Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448

Ҳажнинг тарихи

29.07.2016   21659   8 min.
Ҳажнинг тарихи

Аллоҳ таолонинг улулазм  пайғамбарларидан бири Иброҳим (а.с) жуфти ҳалоллари Сора онамиз билан узоқ ҳаёт кечирдилар. Уларнинг ҳаёти Аллоҳ ва дин йўлида кураш билан ўтди. Фарзанд кўрмадилар. Қариб қолганларига қарамай, кофир  қавмлар у зотни тинч қўймаганлари сабабли она ватанлари Фаластинни тарк этиб, аёллари билан  бирга Мисрга кетишга мажбур бўлдилар. Ўша вақтдаги Миср подшоҳи  у  зот ҳақида турли гаплар  борлигини эшитиб, ҳузурига чорлади.

 Иброҳим (а.с)  Сора онамиз билан подшоҳ ҳузурига келдилар. Подшоҳ Иброҳим (а.с) билан суҳбатлашаётганда Сора онамизга назари тушиб, ҳуснига маҳлиё бўлди ва кўнгли бузилди. Золим подшоҳ дарҳол бу гўзал мусофир аёл билан ёлғиз қолиш чораларини кўрди.

 Улар танҳо қолдилар. Аммо, не ажабки подшоҳ ёмон ният билан Сора онамиз  томон қадам ташлаши билан  қўл-оёғи ишламай қолди. Ёмон ниятидан қайтган эди, соғ ҳолига қайтди. Яна ёмон ният қилган эди, яна қўл ояғи ишламай қолди. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди.

 Шунда подшоҳ меҳмонлар оддий одамлар эмаслигини тушуниб етиб, уларни рози қилиш пайига тушди. Иброҳим (а.с) ни яна ҳузурига чорлаб, ҳадялар тақдим этди. Ўша вақтнинг урф одатига кўра Ҳожар исмли бир қизни ҳам у зотга тортиқ қилди.

 Иброҳим (а.с) совғаларни қабул қилиб, яна ўз юртларига қайтиб кетдилар. Ҳожарга уйланиб, Аллоҳнинг иродаси ила, тўқсон ёшларида ундан бир ўғил  фарзанд кўрдилар. Фарзандга Исмоил деб исм қўйдилар. Тез орада инсон оиласида бўлиб турадиган гап-сўзлар бу оилада ҳам бўлди.

 Бир куни Ибоҳим (а.с) Ҳожар онамизга гўдакни олиб сафарга отланишни буюрдилар. Учовлон сафарга чиқиб, чўлу биёбонларда узоқ юрдилар. Оҳири бир ерга келиб тўхтадилар. Иброҳим (а.с) Ҳожар онамизга Исмоил икковларини  шу жойга ташлаб кетишга мажбур эканларини тушунтирдилар.

 Ҳожар онамиз: “Эй Иброҳим, бу Аллоҳнинг буйруғими ёки ўзингизнинг ишингизми?-дедилар. Иброҳим (а.с)-“Аллоҳнинг буйруғидир”-дедилар. Шунда Ҳожар онамиз “Ундай бўлса, сиз хотиржам кетаверинг. Аллоҳ бизни ўзи муҳофаза қилиб олади” дедилар. Иброҳим (а.с) ортларига қайтдилар. Бир жойга  бориб, қақроқ чўлда ёлғиз қолаётган хотинлари Ҳожар онамиз билан ўғиллари Исмоилга яна бир бор назар ташладилар. Сўнг уларни ҳақларига Аллоҳ таолога ёлвориб дуо қилдилар.

 Иброҳим (а.с) қайтиб кетганларидан сўнг ёлғиз қолган Ҳожар онамиз чанқай бошладилар. Атрофга назар солмоқчи бўлиб, ўзларига яқин турган тепаликга чиқдилар. Бу тепалик  ҳозир Сафо тепалиги деб  номланади. Қарши тарафдан ул муҳтарамнинг кўзларига сув кўринди, ўша тамонга югурдилар. Тепаликга чиқдилар. Бу иккинчи тепалик ҳозир Марва тепалиги деб номланади. Сув бўлиб кўринган нарса сароб экан. Ҳожар онамиз ортларига қарадилар, энди нариги томондан сув кўринди. Югуриб борсалар, у ҳам сароб бўлиб чиқди.

 Шу тарзда Сафо ва Марва тепаликлари орасида  етти марта югурдилар. Охири ҳолдан тойиб, чақалоқлари Исмоилни ётқизиб қўйган жойга қарадилар. У йиғлаб товонларини ерга урган жойдан сув чиқиб, қумда оқиб борарди.  Ҳожар онамиз югуриб келиб: “Зам –зам” (тўхта-тўхта) дея сувнинг йўлини тўсдилар.

 Бу фазилатли сув она-болага ҳам таом, ҳамда ичимлик ўрнида ўтиб, улар тирикчиликларини ўтказа бошладилар.

 Ўшандан буён бу сувдан инсонлар тўйиб-тўйиб ичмоқдалар, юртларига олиб кетмоқдалар. Аммо бу сув заррача камаймай чиқиб турибди.

 Ўша замонларда бир юртдан иккинчи юртга сафар қилиб бораётган карвонлар Ҳожар онамиз билан Исмоил яшаётган Зам-зам қудуғи атрофида ҳаёт борлигини узоқ яқиндан сезиб, шу тамон буриладиган ва сув ичиб дам оладиган бўлдилар. Баъзилари эса хусусан Журҳум қабиласига бу жой ёқиб қолиб, доимий яшаш учун қолиб кетдилар. Шундай қилиб аста секин қишлоқ ва шаҳарлар пайдо бўлди.

 Орада Иброҳим (а.с)  хотинлари  ва ўғилларидан хабар олгани келиб турдилар. Бир келганларида: “Исмоил ўғлим, Аллоҳ таоло мен билан сенга ўзи учун уй  қуришга фармон қилди”, дедилар. Ота бола фаришта Жаброил (а.с) кўрсатиб берган пойдевор асосида тошдан Каъбани қуришга киришдилар.

 Байтуллоҳнинг қурилиши битгач, Аллоҳ таоло Иброҳим (а.с) га одамларни ҳажга чақиришини буюрди. У зот чақирдилар, чақириқга “лаббай” деб жавоб берганлар ҳажга келдилар.

 Ўшандан бери ҳаж ибодати давом этиб келмоқда. Фақат Иброҳим (а.с) дан кейин, вақт ўтиши билан бу ибодатга жуда кўп бидъат ва хурофотлар аралашиб кетди. Пайғамбар (а.с) даврларига келиб, Каъбатуллоҳнинг ўзида уч юз олтмишта бут санамлар бўлган. Одамлар кийимларимизни кийиб гуноҳ ишлар қилганмиз деб кийимларини ечиб Каъбани тавоф қилар эдилар.

 Ислом дини Аллоҳ ирода қилмаган бу каби амалларни чиқариб ташлаб, ҳақиқий ибодатни йўлга қўйди.

 Ҳаж ибодатида улкан ҳикматлар бўлиб, бу ҳикматларнинг барчасини инсоннинг ожиз ақли тўла англаб олиши қийин. Шундай бўлсада уламолар ижтиҳод қилганлар.

 Ҳажда исломий бирлик ёрқин намоён бўлади. Ҳаж чоғи мусулмонларнинг  ҳис-туйғулари, ибодатлари ва хатто сувратлари бир хил бўлади. Бу ерда  ирқчилик, маҳаллийлик, табақачилик каби салбий ҳолатларга ўрин қолмайди. Ҳамма бир Аллоҳга иймон келтириб, бир Байтуллоҳни тавоф қилади.

 Тинчлик исломнинг шиори экани ҳажда яна бир бор намоён бўлади. Ҳамма тинч, юрт тинч, ибодат тинч, халқ тинч.  Ҳаж улкан исломий анжуман бўлиб, ҳар бир мусулмон дунёнинг турли бурчакларидан келган дин қардошлари билан учрашади. Турли масалаларни муҳокама қилади. Ислом ва иймон ришталари мустаҳкамланади.

 Аллоҳ таолонинг ризолигига эришиш учун ҳамма нарсадан, ҳатто дунёвий кийимлардан-да холи бўлиб, ёлғиз унинг хизматига бел боғлаш зарур. Бошқа динларда  Аллоҳнинг розилигини топиш учун таркидунёчиликга бериладилар.

 Ислом динида ҳаж, таркидунёчиликнинг ўрнига жорий қилинган. Аллоҳ таоло ўз уйини улуғлаб шарафлади ва бандалари учун унга етишишни олий мақсад қилиб қўйди. Ана ўша уйни зиёрат қилган мусулмон қалби софланиб яхшилик қилишга интиладиган ва ёмонликдан нафратланадиган бўлиб қайтади. Ҳажда мусулмон банда омонлик юрти бўлмиш Маккаи мукаррамага сафар қилади. Макка улуғ муқаддас шаҳар. Аллоҳ таоло унинг номи билан Қуръони каримда қасам ичган. Ўзининг уйи бўлмиш Каъбанинг шу шуҳарда қарор топишини ирода қилган.

 Охирзамон пайғамбари Муҳаммад (а.с) нинг ҳам шу шаҳарда дунёга келишларини ҳоҳлаган. Оҳирги китоби Қуръони карим оятларини туширишни ҳам шу шаҳарда бошлаган. Бу шаҳарни Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Уммул қуро”- “Шаҳарларнинг онаси” деб атаган. Ҳар бир мусулмон учун азиз ва мукаррам бўлган бу муқаддас шаҳарга сафар қилиш, ҳар куни намозларида неча бор юзларини тўғирлаётган қиблани тавоф этиш чексиз бахтдир.

 Ҳаж улуғ руҳий озуқа берадиган ибодат бўлиб, унда мусулмон банданинг вужуди Аллоҳ таолога тақво билан, унга тоат қилишга азму қарор билан, гуноҳларига надомат ҳисси билан тўлади. Бу сафарда Аллоҳга ва унинг расулига ва мўмин-мусулмонларга бўлган муҳаббати зиёда бўлади. Дунёнинг ҳамма тарафларидан дин қардошларига нисбатан дўстлик туйғулари уйғониб, мустаҳкамланади.

 Ҳаж машаққатларни енгишни ўргатадиган машқ майдони ҳамдир. Ватандан, аҳли аёлдан, роҳат фароғатдан воз кечиб, турли қийинчиликларга ўзини урган одам, албатта бошқа ҳар қандай машаққатларни осонлик билин енгишга малака ҳосил қилади.

 

Юсупов Авазбек

Ҳаж ва умра
Бошқа мақолалар
Мақолалар

ХI асрда Самарқандда тиббиёт муассасалари фаолияти қандай бўлган?

16.09.2026   909   5 min.
ХI асрда Самарқандда тиббиёт муассасалари фаолияти қандай бўлган?

XI аср ўрталарида Самарқанд заминида барпо этилган табобат маскани ҳамда унинг мукаммал молиявий-иқтисодий таъминоти ўрта асрлар Шарқ давлатчилигида ижтимоий ҳимоя ва халқ саломатлигини муҳофаза қилиш юқори даражада ташкил этилганини намоён этади.

Шарқшунос тадқиқотчи М.Хадр томонидан эълон қилинган ва кейинчалик таниқли олим О.Большаков томонидан атрофлича тадқиқ этилган XI аср ўрталарига оид иккита вақф ҳужжати Ғарбий Қорахонийлар хоқонлигининг ҳукмдори Иброҳим Тамғачхон даврига тааллуқлидир. Ўрта асрлар араб муаррихи Ибн Фуватийнинг гувоҳлик беришича, Иброҳим фақиҳларнинг қатъий хулосасисиз бирор кимсага жазо тайинламаган ҳамда ҳеч кимнинг мол-мулкини мусодара этмаган одил ҳукмдор тимсоли бўлган. Шу боис у Бағдод халифаси Қоим томонидан “Давлат таянчи” ҳамда “Шарқ ва Чин подшоҳи” каби олий даражали унвонлар билан шарафланган.

Ушбу маърифатпарвар ҳукмдор ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган “Дор ал-марзо”, яъни Беморлар уйи шаҳар фуқаролари билан бирга мусофирлар учун ҳам бепул тиббий ёрдам кўрсатувчи йирик ижтимоий марказ бўлган. Вақфнома матнида мазкур дорушшифонинг жўғрофий ўрни, ички меъморий тузилиши, хизматчилар сафи, уларга ажратиладиган маош ҳамда муассасани муттасил маблағ билан таъминлаб турувчи кўчмас мулклар тафсилоти баён этилган.

Тарихий ҳужжатларга кўра, шифохона Самарқанднинг гавжум савдо чорраҳаларидан бирида – Сўғд бозори ва Заргарлар маҳалласи туташган ҳудудда қад ростлаган. Хастахонанинг кундалик харажатларини, беморларнинг тўлақонли овқатланиши ва зарур дори-дармонлар таъминотини кафолатлаш мақсадида хоқон ўз шахсий мулки ҳисобланган “Тими палос” карвонсаройини ҳамда бешта ёрдамчи хона, учта ҳужра ва уч дўкондан иборат савдо расталарини вақф мулки сифатида муассаса ихтиёрига топширган. Вақфнома шартига биноан, ушбу тижорат иншоотларидан тушадиган барча ижара даромадлари муайян ҳиссаларга – тенг юз қисмга тақсимланиб, шифо маскани эҳтиёжларига йўналтирилган.

Мазкур масканда фаолият юритган мутахассислар таркиби ва хизмат ҳақининг тақсимланиш тартиби ўша давр жамиятининг маънавий ва табақавий қиёфасини англашда қимматли далилдир. Жумладан, умумий тушумнинг юз қисмдан иборат ҳисобидан энг катта улуш – нақ ўн қисми бевосита бош табибга тайинланган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, шифохонанинг умумий маъмурий бошқарувчиси ва молиявий назоратчиси бўлган мутасаррифга саккиз қисм маош ажратилган. Илм ва амалиёт соҳиби бўлмиш ҳозиқ табибга ижрочи бошқарувчидан юқорироқ ҳақ тўлангани қорахонийлар жамиятида юқори малакали тиббиёт мутахассислари меҳнати юксак қадрланганини кўрсатади. Бундан ташқари, муассасада қон олувчи муолажачи – фассод, моҳир пазандалар ҳамда хизматчилар ҳам меҳнат қилган. Вақф тушумидан алоҳида хизматчига беш қисм, ошпазга уч қисм маош белгиланган.

Ҳужжатда хасталарнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга устувор аҳамият қаратилган. Вақфнома талабига кўра, даволанаётган кишилар хасталикдан бутунлай фориғ бўлгунига қадар уларни шифохонадан чиқариб юбориш ёки безовта қилиш қатъиян ман этилган. Шаҳарнинг ерлик фуқароси ва ташриф буюрган мусофирлар бирдек бепул тиббий кўмак олиш ҳуқуқидан фойдаланган. Бемор соғайгачгина ўрнини бошқа муҳтож хастага бўшатиб бериши лозим бўлган. Мазкур низом талабларини ўзгартириш ёки бекор қилиш тақиқланиб, вақф шартларининг абадий кучда қолиши муҳрланган.

Таниқли тарихчи ва тангашунос олим Е.Давидович вақфномадаги пул муомаласига оид тафсилотларни тадқиқ этар экан, ҳужжат тасдиқланган пайтда Самарқандда амалда бўлган тангаларнинг аниқ қиймати қайд этилганини таъкидлайди. Унга мувофиқ, бир мисқол соф олтин қиймати айнан қирқ етти кумуш дирҳамга тенглаштирилган. Ҳужжатда тангалар харид қувватининг пасайиши, яъни пул қадрсизланиши эҳтимолига қарши махсус муҳофаза банди киритилган бўлиб, агар истиқболда дирҳамнинг бозор баҳоси ўзгарса, ходимларнинг иш ҳақи ва шифохона харажатлари ҳужжат тузилган кундаги соф олтин ўлчов мезони бўйича янги муомаладаги дирҳамларда қайта ҳисоблаб тўланиши шарт қилиб қўйилган. Бу эса ўрта асрлар ҳуқуқий амалиётида молиявий барқарорликни асраш ва муассасани моддий таназзулдан ҳимоя қилишнинг илғор тизими мавжуд бўлганини кўрсатади.

Иброҳим ташаббуси билан расмийлаштирилган иккинчи вақф ҳужжати Самарқанднинг “Бобулҳадид”, яъни Темир дарвоза мавзесида барпо қилинган мадрасага тегишлидир. Атрофида Хотун Малика майдони ва хонақоҳлар жойлашган мазкур таълим даргоҳи ҳам талабалар ва мударрислар учун моддий шароитларни кафолатлаган. Агар даврлар ўтиб шифохона ёки мадраса бинолари табиий офат ёки замонлар эврилиши сабаб яроқсиз ҳолга келса ва уларни тиклаш имконсиз бўлиб қолса, вақфнома шартига кўра, ажратилган кўчмас мулкларнинг барча даромадлари абадий равишда Самарқанддаги бева-бечора ва камбағал қатлам эҳтиёжларига сарфланиши белгилаб қўйилган.

Манбашунос олимларнинг қайд этишича, фақиҳ Бурҳониддин Маҳмуднинг “Муҳит ал-Бурҳоний” асари таркибида сақланиб қолган мазкур вақф ҳужжатлари XI асрда Туронда шаҳарсозлик маданияти, ижтимоий институтларни барқарор молиялаштириш ва тиббий ёрдам тизими юқори даражада бўлганидан далолат берувчи муҳим тарихий ёдгорликдир. Иброҳим Тамғачхоннинг бу хайрли амали ўзбек давлатчилиги тарихида ижтимоий адолат ва фуқаролар муҳофазаси бош мезон бўлганини намоён этади.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари