Эрта тонгдан Мадина шаҳридан Маккаи мукаррамага йўлга чиққан Қашқадарёлик ҳожиларимиз эсон-омон етиб келдилар. Уларни ишчи гуруҳ вакиллари кутиб олиб, меҳмонхонага жойлаштирдилар. Зиёратчиларимиз ташкилий равишда гуруҳ раҳбарлари бошчилигида Умра амалини Ҳарами шарифда адо этдилар ва муҳтарам Юртбошимизнинг охиратлари обод бўлишини ҳамда юртимизнинг тинчлиги ва осойишталиги ҳамда халқимиз янада фаровон бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуолар қилдилар.
Ҳозирда ҳожиларимиз соғ ва саломатдирлар.
Саудия Арабистони, Макка шаҳри
Ўзбекистон ва ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котибияти вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда маҳалла билан боғлиқ маданий анъана ва урф-одатлар, уларни халқаро даражада тарғиб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котиби Фумико Охината ва Осиё-Тинч океани минтақаси учун масъул дастур мутахассиси Николас Тан мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси вакиллари маҳалланинг кўп асрлик тарихи, унинг жамият ҳаётидаги алоҳида ўрни ва миллий анъаналарни сақлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Учрашувда маҳалла Ўзбекистон халқи турмуш тарзининг ажралмас қисми экани таъкидланди. У инсонларни яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва катта авлод вакилларига ҳурмат тамойиллари асосида бирлаштиради.
ЮНЕСКО Котибияти вакиллари тақдим этилган материалларга катта қизиқиш билдирди. Улар Ўзбекистонда маҳалла билан боғлиқ шаклланган жамоат ҳаёти тартибининг ўзига хос хусусиятларини эътироф этди.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросни тарғиб қилишдаги роли алоҳида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ўзбек маҳалла тизими тажрибаси ЮНЕСКО Котибияти мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати