Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июл, 2026   |   6 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:28
Қуёш
05:02
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:56
Хуфтон
21:27
Bismillah
20 Июл, 2026, 6 Сафар, 1448

Расулуллоҳ йиғлаган онлар!

03.08.2016   11451   49 min.
Расулуллоҳ йиғлаган онлар!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният ичида Аллоҳ таолодан энг кўп қўрққан ва Унга нисбатан энг тақводор зот эдилар. Зеро ул ҳазрат Аллоҳ таолонинг Азамати ва Қудратини барчадан кўра яхшироқ таниган зот бўганлар. Шунинг учун ҳам олдингию кейинги гуноҳлари кечирилишига қарамай, гоҳ Робб таолодан қўрқиб гоҳида эса умматлари учун раҳмат ва шавқатдан йиғлаганлар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўзларидан тақво, меҳр ва ташналик ёшлари оқишига сабаб бўлган ҳолатларга сиз ҳам гувоҳ бўлинг. 

Уммат учун куйиниб йиғлаганлари

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам  “Менга қироъат қилиб бер!”, дедилар. Мен эса: “Сизга нозил бўла туриб, мен ўқиб берайми?”, дедим. У зот “Ҳа, дедилар. Мен Нисо сурасидан ўқий бошладим ва Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?!”, оятига етганимда, “Энди кифоя қилади!”, дедилар. У зотга қарасам, йиғлаётган эканлар!”

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссалом ҳақидаги “Эй Роббим, албатта у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир.оятини ва Исо алайҳиссаломАгар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг ғолиб ва Ҳикматли Зотдирсан., деган сўзи ҳақидаги  оятини тиловат қилдилар ва икки қўлларини кўтардилаб:  “Ё Аллоҳ! Умматим, умматим!”, дедилар ва йиғладилар!” Шунда Аллоҳ азза ва жалла айтди: “Эй Жаброил! Муҳаммадга бор, ҳолбуки Роббинг  билувчироқдир, ундан, сени нима йиғлатди, деб сўра”, деб амр қилди. Бас, Жаброил алайҳиссалом у зотнинг олдиги келиб сўради ва Аллоҳ таолога у зотнинг айтган гаплари хабарини берди. Ҳолбуки, У биливчироқдир. Аллоҳ таоло эса: “Эй Жаброил! Муҳаммадга бор ва унга, албатта сени умматинг борасида рози қилурмиз”- деб айт, деди”.

Абу Довуднинг бошқа бир ривоятида бу воқеа кусуф намозида бўлгани ва  у зот саждаларининг охирида “уфф, уфф деб пуфлаб, кетидан шундай дуо қилганлари ривоят қилинади: “Эй Роббим! Мен улар орасида эканман, уларни азобламасликка ваъда бермабмидинг?! Эй Роббим! Истиғфор айтиб турсалар, уларни азобламасликка ваъда бермабмидинг?!”. 

Умматларини соғиниб йиғлаганлари 

Кунларнинг бирида  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Сизни нима йиғлатди?”, деб сўрашди. У зот эса: “Биродарларимни соғиндим!”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар: “Бизлар биродарларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?”, дейишди. Шунда ул Маҳбуб алайҳис салом: “Йўқ. Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан туриб менга иймон келтирадилар!”, дедилар. 

Фарзандлари Иброҳим алайҳиссалом учун йиғлаганлари 

Анас ибн Молик розияллоҳу айтадилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Абу Сайфнинг олдига бордик у Иброҳим алайҳиссаломнинг энагаси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни қўлларига олдилар ва уни ўпиб, ҳидладилар. Сўнг  биз унинг олдига кирдик. Иброҳим жон бераётган эди. Расулуллоҳ йиғлай бошладилар. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф: “Ё Расулуллоҳ, йиғлаяпсизми?!”, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу раҳматдир эй ибн Авф”, дедилар ва яна: “Албатта кўзлар ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади лекин биз фақатгина Роббимиз рози бўладиган гапларни айтамиз! Биз сенинг фироқингдан маҳзунмиз, эй Иброҳим!”, дедилар. 

Аёллари Хадича розияллоҳу анҳо учун йиғлаганлари 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Инсонлар менга куфр келтирганда, Хадича менга иймон келтирди. Исонлар мени ёлғончига чиқарганда, у мени тасдиқлади. Инсонлар мени маҳрум қилганида, у мени молига шерик қилди. Аллоҳ таоло ундан менга фарзандлар берди, бошқаларидан эса, йўқ!” Имом Аҳмад ривояти.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жаброил алайҳиссалом Набий алайҳиссалоту вассаломнинг олдига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Бу Хадича. Олдингизга келаяпти. Унинг қўлида идиш бор. Унинг ичида зировар ёки таом ёки сув ёки ичимлик бор. Агар у  олдингизга келса, унга Роббисидан салом йўлланг ва яна тиллодан бўлган унда шовқин ва машаққат бўлмаган Жаннат башоратини беринг!”, дедилар.

Онамизнинг касаллари оғирлашди. Тун узоқ ва кўзёш билан ўтди. Саҳар вақти яқинлашганда у зотнинг кўзлари очилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда қизларига узоқ тикилдилар. Бу тикилиш билан онамиз ўз суюклиларидан узоқ ва ортга қайтмас риҳлатлари учун озуқа олдилар. Сўнг, ўзлари учун ваъда қилинган, абадий неъматлар билан бурканган ўринларини кўриб, розилик билан табассум қилган ҳолда кўзларини юмдилар. Шу тариқа, Аллоҳ таолонинг йўлида, Унинг дийни ривожи учун тинимсиз ҳаракат қилган бу тана таскин топди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш қуйилди! Бу ҳолатдан бутун ҳовлини йиғи овози тутди! Тонгда пок тобут узра покиза жасадни кўтариб боришарди. Ушбу покиза жасадни қабр ёнига қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр ичига тушиб муборак қўллари билан уни текисладилар сўнг покиза танани олиб, унга сўнгги бор маҳзунлик ва ўкинч ёшлари қуйилиб турган кўзлари билан боқдилар ва секин қабрга қўйдилар! 

Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг вафотига йиғлаганлари 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Зайд қатл қилинганда Усома ибн Зайд Набий алайҳиссаломдан узилиб қолди. У кейинроқ Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келди. Келди-ю йиғлаб юборди. Уни кўриб Набий алайҳиссалом ҳам йиғладилар ва: “Эй Усома! Биздан узилиб қолиб, кейин келиб бизни маҳзун қиляпсан!”, дедилар. Эртаси куни у Набий алайҳиссаломнинг олдига яна келди. Шунда У зот: “Мен сени кечагидан ҳам бошқачароқ ҳолда кўряпман?!”, дедилар. Усома у зотга яқинроқ келиб яна йиғлаб юборди. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам йиғладилар! 

Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуга йиғлаганлари 

Усмон ибн Мазъун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалмага эмикдош ини эдирлар. У киши жоҳилият даврида ҳам ўзлари учун хамрни ҳаром қилгандилар. Исломга ўн тўртинчи бўлиб кирдилар. Ҳабашистонга қилинган ҳижратда мусулмонларга амирлик қилганлар. Бадрда иштирок этганлар.

 Усмон Ибн Мазъун Бадр жангидан кейин кўп яшамадилар. Шаъбон ойига келиб у зотнинг дардлари оғирлашди.

 Уммул муъминин Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Усмон ибн Мазъун жонсиз ётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўпдилар ва йиғладилар. У зотнинг муборак кўзёшлари Усмоннинг яноқларига оқарди!

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларидан бири вафот этганда ул зот: “Яхши салафимиз Усмон ибн Мазъунга бориб қўшилгин!”, дедилар”.

У Мадинада вафот этган биринчи муҳожирлардан ва энг аввал Бақиъга дафн қилинган зот эди. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақида: “Аллоҳ сени Раҳматига олсин, эй Усмон! Сен дунёдан ҳеч нима олмадинг, дунё ҳам сендан ҳеч нима ололмади!”, дедилар. 

Саъад ибн Убода розияллоҳу анҳу касал бўлганда йиғлаганлари 

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Саъад ибн Убоданинг касали оғирлашиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар. У зот билан  Абдурраҳмон ибн Авф, Саъад ибн Абу Ваққос ва Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳам келишди. Расулуллоҳ Саъаднинг олдига кирганларида уни оила аъзолари қуршаб олган ҳолда кўрдилар ва ҳаяжон билан: “У вафот этдими?!”, деб сўрадилар. Оиласи: “Йўқ, ё Расулуллоҳ!, дейишди. Шунда Ул зот алайҳиссалоту вассалом йиғладилар! Набий алайҳиссаломнинг йиғлаганларини кўриб, қавм ҳам йиғлади. Сўнг, Ул хазрат қавмга қарата: “Эшитмаганмисиз, Аллоҳ таоло кўз ёши учун ёки қалб маҳзунлиги учун азобламайди! Лекин мана бунинг учун Азоблайдидеб тилларига ишора қилдилар – ёки маҳрум қилади. Албатта маййит аҳлиниг унга айтиб йиғлашидан азобланади!”, дедилар. 

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни кўриб йиғлаганлари

 Барро айтадилар: “Бизнинг олдимизга биринчи келганлар Мусъаб ибн Умайр ва ибн Умму Мактум эди. Улар  бизга Қуръон ўқиб берардилар”.

 Мазкур саҳобани Набий алайҳиссалом биринчи Ақаба байъати иштирокчилари билан бирга Қуръон ўқиб, уни ўргатиш учун Мадинага жўнатгандилар. У зот Маккада яшаган вақтларида бой бадавлат бўлиб яшаганлар. Мадинага ҳижратларидан сўнг фақирликда кун кечирдилар.

Муҳаммад ибн Каъаб саҳобаларнинг биридан қуйидагича ривоят қиладилар: “Масжидда ўтирганимизда Мусъаб ибн Умайр кириб келди. Унинг эгнида бир мунча ямоғ солинган кўйлаги бор эди. Унинг илгари қандай бойликлар ичида яшагани-ю ҳозир эса қай ҳолатга тушиб қолганини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлаб юбордилар!”

 Ҳамза розияллоҳу анҳу учун йиғлаганлари 

Уҳуд ғазотидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанг майдонига тушдилар. Жангда шаҳид бўлган мусулмонларни дафн қилиш ҳаракати бошланганди. Шу орада рўпараларидан амакилари Ҳамза ибн Абдулмуттолибнинг жонсиз жасади чиқиб қолди. Унинг бурни ва икки қулоғи кесиб олинган, жигари суғуриб олинган ҳатто бир чети тишланган ва яна танасига найза санчилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ йиғладилар. У зотнинг бу йиғлашларидан асҳоблар ҳам йиғлашди!

 Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳамза учун йиғлаганларидан кўра қаттиқроғ йиғлаганларини ҳеч ҳам кўрмаганмиз! Уни қибла томонга қўйдилар сўнг жаноза ўқидилар. Йиғилари кучайиб ҳатто ҳунграган овозлари эшитилди. У кундаги шаҳидларнинг кўриниши жуда даҳшатли эди!

(Уҳуд жангидан кейин мушрикларнинг аёллари кўплаб шаҳидларнинг қулоқ, бурун ва бошқа аъзоларини кесиб олишганди.)

 Мўъта жанги куни йиғлаганлари 

Мўьта жанги мусулмонлар учун жуда оғир жанг эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинк кўрсатмалари билан уч минг кишилик қўшин Румлик насароларнинг икки юз минг кишилик қўшинига қарши курашиши керак эди. Аслида, Румликларнинг ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан улар учун элчи қилиб юборилган саҳобий Хорис ибн Умайрни қатл қилишди ва мусулмонларга қарши жанг учун ўз қўшиларини йиғишда давом этишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон лашкарларга Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни амир этиб тайинладилар. Агар Зайдга бирор гап бўлса, мусулмонларга Жаъфар ибн Абу Толиб, агар унга ҳам бирор гап бўлса, Абдуллоҳ ибн Равоҳа бошчилик қилишини айтдилар. Шу тариқа мусулмонлар  йўлга чиқди. Рум аскарларига пешвоз чиқиб, шиддатли жанг бошлашди. Бу орада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада қолган кишиларга ушбу жангнинг ҳолатидан хабар бериб турдилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд, Жаъфар ва ибн Равоҳанинг хабари келишидан аввал одамларга уларнинг ўлганлигини билдирдилар. У зот: “Байроқни Зайд олди. У мусибатга учради. Сўнгра байроқни Жаъфар олди. У ҳам мусибатга учради. Энди байроқни ибн равоҳа олди. Бас, у ҳам мусибатга учради”, дер ва кўзларидан дув-дув ёш тўкилар эди!

 “Ниҳоят байроқни Аллоҳнинг қиличларидан бир қилич олди ва уларга фатҳу нусрат келди, дедилар.

Аллоҳ таоло Ул муҳтарамга саловат ва саломларимизни етказсин!

 

 

 

Интернет маълумотлари асосида

“Мулла Абдуғаффор ҳожи” жоме масжиди имом хатиби 

Икром Каримов тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳадислар ҳам ваҳийга асослангандир

20.07.2026   511   7 min.
Ҳадислар ҳам ваҳийга асослангандир

(ваҳийнинг таърифи ва турлари)

Ҳадис Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳий ҳамда динда эргашилиши вожиб бўлган ҳужжат ҳисобланади. Бу хусусда Набий алайҳиссалом: “Менга Қуръон билан бирга унинг мислича (илм ва ҳикмат) берилди”, деб айтганлар. Шу боис суннатга саҳобалар давридан буён бутун уммат ижмо қилган (келишиб қабул этган) бўлиб, бирор олим унга на қарши чиққан ва на шубҳа қилган.


Бироқ кейинги асрларда бу масала бўйича шубҳа-гумонлар уйғотувчи турли гуруҳлар ва шахслар пайдо бўлди. Улар суннатни ваҳий санамай, унинг исломий қонунчилик манбаи эмаслигини даъво қилади. Бундай тоифа вакилларининг фикрича, гўё Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан бошқа ҳеч нарса нозил қилмаган.


Шундай бузуқ қараш эгалари бугун ҳам йўқ эмас. Демак, одамлар онгини уларнинг фитнакор фикрларидан ҳимоя қилиш, ботил даъволарнинг таги пуч экани кўрсатиб бериш бугун ҳам долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Хусусан, бу масалага бағишланган аввалги мақолада ҳадислар ҳам Куръони карим сингари Аллоҳнинг муҳофазасида экани нақлий ва ақлий далиллар орқали баён қилинган эди (https://muslim.uz/oz/e/post/47287-hadislar-ham-alloh-muhofazasidadir). Бундан келиб чиқадики, ҳадис ваҳийга асосланмаганда эди, уни охирзамонга қадар илоҳий ҳимояга олишга зарурат бўлмасди.


Ушбу мақолада ваҳийнинг таърифи ва турларига тўхталишга қарор қилдик. Бу сафар пайғамбарлик Китоб нозил бўлиши билан эмас, балки Аллоҳ танлаган бандасига ваҳий келиши билан амалга ошишини баён қиламиз. Шу асосда ваҳийнинг қироат қилинадиган (Қуръон) ва қироат қилинмайдиган (ҳадис) турларини шарҳлаб ўтамиз.


“Ваҳий” сўзи “махфий ва тезкор хабар бериш”, “ишора қилиш” ёки “илҳом бериш” маъноларини англатади. Пайғамбарлар ва валий зотлар ҳақидаги оятларда ишлатилган “ваҳий” сўзининг аксари шу икки маънога таянади.


Роғиб Исфаҳоний ўзининг “Муфрадот” асарида бундай дейди: “Ваҳийнинг асли (маъноси) “тезкор ишора” демакдир. Бу рамз ё ишора кўринишидаги сўз, бирор товуш, тана аъзолари ҳаракати ва ёки ёзув орқали содир бўлиши мумкин. Аллоҳ таолонинг набийлари ва валийларига йўллаган каломи ҳам ваҳий дейилади”. Шўро сурасининг 51-оятига кўра, ушбу жараён бир неча турга бўлинади: “Инсон билан Аллоҳ (бевосита) сўзлашиши жоиз эмас. Фақат ваҳий орқали ё парда ортидан ёки элчи (фаришта) юбориб, изни билан хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши мумкин. Албатта, У (шаъни) олий ва ҳикмат соҳибидир”.


Демак, ваҳий расул ё набийга қуйидаги кўринишларда нозил бўлади.


Кўринадиган элчи орқали. Бунга Жаброил алайҳиссалом муайян суратда келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзларини эшиттириши мисол бўлади.


Бевосита сўзлашиш. Мусо алайҳиссалом каби сўзловчини кўрмай турган ҳолда, айтганларини тинглаш.


Қалбга солиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Руҳул қудс (Жаброил алайҳиссалом) қалбимга солди”, деганларидек.


