Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Март, 2026   |   10 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:10
Пешин
12:33
Аср
16:55
Шом
18:50
Хуфтон
20:03
Bismillah
30 Март, 2026, 10 Шаввол, 1447

СИЗДАН ОЗОД ВА ОБОД ВАТАН ҚОЛДИ

08.09.2016   6332   4 min.
СИЗДАН ОЗОД ВА ОБОД ВАТАН ҚОЛДИ

Мана, бир неча кундирки, оғир мусибатдан ўзбек халқи ўзига кела олаётгани йўқ. Бундай жудоликни нафақат халқимиз, балки дунё ҳамжамияти ҳис этяпти. Яқин ўтмишда Ўзбекистон дея аталгувчи қадди букилган, шаъни таҳқирланган муқаддас заминни қайта оёққа тургазган, тургазганда ҳам сарбаланд мақомда, ўзлиги, эътиқоди, жасоратини тараннум этган миллат халоскори Рафиқи аълога йўл олди. Эътироф этилганидек, Ислом Каримов қайси лавозимда, қайси вазифада фаоляит олиб бормасин доимо ватан тақдири, юрт қайғуси билан яшади. Юртдошларимиз 25 йиллик ҳаёти давомида барча эришган ютуқлари, саодатли онларини бевосита у кишининг номи билан боғлайди. Бир оқил раҳбар бўлса шу инсончалик бўлар... Ўтган асрнинг 80 йилларига келиб, ҳар томонлама қолоқ мамлакатга айланган, бир ёқламали тизимга асосланган иқтисодий ночор аҳволга келиб қолган давлатни тарихан қисқа давр ичида тенглар ичра тенг юртга айлантириб, барқарор ўсиш суръатларига эриштириш учун қанча заҳматлар, қанчадан-қанча матонат, чидам, сабр, бардош керак бўларкин...Зеро, бундай даражаларга бирдан эришиб қолганимиз йўқ. Азизлар, бугун кўзларда ёш билан назар ташлайлик юртимиз қудратига: қайси соҳа, қайсиб бир тармоқ, йўналиш ривож топмай қолиб кетди? Ҳеч қайси! Аллоҳ таоло юрт эгасининг тинимсиз ҳаракатлари, шижоатлари эвазига унинг йўлини очиши билан диёрга Ўз раҳматлари, баракотларини ёғдирди. Неъматлар кетидан неъматлар кела бошлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсон вафот этгач амаллари тўхтайди. Фақат унга уч нарсадан савоб етиб туради: садақаи жория (савоби давомли яхши иш), фойдали илм, унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд”, дея марҳамат қилган муборак ҳадисларини яхши биламиз. Юртбошимизнинг бевосита ташаббуслари билан халқимиз учун бунёд этилган минглаб иншоотларни таърифлаш шарт эмас.

Тошкент шаҳрининг бетакрор меъморий мўжизаси бўлиб барпо этилган “Минор” масжиди очилишидаги у кишинигнг сўзлари ҳамон қулоғимиз остида жаранглайди: “Аввало бундай ибодат уйлари халқимиз учун. Мард ва жасур, турли оғир замонларда матонат ва чидамлик кўрсатган халқимиз учун! Ўзбекистонимизнинг жаҳон даражасида эътироф этилаётган турли йўналишлардаги ютуқларни қўлга киритаётгани, иқтисодиётимизнинг ўсиб бориши, халқимизнинг тобора ҳаёт даражаси, ҳаёт сифатининг ўсиб бориши, энг муҳими кишилар бугунги тинч осуда ҳаётидан рози бўлиб яшаётганлигининг сабаби-Аллоҳнинг марҳаматидир. Тангримиз бизни Ўзи асрамоқда, Ўзи йўлимизни очиб бермоқда!

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ, буюк алломаларимиз, муҳаддису, фақиҳ уламоларимиз илмий меросларини тадқиқ этиш, ёш авлодни аждодларимизнинг бой маънавий билимлари асосида тарбиялашга юртбошимиз раҳнамолигида алоҳида эътибор қаратилди. “Маънавияти юксак халқни енгиб бўлмайди", дея айтган сўзлари долзарблиги бугун янада равшан бўлмоқда. Қолаверса, У кишининг адабиёт, маънавият, иқтисод, сиёсат,жамият, тилшунослик ва бошқа фанларга методолия бўлиб хизмат қилувчи асарлари манфаатли илмни ифодалаб беради.

Ортларида қолган фарзандлар... Бутун ўзбек халқи фарзандлари... “Ўзбекистонда униб ўсаётган ҳар бир фарзанд менинг фарзандим”, дея ёшларга алоҳида ғамҳўрлик кўрсатар эдилар. Бугун ана шу фарзандлар кўзларда ёш, қалбларда айрилиқ фироғи билан у кишининиг ортларидан дуолар қилмоқда, хатми Қуръонлар ўқиб бағишламоқда. Аллоҳ таоло ана шу ояти карималар, қилинган барча эзгу амаллар баракотларидан фаровон ҳаётимиз, нурли истиқлолимиз асосчиси Президентимиз қабрларини нурларга тўлдирсин!  

Албатта, Аллоҳ тақдирига итоат этамиз, фоний дунё ҳақиқатига таслим бўламиз. Буюклар вафот топса ҳам, ҳамон биз билан ҳамнафас яшаётгандек туюлаверади. Уларнинг йўқлигига ишонгиси келмайди кишининг. Сабаби улар ҳаётларида бажарган улкан ишлари билан, қалбларга ўрнашган муҳаббатлари билан бир зумда йўқ бўла олмайдилар. Балки, замонлар оша авлодларни ўзларининг амалий,маънавий жасоратлари билан фахрлантириб келадилар! Аллоҳ таоло Қуръони Мажидда марҳамат қилганидек:

هَلْ جَزَاءُ الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَان

Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эзгуликдир. (Ар Раҳмон,60)          

Юртбошимизнинг фаровон ҳаётимиз учун амалга оширган барча хайрли ишлари мукофотини охиратда Яратганимиз ўзига маълум бўлган ададдаги ажрлар ила мукофотласин! Бу оғир дамларда халқимизга Аллоҳ чиройлик сабр берсин.

  

Анвар қори Турсунов

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Янгиликлар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Эски кийимларни садақа қилиш

30.03.2026   780   2 min.
Эски кийимларни садақа қилиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Эркагу аёлларнинг ва болаларнинг кийилган, лекин йиртилиб кетмаган, ҳали кийишга яроқли кийимларини садақа қилиш мустаҳаб амалдир. Бу иш ёмон кўрган нарсасини садақа қилиб юборишга кирмайди. Эскирган нарса ўртача мол ҳисобланади, чунки камбағаллар бундан ҳам эскироқ кийимларни сотиб олишади. Қанчадан-қанча бойлар писанд қилмайдиган кийимлар борки, уларга эришиш камбағаллар учун орзудир. Бундай кийим-кечакларни ахлатга ташлаш ёки ёқиб юбориш мумкин эмас.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янги кийим олган одамларни эскисини садақа қилиб юборишга тарғиб қилганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу янги кийим кийиб, «Авратимни беркитадиган, ясанадиган нарсани кийдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди. Кейин шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким янги кийим кийганда: "Авратимни беркитадиган, ясанадиган нарсани кийдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин" деса, кейин эскирган кийимини садақа қилса, ҳаёту мамотида Аллоҳнинг ҳимоясида, Аллоҳнинг муҳофазасида ва Аллоҳнинг сатрида бўлади», деганларини эшитдим» (Термизий ва бошқалар Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Натааижул афкаар» деган китобида ҳасан деган).

2. Ёмон кийимни садақа қилиш макруҳдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олмайсиз», деган. (Бақара сураси, 267-оят). Макруҳ бўлиши билан бирга бундай кийимни садақа қилган одамга садақасига яраша ажр ёзилади, ваҳоланки унга молнинг яхшисини танлаб садақа қилиш афзалдир.

Хатиб Ширбиний роҳимаҳуллоҳ: «Сифатсиз нарсани садақа қилиш макруҳдир. Лекин шундан бошқа нарса топа олмаса, макруҳ бўлмайди»  («Муғнил муҳтааж», 4/197).

3. Афзали ўша кийимларни ювиб, дазмоллаб, сўнг камбағалнинг ўзига ёки бирорта хайрия жамғармасига бериш ёки масжид имомидан муҳтож одамларни сўраб олиб, ўшаларга беришдир.

4. Шунингдек, эски оёқ кийим, идиш-товоқ ва уй жиҳозларини садақа қилиш ҳам мустаҳабдир.

Аллоҳ сизу бизнинг солиҳ амалларимизни қабул айласин.

Доктор Муҳаммад Содиқ Дарвиш

Мақолалар