Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

12.09.2016   9042   2 min.
Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Бугун эрта тонгданоқ “Ҳазрати имом”  жоме масжиди муборак Қурбон ҳайити намозини адо этиш учун келганлар билан гавжум бўлди. Тошкентнинг кўҳна эски шаҳар қисмида жойлашган “Ҳазрати имом” (Ҳастимом) масжидида Қурбон ҳайити намози Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигида адо этилди.

Бу муборак кунларда меҳр-мурувват, ўзаро ёрдам, саховат каби эзгу амалларни кўпроқ амалга ошириш ҳамда қурбонлик қилиш, унинг тартиб ва одоблари ҳақида муфтий ҳазратлари сўзлаб бердилар.

Ҳайит намози адо этилгач, муфтий ҳазратлари: “Аллоҳ Қурбон ҳайити намозининг савобидан ҳаммамизни баҳраманд айлаб, бу улуғ байрам баракотидан барча мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларини мағфират этиб, ҳидоятга бошласин, даражаларини юқорига кўтариб, икки дунё саодатига мушарраф айласин. Юртимиз тинчлиги ва осойишталигини бардавом қилсин”, деб дуо қилдилар. 

Нуроний отахонлар ҳам бир-бирларини байрам билан қутлар эканлар, бу дориломон кунларга етказганига шукур қилишди, юртимиз тинч ва бундан-да фаровон бўлишини тилашди. Озод ва обод Ватанимиз равнақини, фарзандлар камолини Яратгандан сўраб дуолар қилдилар.

Шунингдек, Қурбон ҳайити намози юртимизнинг барча масжидларида кўтаринки руҳда адо этилди.

Ушбу байрам мамлакатимизда ҳар доим кўтаринки руҳда нишонланади. Шаҳару қишлоқларда кўча ва гузарлар тартибга келтирилади, қабристон ва зиёратгоҳлар ободонлаштирилади. Ёрдамга муҳтож ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинади. Яқин кишиларга ҳайитлик улашиш ҳам чиройли анъаналаримиздан бири. Бундай хайрли ишлар одамлар ўртасида меҳр-мурувват ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаяпти.


Мусулмонларнинг шод-хуррамлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрами  – Қурбон ҳайити айёми муборак бўлсин, азиз юртдошлар!

ЎМИ Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

11.08.2026   18578   2 min.
Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

Адлия вазирлиги Микромолия ташкилоти ва банк фаолиятини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3656-1, 01.08.2026 й.), хабар бермоқда huquqiyaxborot Telegram канали.

Мазкур идоравий ҳужжат "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ–1126-сон Қонунга мувофиқ айрим кредит ташкилотлари фаолиятини ўзгартиришнинг қуйидаги тартиб-таомилларини белгилайди:

  • микромолия ташкилотини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини микромолия ташкилотига ўзгартириш;
  • банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш.

Шунингдек, ўз фаолиятини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартиришга фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банки ҳақли.

Микромолия банкини давлат рўйхатидан ўтказиш ва банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар) олиш учун ногиронлиги бўлган шахслар учун микромолия банки биноларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосаси мавжуд бўлиши керак.

Ташаббус Форс кўрфази мамлакатларидан инвестицияларни жалб қилишга қаратилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш иқтисодиётга депозитлар ва тўғридан-тўғри инвестициялар кўринишида тахминан 1 миллиард доллар жалб қилиши мумкин. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2035 йилга бориб Ўзбекистон ушбу тизим ишга туширилгандан бери дунёда ислом молиясининг энг тез ўсишини намойиш этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари