“Йил имоми – 2016” кўрик танловининг вилоят босқичи ғолибилари аниқланди.
“Йил имоми – 2016” кўрик танловини ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2016 йил 15 апрелдаги 01А/19 сонли буйруғи ҳамда Низомидан келиб чиққан ҳолда вилоят вакиллиги қошида ташкил қилинган “Махсус Ҳайъат” томонидан 2016 йилнинг 22 август куни Зангиота туманидаги “Зангиота” жоме масжид биносида шаҳар ва туман босқичида ғолиб бўлган имом-хатиблар ўртасида ўтказилди. Мазкур босқичда жами 15 нафар имом-хатиб иштирок этди.
Ҳакамлар имом-хатибларни билет саволларига жавоблари, шунингдек, ўз устида ишлаши, изланиши, ОАВда долзарб мавзуларда чиқишлари, масжидда амалга оширган ободонлаштириш ишлари, имомнинг фаолияти давомида эришган ютуқлари, маърузаларининг таъсирчанлиги ва бошқа фазилатларини инобатга олиб, баҳоладилар.
Танлов якунига кўра 50 баллик тизимда Оҳангарон туман “Абдуқаххор Махсум” жоме масжиди имом-хатиби, Акмалов Абдулхаким Мажитович 45.4 бални қўлга киритиб 1-ўринни эгаллади. Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби, Мирхамидов Обид Мирғофир ўғли 45 бални қўлга киритиб 2-ўринни эгаллади. Зангиота тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби, Шокиров Илёс Абдисаидович 44 бални қўлга киритиб 3-ўринни эгаллади. Танлов ғолиблари – Оҳангарон тумани “Абдуқаххор Махсум” жоме масжиди имом-хатиби, Акмалов Абдулхаким Мажитович танловнинг республика босқичига иштирок этиш учун йўлланма олди.




ЎМИ Тошкент вилоят вакиллиги
Ўзбекистон ва ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котибияти вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда маҳалла билан боғлиқ маданий анъана ва урф-одатлар, уларни халқаро даражада тарғиб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котиби Фумико Охината ва Осиё-Тинч океани минтақаси учун масъул дастур мутахассиси Николас Тан мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси вакиллари маҳалланинг кўп асрлик тарихи, унинг жамият ҳаётидаги алоҳида ўрни ва миллий анъаналарни сақлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Учрашувда маҳалла Ўзбекистон халқи турмуш тарзининг ажралмас қисми экани таъкидланди. У инсонларни яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва катта авлод вакилларига ҳурмат тамойиллари асосида бирлаштиради.
ЮНЕСКО Котибияти вакиллари тақдим этилган материалларга катта қизиқиш билдирди. Улар Ўзбекистонда маҳалла билан боғлиқ шаклланган жамоат ҳаёти тартибининг ўзига хос хусусиятларини эътироф этди.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросни тарғиб қилишдаги роли алоҳида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ўзбек маҳалла тизими тажрибаси ЮНЕСКО Котибияти мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати