Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, Ул зотга жон-у молларини фидо этиб, жонбозлик билан ардоқлашда, башар учун, шак шубҳасиз саҳобалар буюк намунадирлар. Уларнинг ҳар бир саъй ҳаракатлари то қиёматгача келгуси одамизот учун ибрат бўлиб қолаверади. Саҳобалардан кейин эса яна шундай зотлар Расулуллоҳга ошиқлик “саҳнасига” чиқдилар. Улар энди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмасдан у зотга муҳаббат қўйиш, яна у зотга итоатларини намоён этишда ўзларидан кейинги инсолар учун дарс ўтиб кетишди гўё. Қуйида, ана шундай буюк зотларнинг буюк муҳаббатлари ҳақида сўз кетади.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан сўрашди: “Сиз қачондан бошлаб Айюб Аcсухтиёнийдан ҳадис эшитадиган бўлгансиз?” Имом Молик жавоб бердилар: “Мен илгари ҳеч ҳам ундан ҳадис тингламасдим. Лекин қачонки унинг ҳузурида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинса, у шунчалик йиғлардики, ҳатто унга раҳмим келарди. Мен уни Рассулуллоҳга шунчалик эҳтиромини кўриб ундан ҳадис тинглайдиган бўлдим!
Салафи солиҳларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бу даражада эҳтиромари уланинг табиатлари эди гўё. Зеро улар Набий алайҳиссаломнинг қадри ва даражаларини билардилар. Ва ўзларидан қай даржада афзал эканликларини ҳис этардилар. Бу ҳақда Имом молик раҳматуллоҳи алайҳ бир қанча устозларидан кўрган ҳолатларга назар соламиз. Мусъаб ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Агар Моликнинг ҳузурида Набий алайҳиссалом зикр қилинсалар унинг ранги ўзгариб, қадди букилиб қоларди. Бу ҳаммажлисларига оғир ботарди. Бир куни у зотдан бу ҳолатлари ҳақида сўралди. Шунда у киши қуйдагича жавоб бердилар: “Сизлар ҳам менинг кўрганларимнм кўрганингизда эди, мендаги ҳолатни малол кўрмасдингиз. Мен Муҳаммад ибн Алмункадирни шундай ҳолатда кўрардим. У қорилар саййиди эди. Биз ундан қачонки бирор ҳадис ҳақида сўрасак, у шу даражада йиғлардики, ҳатто унга раҳмимиз келиб кетарди. Жаъфар ибн Муҳаммадни ҳам шу ҳолатда кўрардим. У ҳазилкаш, сер табассум киши эди. Лекин унинг олдида Набий алайҳиссалом зикр қилинсалар унинг ранги оқариб кетарди. Уни бирор марта таҳоратсиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида гапирганини кўрмаганман. Абдарраҳмон ибн Қосим Расулуллоҳниинг ҳайбатларидан агар Набий алайҳиссаломни зикр қилган вақтда унинг юзига қаралса, ҳудди ундан қон оқаётгандек бўлиб қолар ва тили қуриб қолар эди. Яна Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг олдига қатнардим. Қачонки унинг ҳузурида Набий алайҳиссалом зикр қилинсалар, йиғлайвериб кўзёшлари қуриб қоларди. Зуҳрийни ҳам кўрганман. У аслида инсонлар билан чиқишимли, уларга яқин одам эди. Лекин унинг олдида Набий алайҳиссалом зикр қилинсалар, сиз уни танимайидиган ва у сизни танимайдиган ҳолатга тушиб қоларди. Сафвон ибн Сулаймнинг олдига ҳам қатнардим. У мужтаҳид тобеъинлардан эди. Агар унинг ҳузурида Набий алайҳиссалом зикр қилинсалар йиғларди. У йиғидан тўхтай олмас, ҳатто атрофидаги кишилар тарқалиб кетишарди!”
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ қачонки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилганида йиғлаган тўнка ҳақидаги ҳадисни айтсалар, одамларга қарата: “Эй Аллоҳнинг бандалари! Бир ёғоч Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам учун, у зотнинг Аллоҳ таоло берган мартабаси учун шавқ ва алам билан йиғлаяпти! Албатта сизлар ундан кўра ғам-алам чекишга ҳақлироқсизлар!”, дердилар.
Салафи солиҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни вафотларидан кейин саҳобалар ул зотни ҳаётликларида улуғлаб, ҳурмат қилганларидек ҳурматлар эдилар. Ул зотнинг масжидларида ҳам овозларини баланд кўтармасдилар. Соиб ибн Язид раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қиладилар: “Масжидда тургандим, шунда бир киши менга тош отди, қарасам, Умар ибн Хаттоб экан. У менга: “Бор, ана у иккиласини олдимга олиб кел!”, деди. Мен уларни олиб келдим. Умар уларга: “Кимсизлар ёки қаердансизлар?”, деб сўради. Улар: “Тоиф аҳлиданмиз.”, дейишди. Шунда Умар ибн Хаттоб: “Агар шу шаҳар аҳлидан бўлганингизда албатта сизларни жазолар эдим! Расулуллоҳнинг масжидида овозингизни кўтарасизларми?!!!”, деди. Баъзи тобеъинлар ҳадис мажлисларида овоз кўтаришни ҳудди Расулуллоҳнинг ҳузурларида овоз кўтаришдек ҳисоблардилар. Чунки ҳадис ул зот алайҳиссаломнинг сўзларидир. Ҳаммод ибн Зайд роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Айюб Ассуҳтиёнийниг олдида эдик. У ҳадис айтаётган эди. Шу пайт шовқин эшитилди. Шунда у: “Бу қандай шовқин? Нима, улар Расулуллоҳнинг ҳадислари зикр қилинаётганида овоз кўтариш ҳудди ҳаётликларида у зотнинг олдиларида овоз кўтаришдек эканини билмайдиларми?!”, деди.
Салафи солиҳларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳурматлари ўз ташқи кўринишларига эътибор беришларида ҳам акс этарди. Агар улар ҳадис айтмоқчи бўлсалар кўринишларини тузатиб, гўзал суратда бўлишга интилишар ва фарзандларини ҳам шунга кўра тарбия қилардилар. Абу Салама Хазоъий айтадилар: “Молик ибн Анас агар ҳадис айтгани чиқишни ирода қилса, ҳудди намозга таҳорат олгандек таҳорат қиларди, кийимлариниг энг чиройлисини ва бош кийимини кийиб, соқолини тарарди. Ундан бунинг боиси сўралганида: “Мен бу билан ҳадисни ҳурматлайман.”, деб жавоб берарди. Аҳмад ибн Синон Вакиъ ибн Жароҳнинг ҳадис ҳалқасидаги ҳолат ҳақида гапириб шундай дейди: “Унинг мажлисида гаплашилмасди. Калам учланмас, табассум ҳам қилинмасди. Бирор киши тик турмасди. Унинг мажлисидаги инсонлар гўё намозда тургандек турардилар. Агар Вакиъ ўзи учун ўтирганларнинг бирортасидан ёқимсиз бирор бир нарсани илғаса, оёқ кийимини кийиб, хужрасига кириб кетарди”.
Имом Молик Абу Ҳозимнинг олдидан ўтиб кетаётган эдилар. У ҳадис айтаётган эди. Имом молик эса тўхтамай ўтиб кетдилар. У кишидан бунинг сабаби сўралганида: “Мен ўтиришга жой тополмадим. Расулуллоҳнинг ҳадисларини тик туриб қабул қилишни истамадим.”, деб жавоб бердилар.
Муҳаммад ибн Сирин роҳимаҳуллоҳ гаплашиб, кулишиб ўтирардилар, агар суҳбатларига кўра ҳадис келиб қолса хушуълик бўлиб қолардилар.
Саъид ибн Мусайяб роҳимаҳуллоҳ бетоб бўлиб, ёнбошлаб ётган эдилар. У кишидан бир ҳадис ҳақида сўралганди дарҳол ўтириб олдилар. Шунда: “Ўзингиз касалсиз. Жонингизни қийнамасангиз ҳам бўлардику”, дейишди. У зот эса: “Ёнбошлаган ҳолда Расулуллоҳдан ҳадис айтишни истамадим”, дедилар.
Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ юриб кетаётганларида у кишидан бир ҳадис ҳақида сўрашди. У киши эса: “Бу - илмга нисбатан ҳурматсизлик!”, дедилар.
Бу зотларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, муҳаббат билан ҳурмат кўрсатишгани ҳақида кўплаб, ажойиб хабарлар бор. Шундай воқеалардан яна бири Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ билан содир бўлди. Аббосийлар ҳалифалигидан учталари – Мамун, Муътасим ва Восиқ бирин кетин алмашди. Уларнинг ҳар учаласининг даврида ҳам Имом Аҳмад Қуръоннинг махлуқ ёки ғойримахлуқлиги хақидаги фитналар натижасида зиндонбандлик ва бошқа қистовлар билан оғир имтиҳон қилиндилар. Лекин бу қийновлар у зотни аввалги ҳолатларидан заррача ўзгартирмади. У зот ҳақда собит турдилар. У кишини Восиқнинг мажлисига қўллари кишанланган ҳолда олиб киришди. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ шу ҳолатларида улар билан баҳслашиб уларни енгдилар. Ҳужжатларини йўққа чиқариб, макрларини барбод қилдилар. Шу он Аллоҳ таоло халифа Восиқнинг қалбини очди. У имомнинг содиқлигини, ҳақ узра турганлигини билди ва қўлидаги кишанларни ечишликка буйруқ берди. У зотнинг қўлини ечишганда имом Аҳмад арқонни ўзларига олдилар. Шунда зиндон нозири арқонни у кишидан тортиб олди. Восиқ эса арқонни имомга қайтариб беришни буюриб у зотдан уни нега олганини сўради. Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ: “Мен у билан Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг ҳузурида менга зулм қилганлар билан ҳусуматлашаман. Ва: “Эй Робб! Мана бу бандангдан сўра; нима учун мени устимда вожиб бўлмаган ҳақ билан мени кишанлашди, оиламни ва биродарларимни қўрқитишди?!!! ”, дейман”, деб йиғладилар. Бу гапни эшитиб Восиқ ҳам ўша ердаги одамлар ҳам йиғлашди. Сўнг Восиқ Аҳмад ибн Ҳанбалдан бу даъвосидан кечиб, уни кўнглини ҳотиржам қилишини сўради. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ эса: “Эй Мўминлар амири! Агар сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи всалламнинг аҳлларидан бўлсангиз, ул зотнинг ҳурматларидан мен сиздаги барча ҳаққимдан кечдим!”, деб жавоб бердилар.
Аллоҳ таоло бизларга ҳам шундайин чин муҳаббат тафтини туйишни насиб этсин!
Расулуллоҳга саловат ва саломларимизни етказсин!
Интернет маълумотлари асосида
“Мулла Абдуғаффор ҳожи” жомеъ масжиди имом хатиби
Икром Каримов таёрлади
Кувайт университети Тил маркази директори, доктор Ҳолид Ал-Фадли мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Мустақилликнинг 35 йиллик байрами муносабати билан яқин дўст ва қардош Ўзбекистон халқини чин дилдан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистонлик барча биродарларимизга юксак тараққиёт, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ва янги муваффақиятлар тилайман.
Биз Ўзбекистон билан азалдан мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва самимий меҳр-оқибат ришталарига эгамиз. Ушбу муборак заминдан кўплаб буюк ва машҳур ислом уламолари етишиб чиққан. Бу бебаҳо илмий ва маънавий мерос нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун улкан бойлик ҳисобланади.
Кувайт университети ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида яқин ва самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганидан мамнунмиз. Кўп йиллардан буён ўзбекистонлик талабалар юртимизда, хусусан, Кувайт университетида араб тили ва маданиятимиз бўйича ўз билимини ошириб келмоқда. Улар бир ўқув йили давомида, яъни уч семестр мобайнида араб тилини пухта ўрганиш билан бирга, Кувайт маданияти, тарихи ва жамияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда.
Ўзбек талабалари билан мулоқотлар давомида уларнинг таълим ва илмга жуда катта қизиқиш ҳамда иштиёқ билан ёндашишига алоҳида эътибор қаратдим. Улар нафақат араб тилини ўрганиш, балки бошқа халқнинг маданияти, санъати, иқтисодиёти ва ривожланиш тенденцияларини чуқур англашга интилаётгани қувонарли.
Араблар ва ўзбек халқи ўртасида асрлар давомида шаклланган чуқур тарихий, илмий ва маънавий алоқалар мавжуд. Мен ушбу дўстона ва қардошлик ришталари келгусида янада мустаҳкамланиб, янги мазмун билан бойишини истайман. Бу борада халқаро конференциялар ўтказиш, қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Кувайтдаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан билдирилаётган ташаббус ва таклифларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишга янада катта эътибор қаратиш зарур. Биз ҳам икки мамлакат ўртасидаги таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар ва истиқболли ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдормиз.
Яна бир бор, қардош Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллик қутлуғ байрами билан қутлайман. Аллоҳ таоло қардош Ўзбекистон диёрига тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик, тараққиёт ва улкан муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати