Мусулмон киши ҳар кунги кундалик ишидан ёки бирор сафардан қайтар экан уйга кириш одобларига риоя қиладиган бўлса ўзи билган ва билмаган кўплаб яхшиликларга эришади. Шунинг учун бошқа одоблар сингари уйга кириш одобларини ҳам яхши ўрганиб уларни ўзининг одатига айлантириб олишга уриниш лозим. Уйга кириш кириш одоблари деганда асосан қуйидаги одоблар тушунилади:
Биринчи одоб: дарвозани тақиллатиш ё қўнғироқ чалишда қўполлик қилмаслик
Мусулмон киши уйига киришда дарвозасини оҳиста тақиллатиши, ёки эшик қўнғироғини қисқа чалиши лозим. Эшикни қаттиқ тақиллатиш, ё эшик қўнғироғини кетма-кет чалиш уй аҳлига нисбатан беодоблик ҳисобланади. Бундай беодоблик уй аҳлларининг қалбларига ҳадик ва қўрқув олиб келиб ўртадаги меҳр-муҳаббат ришталари дарз кетишига сабаб бўлади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳнинг дарвозаларини биров қўполлик билан тақиллатиб турганида у зот эшикни очиб: “бу миршабларнинг тақиллатиши-ку”, деб танбеҳ берган эканлар.
Иккинчи одоб: Уй аҳлига келганини билдириб қўйиш
Уйига қайтган киши уйидагилар унинг келганини сезишмай қолса томоқ қирибми, ё қаттиқроқ қадам босибми келганини уларга билдириб қўйиши керак. Ушбу одобга риоя қилиш турли тушунмовчиликларнинг олдини олади. Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ: “уйига кирган киши томоғини қириши ёки оёқ кийимларини тақиллатиши мустаҳаб бўлади”, деган.
Учинчи одоб: Ўнг оёқ билан кириш
Уйга кираётган киши ўнг оёғи билан кириши мустаҳаб саналади.
Тўртинчи одоб: Уйга кириш пайтида Аллоҳ таолони зикр қилиш
Уйига кираётган киши Аллоҳ таолони зикр қилса қандай яхшиликларга эришишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ « إِذَا دَخَلَ الرَّجُلُ بَيْتَهُ فَذَكَرَ اللَّهَ عِنْدَ دُخُولِهِ وَعِنْدَ طَعَامِهِ قَالَ الشَّيْطَانُ لاَ مَبِيتَ لَكُمْ وَلاَ عَشَاءَ. وَإِذَا دَخَلَ فَلَمْ يَذْكُرِ اللَّهَ عِنْدَ دُخُولِهِ قَالَ الشَّيْطَانُ أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ. وَإِذَا لَمْ يَذْكُرِ اللَّهَ عِنْدَ طَعَامِهِ قَالَ أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ وَالْعَشَاءَ ». رَوَاهُ مُسْلِم
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деётганларини эшитган экан: агар бир киши уйига кирса ва кираётган вақтида ва таомланаётган вақтида Аллоҳни зикр қилса, шайтон (ўзининг шерикларига): сизларга тунайдиган жой ҳам йўқ, кечки овқат ҳам йўқ, дейди. Агар бир киши уйига кирса ва кираётган вақтида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон (ўзининг шерикларига): сизларга тунайдиган жой топилди, дейди. Агар таомланаётган вақтида Аллоҳни зикр қилмаса, у: сизларга тунайдиган жой ҳам, кечки овқат ҳам топилди, дейди. Муслим ривояти.
Шунинг учун уйга киришда ҳам, овқатланиш олдидан ҳам Аллоҳни зикр қилиш мусулмон кишининг муҳим одоби бўлади.
Ушбу ҳадисда зикр қилганган шайтоннинг шерикларига “сизларга кечки овқат йўқ” дейди, деган гап ҳақида уламоларнинг икки хил машҳур қарашлари бор:
1. Аҳли ҳадислар ва фақиҳлар: шайтонлар ҳақиқатан инсонларнинг овқатларига шерик бўладилар. Яъни, улар ўша овқатнинг ҳидиданми ё намлигиданми озуқаланишлари мумкин.
2. Баъзи уламолар: бу истиъора ва мажоз йўлига кўра айтилган. Яъни, “бисмиллаҳ”сиз овқатланадиган кимсанинг озуқасида барака бўлмайди, маъносида айтилган. Чунки унинг бу иши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига мухолиф, шайтоннинг ишига мувофиқ бўлиб қолган бўлади.
Бошқа бир ҳадисда эса уйига кираётган киши қандай дуо ўқиши кераклиги шундай хабар берилган:
عَنْ أَبِي مَالِكٍ الْأَشَعَرِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا وَلَجَ الرَّجُلُ بَيْتَهُ فَلْيَقُلْ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ خَيْرَ الْمَوْلِجِ وَخَيْرَ الْمَخْرَجِ بِسْمِ اللهِ وَلَجْنَا وَبِسْمِ اللهِ خَرَجْنَا وَعَلَى اللهِ رَبِّنَا تَوَكَّلْنَا ثُمَّ لِيُسَلِّمْ عَلَى أَهْلِهِ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ
Абу Молик Ашъарийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: агар бир киши уйига кирса: “эй Аллоҳим, мен Сендан кириладиган жойнинг яхшисини ва чиқиладиган жойнинг яхшисини сўрайман, Аллоҳнинг номи билан кирдик ва Аллоҳнинг номи билан чиқдик ҳамда Роббимиз Аллоҳга таваккул қилдик”, десин. Сўнгра аҳлига салом берсин. Абу Давуд ривояти.
Ушбу дуо уйга кундузи киришда ҳам, кечаси киришда ҳам ўқиладиган умумий дуо ҳисобланади.
Бешинчи одоб: Уй аҳлига салом бериб кириш
Юқоридаги ҳадисдан ҳам маълум бўлдики уйига кирувчининг аҳлига салом бериб кириши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини бажариш ҳисобланади. Бошқа суннатларда бўлганидек бу суннатга амал қилганлар ҳам тинчлик-хотиржамлик, ўзаро меҳр-муҳаббат сингари кўплаб яхшиликларга эришади.
Олтинчи одоб: Мисвок ишлатиш
Уйга киргандан сўнг дастлаб мисвок ишлатиши ё тиш чўткаларидан фойдаланиш ҳам уйга киришнинг одобларидан саналади. Зеро бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини бажариш ҳисобланади. Бу ҳақида Оиша розияллоҳу анҳо онамиз шундай хабар берганлар:
عَنْ عَائِشَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا دَخَلَ بَيْتَهُ بَدَأَ بِالسِّوَاكِ. رَوَاهُ مُسْلِمُ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уйга кирсалар дастлаб мисвок ишлатардилар. Муслим ривояти.
Ушбу одобга риоя қилган киши аёлига ҳам эҳтиром кўрсатган ва у учун зийнатланган ҳам бўлади.
Еттинчи одоб: Икки ракаат намоз ўқиш
Уйдан чиқишда икки ракаат намоз ўқиб чиқиш мандуб бўлганидек, уйга қайтиб киргандан сўнг яна икки ракаат намоз ўқиб олиш ҳам мандуб амал ҳисобланади. Яъни, қилмаслик ҳам жоизу аммо қилиш афзал амал ҳисобланади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:
عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ عَنِ النَّبِي صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا دَخَلْتَ إِلَى مَنْزِلِكَ فَصَلِّ رَكْعَتَيْنِ يَمْنَعَانِكَ مِنْ مَدْخَلِ السُّوءِ رَواهُ البَزَّارُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: агар манзилингга кирсанг икки ракаат намоз ўқигин улар сени ичкаридаги ёмонликдан тўсади. Баззор ривояти.
Уламолар ушбу ҳадисдаги намоз ўқишга амр فَصَلِّ шаклида فَ ҳарфи билан бўлган, шунинг учун уйга кириш билан бошқа ишга машғул бўлмасдан дастлаб икки ракаат намоз ўқиб олишга уриниш суннат бўлади, деганлар.
Динимиз кўрсатмаларига мувофиқ ҳаёт кечириб уларнинг самараларидан дунёю охиратда баҳраманд бўлишга Аллоҳ таоло ҳаммамизни муваффақ қилсин.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.
Абдулқодир Абдур Раҳим
“Халқ сўзи” газетаси
2026 йил 7 июль, № 137 (9308)
МАЪРИФАТГА ТАЯНГАН ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИ
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида 7 — 11 июль кунлари мамлакатимизда бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзуидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форуми олдидан брифинг ташкил этилди.
Унда анжуманнинг мақсад ва вазифалари, тадбирлар дастури ҳамда халқаро аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, мазкур форум Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган маърифат ва диний бағрикенглик ғояларининг амалий давоми ҳисобланади.
Форумнинг бош мақсади ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, буюк алломаларимиз меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, турли мамлакатлар олимлари ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказиладиган анжуманда 50 дан ортиқ давлатлардан қарийб 300 нафарга яқин хорижлик меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, академиклар, исломшунос олимлар, қўлёзмашунослар, музей ва кутубхоналар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари бор. Бу эса анжуманнинг ҳақиқий халқаро мулоқот ва академик ҳамкорлик майдонига айланишидан далолат беради.
Брифингда қайд этилганидек, форум Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросими Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиши ҳам рамзий аҳамият касб этиши таъкидланди. Зеро, қисқа вақт ичида мазкур марказ нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақадаги энг йирик ва нуфузли илмий-маърифий масканлардан бирига айланиб улгурди.
Форум ўз кўлами жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Унинг доирасида 4 та халқаро конференция, 10 та ялпи мажлис, 15 та пленар йиғилиш ҳамда 6 та соҳавий шуъба ташкил этилади. Уларда ислом цивилизацияси тарихи, ҳадис илми, калом, қўлёзмашунослик, музейшунослик, археология, маданий меросни муҳофаза қилиш, рақамлаштириш, маданий дипломатия ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар муҳокама қилинади.
Анжуман доирасида китоблар ва илмий нашрлар тақдимотига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. ICESCO билан ҳамкорликда тайёрланган “Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари — “Уммат китоби” мавзуидаги халқаро конференция тезислар тўплами, IRCICA билан шерикликда нашр этилаётган “Шавкат Мирзиёев — маърифатпарвар йўлбошчи” китоб-альбоми, Россия мусулмонлари диний идораси билан биргаликда чоп этилган Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асарининг рус тилидаги академик нашри ва бошқа фундаментал лойиҳалар намойиши форумнинг энг эсда қоларли воқеаларидан бири бўлади.
Форумнинг биринчи кунги ялпи мажлисларида ислом цивилизациясининг маънавий мероси, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформа сифатидаги ўрни, шунингдек, қўлёзмаларни асраш, музейлар ва кутубхоналар ҳамкорлигини ривожлантириш каби долзарб мавзулар муҳокама қилинади.
Тадбир давомида Ўзбекистондаги илмий-маърифий марказлар ва хорижнинг етакчи илмий муассасалари ўртасида қўшма лойиҳалар, янги илмий нашрлар, археологик кашфиётлар, ноёб қўлёзмалар ва рақамли лойиҳалар тақдимоти ўтказилади. Шунингдек, ҳамкорликка оид “йўл хариталари” муҳокама қилиниб, меморандум ва битимлар имзоланиши режалаштирилган. Бу эса форумнинг фақат илмий муҳокама билан чекланмасдан, аниқ амалий натижаларга хизмат қилишини кўрсатади.
Тадбирнинг муҳим қисми Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтадиган халқаро конференциялардир. Улар буюк алломаларимиз — Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизийнинг бой илмий меросини ҳар томонлама ўрганишга бағишлангани билан аҳамиятли.
Жумладан, Самарқандда ўтказиладиган “Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари — “Уммат китоби” мавзуидаги халқаро конференцияда буюк муҳаддиснинг ҳаёти, унинг илмий камолоти, ҳадисларни саралаш услублари “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг яратилиш тарихи, қўлёзмалари ҳамда мазкур асарнинг ислом цивилизацияси тараққиётидаги ўрни атрофлича муҳокама қилинади. Бу конференция доирасида бешта пленар йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, уларда Саудия Арабистони, Миср, Марокаш, Туркия, Ҳиндистон, Бангладеш, Буюк Британия, Тунис ва бошқа мамлакатлардан келган етакчи ҳадисшунос олимлар маърузалар қилади.
Имом Мотуридийнинг бебаҳо меросига бағишланган конференцияда эса мўътадиллик, диний бағрикенглик, ақл ва нақл уйғунлиги каби масалалар замонавий нуқтаи назардан таҳлил этилади.
Термиз шаҳрида ўтказиладиган анжуман Термиз ҳадис мактаби ва Имом Термизийнинг жаҳон ҳадисшунослигига қўшган беқиёс ҳиссасини ўрганишга бағишланади. Бу конференциялар орқали Ўзбекистон нафақат буюк алломалар юрти, балки улар меросини тизимли ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишнинг замонавий маркази сифатида ҳам намоён бўлади.
Брифингда таъкидланганидек, I Халқаро ислом цивилизацияси форуми мамлакатимиз тарихида илк бор ўтказилаётган йирик халқаро маърифий анжуман сифатида Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси бой меросини асраб-авайлаш ва уни жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини яна бир бор намоён этади. Шу маънода, форум нафақат илмий мулоқот майдони, балки тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини бирлаштирувчи нуфузли халқаро платформа бўлиши кутилмоқда.
«Халқ сўзи».