Маълумки, ислом шариати жамият ҳаётидаги деярли барча масалаларга жавоб топиб келган. Динимиз бошқалар арзимас деб қараган ишларга ҳам катта аҳамият беради. Оила - бу муқаддас даргоҳ, жамиятнинг таянчи. Оила соғлом бўлиши учун никоҳнинг аҳамияти катта. Фиқҳ китобларимизнинг барчасида, никоҳ бобида бола эмизиш масаласига алоҳида урғу берилган.Бир қарашда арзимасдек туюлган бу ишда қандай ҳикматлар бор ва нима учун динимиз бу ишга шунчалар катта аҳамият берган?
Аввалом бор бола эмизиш масаласининг шаръий ҳукмларига тўхталиб ўтсак. “Разоъ” сўзи луғатда эмизиш сўриш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, икки ёшга тўлмаган боланинг қорнига аёл киши сутининг етиб боришидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Волидалар болаларини тўлиқ икки йил эмизурлар. Ким эмизишни батамом қилишни ҳоҳласа”. (Бақара, 233). Шунга кўра бола икки ёшгача бўлган муддатда бегона онани эмса (Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ икки ярим ойгача, деганлар) ва боланинг қорнига сут етиб боргани аниқ бўлса эмикдошлик ҳукмида бўлади. Бола икки яримдан ошганда эмса, эмгани билан сут боланинг қорнига етиб бормаганлиги аниқ бўлса ёки сути йўқ аёлларни эмса эмикдошлик ҳукмида бўлмайди. Ойша (р.а)дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в): Насаб жиҳатидан никоҳи ҳаром бўлганлар эмиш жиҳатидан ҳам ҳаром бўлади”, дедилар”. Агар бир аёлни иккита бир-бирига бегона бўлган болалар эмса, уларнинг бири қиз ва иккинчиси ўғил бола бўлса,булар бир-бирига эмикдош бўлади ва никоҳлари дуруст бўлмайди. Агар шундай йигит ва қиз бир-бирлари билан никоҳланган бўлса, уларнинг эмикдош эканлигини адолатли икки эр киши ёҳуд бир эр киши ва икки аёл киши биргаликда гувоҳлик берса никоҳлари тўғри бўлмайди. Уқба ибн Ҳорис (р.а) айтади: “Бир аёлга уйландим. Сўнгра олдимизга бир қора хотин келиб, икковингизни эмизганман, деди. Шунда мен бориб Пайғамбармиз (с.а.в)га хабар бердим ва: “Албатта, бу аёл ёлғончи бўлса керак”, дедим. У Зот юзларини ўгириб олдилар. Мен яна юз томонларига ўтиб: “Албатта у ёлғончи”, дедим. У Зот: “Қандоқ қилиб, ахир, у икковингизни эмизганини даъво қилмоқда-ку! Уни қўйиб юбор”, дедилар”. Ҳозирги замон тиббиёти ҳам қариндошлар ўртасидаги никоҳларда насл касаллари билан касалланиш кўп учрашини тасдиқлайди. Шундай никоҳлар туфайли бир қанча болалар ногирон, майиб-мажруҳ туғилишига ҳаётда гувоҳ бўлиб турибмиз. Гўдакнинг икки ёшгача асосий озиқаси она сути бўлади. Гўдакнинг ўсиши, ривожланиши шу сутдан оладиган озиқага боғлиқ. Онада сут пайдо бўлиши отадан урчиш сабаблидир. Демак, она сутида ҳам она, ҳам ота организмидаги моддалар мавжуд. Бу сутни эмган турли болалар қариндошларга ўхшаб қолади ва никоҳлари салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.Баъзан аёлларимиздан туғруқхонада айрим болалар ўз онасини сутига тўймаган пайтда, ёнидаги аёллар эмизишини ёки сутини соғиб ичказишини эшитиб қоламиз. Бундай ҳолатларга ўта эътиборли бўлиш лозим. Аввалом бор бегона болани эмизиш учун эрнинг розилиги бўлиши керак. Эмизган боланинг ота-онасини, болани аниқ билиш ва эслаб қолиш лозим. Чунки, вақти келиб бу гўдак вояга етганда шу онанинг болалари билан никоҳ боғлашни ҳоҳлаб қолиши мумкин. Бундай никоҳ эса асло мумкин эмас. Чунки, бу болалар бир-бирига эмикдош бўлиб қолган. Шунинг учун фарзандларимизни никоҳлашни ҳоҳлаганимизда бу нарсаларга ҳам алоҳида аҳамият беришимиз лозим.
Шу ўринда яна бир нарсага эътибор қаратишни ҳоҳлардим. Ҳозирги кунда ғарб маданияти миллий ва диний маданиятларимизга катта таҳдид солмоқда. Бу нарса биз гапираётган бола эмизиш масаласини ҳам четлаб ўтмаяпти. Дўконда ишлайдиган бир опа: “Ҳозирги ёш оналаримиз сунъий сутларни кўп харид қилади. Улардан нега болаларингизни эмизмай сунъий сутлар берасалар десам, бола эмизсак қоматимиз бузилади, баъзилари эса бола онага ўрганиб қолиб кечалари уйқу бермай ҳаловатимиз бузилади, деб жавоб беради”, дейди. Росулуллоҳ (с.а.в) уч бора онага яхшилик қилишга буюрдилар, жаннат оналар оёқлари остидадир деб марҳамат қилдилар. Бу айтилган мукофотлар айнан оналарнинг ўша машаққатлари учун берилмаганми?
Она сути ўрнини ҳеч қандай озиқа боса олмайди. Она сутида гўдак учун керакли бўлган энг зарурий озиқавий моддалар борлигини, гўдакларни турли хил инфекциялардан, микроб касалликларидан ҳимоя қилишини замонавий тиббиёт ҳам тасдиқлайди. Она сутида сигир сутида учрамайдиган юздан ортиқ моддалар мавжуд экан. Гўдак эмизган оналарда кўкрак саратонига қарши иммунитетлар пайдо бўлиши фанда аниқланган. Бола жисмонан соғлом ўсиши учун она сутининг аҳамияти катта. Фарзанд учун нафақат жисмоний соғлиқ, балки маънавий соғломлик ҳам зарур. Она боласини эмизганда болани бағрига олиб, алоҳида меҳр беради. Она қаттиқ ҳаяжонланганда ёки қўрққанда онадан сут қочиб кетиш ҳолатларини эшитганмиз. Демак, она кўкрагига сут келиши учун онада руҳий сокинлик, меҳрибонлик туйғулари бўлиши лозим. Она боласини эмизаётганда унга нафақат сут, балки шу сутга қўшиб алоҳида меҳр ҳам беради, она ва бола ўртасида меҳрибонлик туйғулари уйғунлашади. Ёшим қирқ бирга тўлди. Ҳар сафар саксонга кирган онамни зиёратига бориб, онамни бағрига кирганимда қандайдир бир ажиб ҳидни ҳис қиламан. Балки бу гўдаклигимда онам бағрига босиб, кўкрак сути берган пайтдаги ҳидмикан? Кўкрак сути эмиб катта бўлган бола бир инсонга, яъни онага қаттиқ боғланади, алоҳида меҳр қўяди.Сунъий сут билан катта бўлган болада бундай туйғу бўлмайди, чунки унга ким бўлса ҳам шишадаги сутини берса бўлди. Кўзимизни юмиб она ва бола деганда нимани тасаввур қилишни ўйлаб кўрайлик. Кўз ўнгимизга шишада боласига сут бераётган она эмас, балки гўдагини бағрига босиб, кўксидан меҳр билан сут эмизаётган она сиймоси келмайдими? Ёш оналаримиз ўз ҳаловатларини ўйлайверса, қоматларини сақлаш учун боланинг шаръий ҳаққи бўлган сутларини бермаса, бу сиймо аста-секин тасаввуримиздан ҳам ўчиб кетмаса деб қўрқаман. Бола эмизиш онанинг бурчи, фарзанднинг ҳаққидир. Вақти келиб боласи вояга етиб онасини норози қиладиган бўлса, она қандай қилиб берган оқ сутимга рози эмасман деб айта олади. Қандай қилиб фарзандини ҳаққини бермай туриб, ундан ҳақ талаб қила олади.
Мана шунинг учун бола эмизиш масаласига жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Бу нафақат насл-насабни пок сақлаш, балки жамиятда она ва бола ўртасидаги меҳрибонлик ришталарини боғлаш масаласи ҳамдир. Тарихда бетаҳорат болаларини эмизмаган оналардан дунёга машҳур алломалар етишиб чиққани ҳаммамизга маълум.
Абдулхаким Акмалов,
Оҳангарон туман “Абдуқаҳҳор Маҳсум”
жоме масжиди имом-хатиби
Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.
Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.
Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.
Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.
Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.
Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати