Ҳайит байрамларида ёшу қари, бойу камбағал барчалари шоду хуррам бўлиб, бир-бирларига хурсандчилик изҳор қилишади. Бу улуғ байрам Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари нишонланади. Мусулмонлар ҳамиша орзиқиб кутадиган ушбу икки ҳайит байрамларига тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб, у сабабли банда кўплаб ажру савобларга эга бўлади. Жумладан:
Эзгу ният. Ҳайит намозига чиқилар экан, зиммасидаги вожиб амални адо этишни ният қилади. Пайғамбаримиз Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўрсатмаларини бажариш нияти билан яхши кийимларини кийиб чиқади. Силаи раҳм, яъни қавму қариндошларини зиёрат қилишга ҳаракат қилади.
Ғусл қилиш ва хушбўйланиш. Ювиниб тоза-озода бўлганидан сўнг ширин мушк ва атирлар билан хушбўйланиб чиқиш ҳам бу куннинг одобларидан саналади.
Яхши кийимлар кийиш. Ҳайит кунида имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб бўлади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду хуррамлигини намоён қилиш ҳамдир.
Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емаслик. Қурбон ҳайитида Рамазон ҳайитининг акси ўлароқ то ҳайит намози адо этилгунича таомланмаслик, балки сўйган қурбонлигининг гўштидан ейиши суннатдир.
وَلاَ يَطْعَمُ يَوْمَ الأَضْحَى حَتَّى يُصَلِّىَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қурбонлик кунида намоз ўқигунларича таомланмасдилар (Термизий ривояти).
Ҳайит намозига эрта бориш.
عَنِ الْبَرَّاءِ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَخْطِبُ فَقَالَ إِنَّ أَوَّلَ مَا نَبْدَأُ مِنْ يَوْمِنَا هَذَا أَنْ نُصَلِّيَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ أَصَابَ سُنَّتَنَا رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Барро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хутба қилаётиб бундай деганларини эшитганман: “Ушбу кунда биринчи қилинадиган иш байрам намозини ўқишдир, сўнгра қурбонлик қилишдир. Кимки шундай қилган бўлса, албатта бизнинг суннатимизга эргашибди” (Имом Бухорий ривояти).
Масжидга пиёда юриб бориш. Агар йўл узоқлик қилмаса, қору-ёмғир ёғмаётган бўлса ёки касал бўлмаса ҳайит куни намозгоҳга пиёда юриб бориш суннат ҳисобланади.
Масжидга боргунича овозини чиқариб таҳлил ва такбир айтиб бориш. Ҳайит намозини ўқиш учун уйдан чиқилган пайтдан то намозгоҳга етиб боргунча “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” ларни айтиб бориш ҳам суннат ҳисобланади. Ушбу суннатни адо этиш Ислом шиорини изҳор қилиш ва ҳайит байрами келганидан шодланиш ифодаси, ҳамда ушбу куннинг олдинги ва кейинги кунлардан фарқли кун эканини барча инсонларга билдириш ҳисобланади.
Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Ҳайит намозига етиб борганидан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан таҳлил ва такбирлар айтиб зикр қилиб ўтириш суннатдир.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لَا يُصَلِّي قَبْلَ الْعِيدِ شَيْئًا فَإِذَا رَجَعَ إِلَى مَنْزِلِهِ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ رَوَاهُ ابنُ مَاجة
Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Иъйддан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, қачон манзилларига қайтсалар икки ракаат намоз ўқирдилар” (Ибн Можа ривояти).
Бир-бирлари билан кўришиб, ҳайит билан муборакбод этиш. Инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам барчанинг кўнглига хурсандчилик улашадиган бу куннинг одобларидан ҳисобланади. Яъни “Аллоҳ биздан ҳам сизлардан ҳам қабул қилсин” маъносидаги тилаклар билдириш яхши саналади.
Масжиддан уйига қайтишда бошқа йўлдан қайтиш. Ҳайит куни намоздан уйига қайтишда борган йўлидан бошқа йўлдан қайтиш ҳам суннатдир.
عَنْ جَابِرٍ قَالَ كَانَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا كَانَ يَوْمُ عِيدٍ خَالَفَ الطَّرِيقَ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон Иъйд куни бўлса, йўлни фарқли қилардилар” (Имом Бухорий ривояти). Ҳайит куни ўзига яқин бўлган масжидга пиёда юриб борилса, намозга бориб келишдаги босган қадамлари ададича савоблари ҳам кўпаяди. Шунингдек, йўлдаги тирбандликларнинг олди олинади.
Қавму қариндошларни зиёрат қилиш. Қавму қариндошларнинг ҳолидан хабар олиш барча вақтда ҳам мусулмон кишининг зиммасидаги вазифа, ҳайит кунларида бу вазифа янада таъкидланган.
Қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш. Ҳайит муносабати билан қўни-қўшниларга таом улашиб, уларни зиёрат қилинса, хурсандчиликлар янада зиёда бўлади.
Турли исрофгарчиликлардан тийилиш. Ҳайит байрамида хурсандчилик қилаётган мусулмон шариатда ман қилинган ишлардан тийилиш лозим. Чунки бу кунда қилинган хайрли ишларнинг савоби улуғ бўлганидек, ношаръий ишларнинг ҳам гуноҳи каттадир. Гўё “ҳайитда рухсат” дегандек турли ношаръий ўйин-кулгуларга машғул бўлиш ёки аксинча шариат байрам қилиб белгилаган кунни азага айлантириш ярамайди. Зеро ҳайит куни ҳам мусулмон кишининг бошқа кунлари сингари яхшилик ва хайр-барака куни бўлиши, гуноҳ ва маъсиятлар содир этадиган кун бўлмаслиги керак.
Ёш болаларни хурсанд қилиш. Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, ҳайвонот боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмонлик белгиларидан биридир. Зеро ҳар бир воқеа ёш боланинг онгида тошга ўйилган нақш каби сақланади. Бир танишимиз бундай ҳикоя қилади: “Етмишинчи йилларнинг боши... Комфирқа одамлари ҳайит намозини масжидда ўқитишмайди. Намозга тўпланган жамоа нима қиларини билмай қолади. Шунда дадам: “Юринглар, ҳайит намозини ўқийдиган жой бор”, дейдилар. Одамлар дадамга эргашишди.
...Эндигина кўча эшик олдини супуриб бўлган онам дадамнинг эрта қайтганидан ажабланди. Дадам шошилиб, қибла томонга шолча тўшади. Бир зумда ҳовли одамга тўлди. Биров қўйнидан жойнамоз олди, биров белбоғини ечиб ерга солди. Намоз ўқилди. Кишилар дуо қилиб тарқалишди. Дадам одамларни кузатгач, бизга ҳайитлик бердилар. Биз хурсанд, аммо онам... Ота-онам тортишуви анча давом этди. Уларнинг гапидан уқдим, ҳайит намози ўқилмасин деб шўро ташкилотидан вакиллар келган, хонақоҳга ҳеч кимни киритмай, ҳаммани тарқалишга буюришган.
Бу воқеадан сўнг онам анча вақтгача дадамдан хавотирга тушиб, сал кеч қолсалар, илҳақ бўлиб, бизни хабар олишга жўнатардилар. Бу хавотирларининг сабабини кейинроқ тушундим...”
Алҳамдулиллаҳ, ҳозир жума ва ҳайит кунлари эмин-эркин ибодат қилиб, яқинларига ҳайитликлар улашаётган отахонларни кўриб, кўнглимиз қувнайди. Баъзилар ҳайит куни болаларга бериладиган совға ва ҳайитликларни “садақа” деб қабул қилишади. Ҳайитлик олганингни кўрмайин, дея фарзандларига дашном беришади. Аслида эса ҳайитлик “садақа” эмас!.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ҳайит куни бирга кетишаётган эди. Мадина кўчаларида ўйнаб юрган болалар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ҳайитлик сўрашди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
– Эй Умар, мени бу болалардан сотиб олмайсизми? – дедилар.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) югуриб кетдилар ва болаларга гўшт, бир оз хурмо ва мевалар келтириб бердилар. Мамнун бўлган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак юзларига табассум ёйилди (“Тарихул Анбиё”).
Ҳайитингиз муборак бўлсин!
“Мовароуннаҳр” нашриёти ходими
Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.
Аллоҳга ҳамд бўлсин, Самарқандда катта лойиҳа – Имом Бухорий мажмуаси зиёратчилар учун хизмат қилишни бошлади. Зиёратчилар кундан кунга кўпайиб бормоқда. Уларнинг ҳар бирлари муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг меҳмонларидир.
Дарҳақиқат, раҳбарлар ҳузурига кираётган инсон ташқи кўринишига, ўз хатти ҳаракатларига жуда эътиборли бўлади. Ўз ўрнида Ҳадис бўйича мусулмонлар раҳбари бўлган Муҳаммад ибн Исмоил ҳазратларининг меҳмони бўлишни ният қилиб келаётган диндошларимиз ҳам бир неча кўрсатмаларга амал қилишлари зарур бўлади. Йўқса, зиёратимиз фойдамизга эмас, аксинча зиёнимизга ҳужжат бўлиб қолади. Зотан, мажмуа сайлгоҳ ёки кўнгилочар хиёбон эмас, балки улкан масжид ва мақбара (қабрстон)ни ўз ичига олади.
Аввало, уйдан чиқаётганда, сафар дуосини ўқинг, гўзал ният билан уловга чиқинг. Эркаклар калта, тор, ноўрин расмлари бор кийимларни эмас, кенгроқ, узунроқ, зиёратга муносиб кийимларини кийиб олишсин. Муслима опа-сингилларимиз эса доимгидек, кенг ва узун кийимларни кийиб, рўмолларини ўраб олишсин. Афсуски, зиёратгоҳда жуда калта, шаффоф ва тор кийиниб олганлар ҳам гоҳида учраб қолмоқда. Бу миллий қадриятларимизга хилоф, буюк муҳаддисга нисбатан ҳурматсизлик бўлиб қолади, Аллоҳ сақласин.
Зиёратга келувчилар, албатта, масжидга кириб, таҳиятул масжид (масжид ҳаққи) намозини, фарз намоз вақти бўлса, жамоат билан фарз намозини адо қилишлари даркор. Имом Бухорий мажмуаси зиёратига келганда камида икки ракат намоз ўқимагунча у ердан кетманг.
Мажмуа ҳудудига кирганда, овозни баланд кўтармаслик, бақир-чақир қилмаслик, бировга озор бермаслик лозим. Чунки бу жойда ҳар бир қадам одоб билан босилиши, ҳар бир ҳаракатда ҳурмат ва виқор намоён бўлиши керак.
Айниқса, масжид ичида суҳбатни камайтириш, телефонда баланд овозда гаплашмаслик, болаларни назоратсиз қолдирмаслик, таглиги йўқ гўдакларни масжидга олиб кирмаслик зарур. Масжид Аллоҳнинг уйидир. У ерда дунёвий гап-сўз, кулги, шовқин-сурон ва тартибсиз ҳаракатлар мусулмон кишига муносиб эмас. Агар телефон олиб кирилса, уни овозсиз ҳолатга ўтказиб қўйиш, бошқа намозхонларга халақит бермаслик лозим.
Қабр зиёратида ҳам шаръий одобларга амал қилинг. Имом Бухорий ҳазратларининг қабрлари ёнига борганда, у зотга салом беринг, ҳақларига дуо қилинг. Аллоҳ таолодан у зотнинг даражаларини янада баланд қилишини сўранг. Шунингдек, Аллоҳдан сўрайдиган ҳожатларингизни дуо қилинг. Зотан, у зотнинг ҳузурида қилинган дуолар ижобат бўлганига асрлар давомида гувоҳ бўлиб келинган. Бироқ қабрни айланиш, унга суяниш, қўл суртиш, қабрдан ҳожат сўраш, мато боғлаш ёки шунга ўхшаш шариатда кўрсатилмаган ишлардан сақланиш лозим. Зеро, дуо фақат Аллоҳдан сўралади, ҳожатлар фақат У Зотдан умид қилинади.
Зиёрат давомида суратга тушиш масаласида ҳам меъёрни унутмаслик керак. Хотира учун суратга тушиш – мумкин бўлган жойларда одоб доирасидан чиқмасдан, бошқаларга халақит бермасдан бажарилсин. Масжид ичида намоз ўқилаётган пайтда қабр ёнида турли кўринишда суратга тушиш, ҳазиломуз ҳолатлар қилиш зиёрат руҳига мутлақо тўғри келмайди.
Фарзандлари билан келган ота-оналар эса болаларга бу жойнинг қадрини тушунтириб қўйишлари лозим. Болаларнинг югуриб, бақириб, зиёратчиларга халақит беришларига йўл қўймаслик керак. Аксинча, уларга Имом Бухорий ҳазратларининг илм йўлидаги меҳнатлари, ҳадис илмига қўшган хизматлари, уламоларга ҳурмат қилиш одоби ҳақида қисқача тушунча берилса, бу зиёрат улар учун ҳам тарбиявий сабоққа айланади.
Энг муҳими, зиёрат фақат кўриш, айланиш ёки суратга тушиш учун эмас, балки ибрат олиш, қалбни поклаш, илмга муҳаббат уйғотиш ва Аллоҳга яқинлашиш учун бўлиши керак. Имом Бухорий ҳазратлари бутун умрларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини жамлаш, саралаш ва умматга етказишга бағишлаганлар. У зотнинг ҳузурига келган ҳар бир киши: “Мен ҳам илмга, одобга, ибодатга ва суннатга қанчалик боғланяпман?” деб ўзини бир бор тергаши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, Имом Бухорий мажмуасига қадам қўйган ҳар бир зиёратчи бу масканнинг ҳурматини сақлаши, кийиниш, юриш-туриш, гап-сўз ва ибодатда одобли бўлиши даркор. Шунда зиёратимиз кўнгилхушлик эмас, балки қалбларни уйғотадиган, илмга муҳаббатни оширадиган ва Аллоҳ розилигига сабаб бўладиган муборак амалга айланади.
Аллоҳ таоло барчамизни зиёрат одобларига амал қиладиган, уламолар меросини қадрлайдиган ва Имом Бухорий ҳазратларининг илмий-маънавий йўлларидан ибрат оладиган бандаларидан қилсин.
Абдулбосит Абдулвоҳид ўғли,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси