Бир маҳаллада икки қўшни иноқ яшашарди. Вақтлар ўтиб, улар орасидан ола мушук ўтди: “Уйни ким баландроқ қуради”, деган рақобат бошланди. Агар биринчи қўшни уйининг томи иккинчи қўшниникидан озроқ баланд бўлса, иккинчиси ёз келиши билан томни очиб, қўшнисиникидан ҳеч бўлмаса бир қарич баланд қилиб қайта қурарди. Шу зайлда йиллар ўтди. Кунларнинг бирида содир бўлган зилзила оқибатида ҳар икки уй қулаб, ҳовлилар қўшилиб қолди. Оқибатда, қўшниларга эс кириб – уйларини тиклар экан, бир-бирига ёрдам беришиб, аввалгидай яна иноқ яшай бошлашди. Чунки ҳасад учқунлари ўша зилзила туфайли ер қаърига сингиб, йўқолган эди.
Ҳа, инсон ўз хатоларини тузатиш, ҳусусан, юқорида зикр этилган қўшнилар каби кибр балосидан қутулиш учун бу дунёда Аллоҳдан ишоратлар бор...
Байт:
Кўп кибрланма, бўлгин сен хокисор,
Камтарлик-ла камол топгайдир инсон.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати