Бу фазилатли саҳобиянинг тўлиқ исмлари Умму Кулсум бинти Уқба ибн Абу Муайт Абон ибн Заквон ибн Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф ибн Қусай ал-Умавий разияллоҳу анҳодирлар.
Аллоҳ таоло Ўз каломида ўликдан тирикни чиқаришини, тирикдан эса ўликни чиқаришини ваъда қилган. Яъни, гоҳо ноқобил ота-онадан солиҳ фарзандлар, гоҳо эса солиҳ ота-онадан ноқобил фарзандлар дунёга келади. Не саодатким, Умму Кулсум разияллоҳу анҳо дунёда имон лаззатини тотмай яшаган Уқба ибн Абу Муайтнинг солиҳа қизи эдилар.
Уқба ибн Абу Муайтнинг исми ҳеч қачон яхши сўзлар ва мақтовлар билан эсланмайди. Бунинг сабаби бор. У Аллоҳнинг динига ва Пайғамбарига қарши чиқувчи, имкон топди дегунча оёқости қилишга уринувчи кимса эди. Айниқса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озори қаттиқ кишилардан бири эди. У Сарвари коинот Каъба олдида сажда қилаётганларида муборак бўйинларини босиб турган, бошқа сафар намоз ўқиётганларида тўсатдан келиб кийими билан бўғган, туянинг қоғаноқини (ички аъзоси) елкаларининг ўртасига ташлаб, ҳамтовоқлари билан мириқиб кулган бадбахт – Уқба ибн Абу Муайт эди. Лекин Аллоҳнинг иродаси ила Уқбанинг ҳонадонида, тарбиясида катта бўлган қизалоқ катта бўлган сари отасига ўхшамас, унинг бадхулқини эса сира ҳазм қилолмас эди. Дили ёруғлик томон интилар, ҳамма қилган ишни қилгиси келмас, турли “олиҳалар”дан безор бўлган эди. У мисоли тубанлик саҳросида униб-ўсган муаттар гулга ўхшарди...
Умму Кулсум қалби излаб юрган осойишталик лаҳзалари етиб келди. У имон ҳаловатини, лаззатини туйди. Ўзини энг бахтли инсон дея ҳис қилди. Шукроналар айтиб Яратганга бош эгди...
Кунлар келиб мусулмонлар Маккани тарк этиб, Мадина сари кетар бўлганларида Умму Кулсум улар билан йўлга чиқолмади, тўғрироғи чиқа олмасди. Уни қаттиққўл акалари бор эди. Лекин, Ислом неъматини қадрлаган ва диннинг шарафи остида ўз қадрини ҳам билган бу фидокор аёл ёлғиз ўзи сафар тадоригини кўрди. Уйидагиларига Мадинага кетаётганини сездирмаслик учун яқин бир ерга кетаётгандек тутди ўзини. Аллоҳ ва Росулининг муҳаббатини энг яхши ҳамроҳ билиб, Мадина сари қадамини тезлатди. Йўлда хузоалик бир киши кимлигини, қаерга кетаётгани сўради. Умму Кулсум разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига боришни жуда-жуда истаётганини, бироқ йўлни билмаслигини айтганда ҳалиги хузоалик: “Мен сени кузатиб қўяман!” деди. Сўнг бир туя келтириб, Умму Кулсумни миндирди-да, йўл бошлаб кетди. Йўл бўйи бир оғиз гапирмас, индамай кетар эди. Қачон туяни чўктирса, бир четга бориб турар, Умму Кулсум разияллоҳу анҳо пастга тушар эдилар. У эса узоқроқдаги дарахт соясида дам оларди. Яна туяга минсалар, юзини четга буриб турар, ўгирилиб қарамасди. Шу тарзда Мадинага ҳам етиб келдилар. Умму Кулсум бу хузоаликнинг яхшилигини сира унутмадилар. Ҳаққига дуо қилдилар.
Мадина... Ҳа, бу Мадина! Пайғамбар қўним топган, дўстлари келиб тушган диёр. Етти йил деганда Расулуллоҳни кўради. Етти йил деганда фироқ оловига сув сепади. Саросима хаёлларни, дилдаги аламларни қувиб чиқаради... Майли етти йил кейин уларга етишган бўлсада, энди ортга қайтмайди. Гарчи “Ҳудайбийя” сулҳи тузилган бўлса ҳам, гарчи Маккадан келган мусулмонлар Мадинадан яна Маккага қайтарилиб юборилаётган бўлса ҳам, Мадинада қолади. Қаттиқ илтимос қилади. Заифлигини, аламларга сабри дош беролмаслигини тушунтиради... кейин Мумтаҳана сурасидаги қуйидаги оятлар нозил бўлди:
“Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга (Макка кофирлари томонидан) мўмина аёллар ҳижрат қилиб келсалар, уларни имтиҳон қилиб кўрингиз! Аллоҳ уларнинг имонларини (бор ёки йўқлигини) яхшироқ билувчидир. Бас, агар уларнинг (ҳақиқатан) мўмина аёллар эканини билсангиз, у ҳолда уларни кофирларга қайтармангиз! Булар (улар) учун ҳалол эмас ва улар булар учун ҳалол эмасдир.” (Мумтаҳана, 10)
Бу қандай бир бахт. Ўзи ҳақида оят тушса-я!
Умму Кулсумнинг ҳали бошлари очиқ, Маккада оила қурмаган эдилар. Биринчилардан бўлиб Зайд ибн Ҳориса совчи қўйдилар ва никоҳларига олдилар. Орадан бир муддат ўтиб талоқ қилдилар. Сўнг Абдурраҳмон ибн Авф уйландилар. Улар Иброҳим ва Ҳамид исмли икки ўғил кўрдилар. Абдурраҳмон ибн Авф вафот этгач, Амр иб Осс разияллоҳу анҳу ўз хонадонларига бека қилдилар. Умрларининг охиригача Амрнинг рафиқаси бўлиб қолдилар. Тақдир ҳукми уларни Али разияллоҳу анҳу халифалик қилган йилларда айирди. Амр суюкли умр йўлдошини фоний дунёдан боқий дунёга кузатаркан: “Алвидо, Умму Кулсум...” дея кўзлари намланиб қолган эди.
Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус
Ислом билим юрти ўқитувчиси
Саидакбарова Нилуфар
Бу тартиб Марказий банк томонидан тижорат банкларининг ликвидлилигини фавқулодда қўллаб-қувватлаш учун молиялаштириш ажратиш механизмига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда назарда тутилган, хабар бермоқда ЎзА.
Тегишли қарор Адлия вазирлигида 2026 йил 3 сентябрда 3581-2-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 2026 йил 5 декабрдан кучга кириши белгиланган. Банк тизими учун ликвидлик — молиявий барқарорликнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири. Банкда вақтинча пул маблағлари етишмовчилиги юзага келган тақдирда, унинг мижозлар олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажариши қийинлашиши мумкин.
Шу боис Марказий банк тижорат банкларининг ликвидлигини фавқулодда қўллаб-қувватлаш механизмидан фойдаланиб келади. Янги ўзгариш эса мазкур тизимни исломий молия тамойиллари асосида фаолият юритувчи банк ва молия институтларига ҳам мослаштирмоқда.
Яъни, исломий банк фаолияти билан шуғулланувчи муассасалар ликвидлик муаммосига дуч келган ҳолатларда анъанавий фоизли кредит механизмларидан эмас, балки исломий молия стандартларига мос келувчи воситалар орқали қўллаб-қувватланиши мумкин. Бу, ўз навбатида, мамлакатда исломий молия тизими учун алоҳида молиявий инфратузилма шаклланиб бораётганини англатади. Янги тартибнинг муҳим жиҳатларидан бири — молиялаштириш шартларининг исломий молия тамойилларига мос равишда белгиланишидир. Жумладан, бундай молиялаштиришда анъанавий кредитларга хос фоиз ставкаси ўрнига устама ёки фойдадан олинадиган улуш каби механизмлар қўлланилиши мумкин.
Молиялаштиришнинг аниқ шартлари, жумладан, устама миқдори, фойдадан олинадиган улуш, молиялаштиришнинг максимал ҳажми, бошқа асосий талаблар Марказий банк Бошқаруви қарори билан белгиланади. Бу ёндашув исломий банклар учун фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлаш механизмларини уларнинг фаолият моделига мослаштириш имконини беради.
Исломий молия воситалари орқали маблағ ажратишда гаров таъминотига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Яъни, Марказий банк томонидан молиялаштириш ажратилганда гаров предмети сифатида қабул қилинадиган активлар исломий молия стандартлари талабларига ҳамда Марказий банкнинг белгиланган талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Бу талаб исломий молия операцияларининг бутун жараёни — маблағ ажратишдан тортиб, унинг тўлиқ сўндирилишига қадар белгиланган стандартларга мувофиқ амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳужжатда фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлашини сўраб мурожаат қилган банкларнинг аризаларини кўриб чиқиш тартиби ҳам белгиланган. Унга кўра, мурожаатлар Марказий банк томонидан уч банк иш куни ичида кўриб чиқилади ва улар бўйича ижобий ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бунда банкнинг молиявий ҳолати, ликвидлик билан боғлиқ вазият, тақдим этилаётган таъминот ҳамда ажратиладиган маблағларнинг молия тизими ва пул-кредит сиёсатига эҳтимолий таъсири баҳоланади. Янги тартибда исломий молия стандартларига риоя этилишини таъминлаш бўйича банкларнинг ички масъулияти ҳам аниқ белгиланган.
Исломий молия воситалари орқали маблағ ажратилган ҳолларда банкнинг ижроия органи ва Исломий молия кенгаши молиялаштириш тўлиқ сўндирилгунига қадар амалга оширилаётган операцияларнинг белгиланган исломий молия стандартларига мувофиқлигини таъминлаши ва доимий назорат қилиши лозим. Бу талаб нафақат ҳуқуқий, балки молиявий операцияларнинг исломий молия тамойилларига мослигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда исломий молия тизими босқичма-босқич шаклланиб бормоқда. Исломий молия хизматларини жорий этиш учун фақатгина банк маҳсулотларини ишлаб чиқиш етарли эмас. Шу билан бирга, уларнинг барқарор фаолият юритиши учун зарур бўлган ликвидлик, гаров, назорат ва фавқулодда молиялаштириш механизмлари ҳам яратилиши талаб этилади. Марказий банк томонидан исломий молия воситалари орқали фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлаш механизмларининг жорий қилиниши ана шу инфратузилмани шакллантиришдаги муҳим қадам ҳисобланади.
Чунки исломий банк ёки исломий молия хизматларини кўрсатувчи муассаса учун ликвидлик муаммосини анъанавий фоизли кредит орқали ҳал қилиш унинг фаолият тамойилларига зид келиши мумкин. Янги механизм эса бундай муассасаларга ўз фаолият стандартларини бузмаган ҳолда Марказий банкнинг фавқулодда қўллаб-қувватлаш тизимидан фойдаланиш имконини яратади.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, Марказий банкнинг янги қарори Ўзбекистонда исломий молия тизими учун ҳуқуқий ва институционал асосларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг муҳими, эндиликда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар ва микромолия банклари ҳам ликвидлик билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда исломий молия тамойилларига мос механизмлар асосида қўллаб-қувватланиши мумкин. Бу эса келгусида мамлакатда исломий банклар, исломий молия маҳсулотлари ва ушбу соҳадаги хизматлар бозорининг кенгайиши учун муҳим молиявий кафолатлардан бири бўлиши мумкин.
Содда қилиб айтганда, исломий молия тизимининг барқарор ишлаши учун зарур бўлган навбатдаги муҳим бўғин шаклланмоқда. Энди исломий банклар нафақат ўз маҳсулотларини, балки фавқулодда ликвидликни қўллаб-қувватлаш механизмларини ҳам исломий молия тамойиллари асосида ташкил этиш имкониятига эга бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати