Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консули Нодиржон Турғунов 27 март куни Жидда шаҳридаги Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқининг (ЮНА) бош директори вазифасини бажарувчиси Муҳаммад Aбдурабби Aл-Ями билан учрашди.
Ташриф чоғида Ўзбекистон Бош консулига Ислом ҳамкорлик ташкилотининг унга аъзо давлатлар учун асосий медиа-платформа сифатидаги роли, шунингдек, оммавий ахборот воситалари соҳасини ривожлантириш бўйича ЮНAнинг шаффофлик, ишончлилик ва бағрикенгликка ундайдиган келгуси йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси ҳақида маълумот берилди.
Бош консул Иттифоқнинг аъзо давлатлар ўртасида халқаро оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасидаги касбий алоқаларни мустаҳкамлашдаги ролини юқори баҳолади. Шу билан бирга оммавий ахборот воситалари соҳасида қўшма лойиҳаларни илгари суриш бўйича ўз таклифларини билдирди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати