Бугун эрта тонгданоқ “Ҳазрати имом” жоме масжиди муборак Қурбон ҳайити намозини адо этиш учун келганлар билан гавжум бўлди. Тошкентнинг кўҳна эски шаҳар қисмида жойлашган “Ҳазрати имом” (Ҳастимом) масжидида Қурбон ҳайити намози Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигида адо этилди.
Бу муборак кунларда меҳр-мурувват, ўзаро ёрдам, саховат каби эзгу амалларни кўпроқ амалга ошириш ҳамда қурбонлик қилиш, унинг тартиб ва одоблари ҳақида муфтий ҳазратлари сўзлаб бердилар.
Ҳайит намози адо этилгач, муфтий ҳазратлари: “Аллоҳ Қурбон ҳайити намозининг савобидан ҳаммамизни баҳраманд айлаб, бу улуғ байрам баракотидан барча мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларини мағфират этиб, ҳидоятга бошласин, даражаларини юқорига кўтариб, икки дунё саодатига мушарраф айласин. Юртимиз тинчлиги ва осойишталигини бардавом қилсин”, деб дуо қилдилар.
Нуроний отахонлар ҳам бир-бирларини байрам билан қутлар эканлар, бу дориломон кунларга етказганига шукур қилишди, юртимиз тинч ва бундан-да фаровон бўлишини тилашди. Озод ва обод Ватанимиз равнақини, фарзандлар камолини Яратгандан сўраб дуолар қилдилар.
Шунингдек, Қурбон ҳайити намози юртимизнинг барча масжидларида кўтаринки руҳда адо этилди.
Ушбу байрам мамлакатимизда ҳар доим кўтаринки руҳда нишонланади. Шаҳару қишлоқларда кўча ва гузарлар тартибга келтирилади, қабристон ва зиёратгоҳлар ободонлаштирилади. Ёрдамга муҳтож ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинади. Яқин кишиларга ҳайитлик улашиш ҳам чиройли анъаналаримиздан бири. Бундай хайрли ишлар одамлар ўртасида меҳр-мурувват ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаяпти.
Мусулмонларнинг шод-хуррамлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрами – Қурбон ҳайити айёми муборак бўлсин, азиз юртдошлар!
ЎМИ Матбуот хизмати
Менинг ҳозирги касбим ҳайдовчилик. Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидан Тошкент шаҳрига қатнайман. Ҳар йили Рамазон ойи келиши билан мени бироз ўй босарди. Сабаби – пойтахтга келиб, бу ердаги масжидларда ўқиладиган хатми Қуръонларда қатнашган чоғларим руҳим тиниқар, толиқсам-да, ўзимни тетик ҳис этардим. Аммо, бир кун шаҳарда, бошқа куни қишлоқда бўлишга тўғри келар, қишлоғимиз масжидида эса таровиҳнинг ўзи ўқиларди. Ҳар куни хатмга қатнашолмаганимдан дилим ғаш бўларди.
Алҳамдулиллаҳ, бу йилги Рамазонда бизнинг қишлоқдаги “Чим” жоме масжидида имомимиз Абдулазиз домла Абдуллаев бошчилигида ҳам хатми Қуръон бўлаётир. Ёш ва ғайратли уч нафар қори довон оша воҳа аҳлини Қуръон файзидан баҳраманд этиш учун юборилибди. Тўғриси, эсимни таниганимдан бери қишлоғимизда таровиҳлар ўқилар, аммо бирор марта хатми Қуръон ўқилмаган. Бундан жуда мамнун бўлдим. Энди шаҳарда бўламанми, қишлоқдами – Қуръон хатмини келган жойидан тинглаб, жамоат намози файзидан баҳраманд бўляпман.
Касб тақозоси билан турли табиатли одамларни учратаман. Баъзилар билиб-билмай замондан нолиб қолишади. Шундай пайтларда тинчлик, соғлик, офият каби катта неъматлар қаторида қишлоғимизда бошланган хатми Қуръонлар юртимиз бўйлаб бир минг етти юздан ортиқ масжидларда бирдай ўқилаётгани улуғ неъмат, деб ўйлайман. Мен учун катта хурсандчилик бўлган ушбу хайрли ишнинг амалга оширилишида ташаббус кўрсатиб, ҳисса қўшган барчага, хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига миннатдорлик билдираман.
Инша Аллоҳ, Қадр кечасида бир вақтнинг ўзида хатмоналар қилиниб, дуолар қилинар экан. Юртимиз масжидлари қаторида биз ҳам ҳамқишлоқларимиз билан қўлларимизни очиб, “омин” дейиш ниятидамиз.
Аллоҳ ўша кунларга ҳам соғлик-омонликда етказиб, хатмоналар, дуолар шарофатидан Ватанимизга файзу баракасини мўл-кўл ёғдираверсин.
Омонбек Тошниёзов,
Қамаши тумани, Чим қишлоғи