Арофатга чиқишдан олдин ғусл қилиш суннатдир. Арофатда туриш ҳажнинг асосий рукни бўлиб, бу рукнсиз ҳаж бўлмайди. Арафа куни заволдан бошлаб, Арофатда туриш вақти киради. Макони, Арофат деб номланган машҳур жой. Арофат чегарасидан бошқа жойда турса, ҳажи ҳаж бўлмайди. Арофатда Арафа куни заволдан ҳайит куни тонгигача қай ҳолда турса ҳам, бир соат турса соқит бўлади. Бу ерда ҳам талбия айтиб туради. Арофатда ҳам дуога зўр бериш керак, айниқса Жабали раҳмат устиларига чиқиб дуо қилиш тавсия қилинган. Арофатда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб, қаср қилиб ўқилади, пешин вақтида. Ҳаж амири хутба ўқийди. Арофатда қуёш ботгунча туриш вожиб ҳисобланади.
2026 йил 28–29 октябрь кунлари Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги Дипломатия институтида Ўзбекистон цивилизацияси марказининг тақдимот тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси аъзолари, Қатар вакиллари, олимлар, профессорлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари, мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, илм-фан ва маърифат ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрни ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, юртимизнинг илмий-маърифий меросини акс эттирувчи китоблар ва нашрлар намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Уламолар кенгаши аъзоси Зайниддин домла Эшонқулов ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг самимий табрикларини етказди. Шунингдек, буюк аждодларимизнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси, уларнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва келажак авлодга етказиш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Қатар уламолари билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари ўртасида диний-маърифий ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш ва илмий алоқаларни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат олимлари ва тадқиқотчилари ўртасида тажриба алмашиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда академик алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур тақдимот Ўзбекистоннинг бой цивилизацион меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, мамлакатимизнинг илмий-маърифий салоҳиятини намоён қилиш ҳамда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги илмий, маданий ва маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати