат ва солиҳ амаллар билан ўтказиш, Аллоҳ таолонинг авфи ва мағфиратини сўраш, Унинг буюк фазли, раҳматидан умид қилиш улкан бахт ва саодатдир. Шундай экан ҳар биримиз бу каби фазилатлардан ғафлатда қолмаслигимиз ва буюк Роббимизнинг қуйидаги олий чақириғини унутмаслигимиз лозим: “Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Роббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!” [7].
Абдулатиф домла ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази бош мутахассиси.
[1] Ибн Можа “Сунан”да ривоят қилган. Баъзи муҳаддислар ушбу ҳадисни заиф дейишган. Чунки иснодида Фарқад ибн Яқуб ас-Сабахий исмли ровий бўлиб, Имом Яҳё ибн Маийн уни ишончли, деган бўлса, Имом Аҳмад ва Имом Дорақутний заиф, дейишган. Аллома ибн Ҳажар Асқалоний эса “Ушбу ровий ишончли, ростгўй ва ибодатгўй инсон бўлиб, баъзан ёддан ҳадис айтишда адашиб турган”, деган. Жумҳур уламолар ҳукмий ва ақидавий бўлмаган, балки фазилатли амалларга тааллуқли бўлган масалаларда бу каби заиф ҳадисларга суяниш мумкинлигига иттифоқ қилишган.
[2] Табароний “Муъжам ал-авсат”да, Байҳақий “Шуабул имон”да ривоят қилган. Ибн Ҳажар Ҳайтамий ўзининг “Мажмаъ аз-завоид” асарида “Ушбу ҳадиснинг исноди яхши”, деган бўлса, Имом Ҳоким ушбу ҳадисни саҳиҳ, дея баҳолаган.
[3] Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
[4] Қаранг: Мулла Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори ал-ҳанафий. Фатҳу боб ал-иноя шарҳ китоб ан-ниқоя. 2-жуз. 243-бет.
[5] Ибн Аби Шайба “Мусаннаф”да ривоят қилган.
[6] Абу Довуд “Сунан”да, Байҳақий “Маърифтус сунан вал осор”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган. Имом Ҳоким “Ушбу ҳадис икки шайх (Бухорий ва Муслим) шартига кўра саҳиҳдир” деган.
[7] Ҳаж сураси, 77-оят.