Илҳом. Мусо алайҳиссаломнинг онасига эмизиш буюрилгани каби.


Туш орқали. Набий алайҳиссалом: “Ваҳий узилди, фақат башорат қолди. У – мўминнинг туши”, деб марҳамат қилганлар


Роғиб Исфаҳонийнинг сўзларига кўра, “ваҳий” илҳом ва тушни, “парда ортидан” ибораси сўзловчи кўрмасдан эшитишни, “элчи юбориб” эса Жаброил алайҳиссаломнинг муайян бир суратда келишини англатади. “Аллоҳнинг набийларга йўллаган каломи ваҳийдир” деган гапдан маълум бўладики, “ваҳий” сўзи ҳам хабар бериш жараёнига, ҳам юборилган хабарнинг ўзига нисбатан ишлатилади. Шундан келиб чиқиб, айрим олимлар ваҳийни бундай таърифлаган: “У – хоҳ бевосита, хоҳ билвосита бўлсин – айнан Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканлиги қатъий собит бўлган маърифатдир”.


Уламолар ваҳийнинг қирқдан ортиқ кўринишини санаб ўтишган бўлса-да, уларнинг барчаси Аллоҳ таоло Қуръони каримда белгилаган қуйидаги тўрт асосий шаклга бориб тақалади:


1. Жаброил алайҳиссаломнинг ўз аслий қиёфасида кўриниши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ҳолатга икки марта дуч келганлар – бир марта Ерда, бир марта осмонда кўрганлар. Бу ҳақда Нажм сурасида баён қилинган.


2. Жаброил алайҳиссаломнинг инсон қиёфасида келиши. Уни бошқа одамлар ҳам кўрган. Кўпинча Диҳя Калбий розияллоҳу анҳу суратида, баъзан нотаниш аъробий кўринишида намоён бўлган.


3. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига ваҳийни жойлаши.


4. Жаброил алайҳиссаломнинг одамларга кўринмай тушиши. Бу ваҳийнинг энг кўп учрайдиган тури бўлиб, бунда атрофдагилар фариштани кўрмаган, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги оғир ўзгаришлар сезган. У зот қаттиқ уйқуга кетгандек ҳолатга тушиб, ҳатто совуқ кунлари ҳам пешоналаридан тер чиқиб кетарди. Ўз сўзларига кўра, бундай ҳолат олдидан қўнғироқ овозига ўхшаш товуш эшитилган. Саҳобалар бу товушни асалариларнинг ғунғуллашига ўхшатган.


Қуръони каримнинг тўлалигича Жаброил алайҳиссалом воситасида нозил бўлган. Бунга Шуаро сурасининг 192-194-оятлари далил бўлади: “Албатта, (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (Эй Муҳаммад!) уни сиз (охират азобидан) огоҳлантиргувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга Руҳул-амин (Жаброил) нозил қилди”.


Ваҳий Аллоҳ таолонинг пайғамбарларига йўллаган илоҳий хабари бўлиб, турли кўринишларда нозил қилинган. “Жаброил менга қўшни ҳақида шунчалар кўп насиҳат қилдики, “уни меросхўрлардан қилиб қўймаса эди” деб ўйлаб қолдим” ҳадисидан ҳам билиш мумкинки, Суннат шунчаки инсоннинг фикри эмас, Парвардигорнинг Ўз элчиси орқали қилган хитобидир, негаки, фаришталар фақат буйруқни ижро этади, ўз-ўзидан бирор ишга қўл урмайди. Қудсий ҳадислар ҳам бунга тасдиқ бўлади. Шундан келиб чиқадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳам Қуръони карим каби ваҳийга асослангани боис мусулмонлар учун ҳидоят ва шариат манбаи ҳисобланади.


Мазкур далиллар шуни кўрсатадики, исломни фақат Қуръон билан чеклаб, Суннатни инкор қилиш на илмий ва на шаръий асосга эга. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳий нафақат қироат қилинадиган Қуръон, балки умматга динни тушунтириб берувчи Суннат орқали ҳам етказилган. Шу сабабли ҳар бир мусулмон киши Қуръон ва Суннатни ҳидоятнинг бир бутун манбаи сифатида қабул қилиши лозим.


Нурмуҳаммад Маткаримов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот

маркази илмий ходими

 

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 14 майдаги 4224 -сонли хулосаси асосида тайёрланди

 

 

Мақолалар