Минога келгач тош отиш бошланади. Ҳайитнинг 1 – куни етти дона тош отилади. Тошни Муздалифадан ё хоҳлаган бошқа жойдан териб олса бўлади. Тош ҳажми нўхатдек бўлади. Тош олдин отилган бўлмаслиги керак. Тош отиш Иброҳим (а.с) дан қолган бўлиб, у зот ўғлини қурбонликка сўйишга олиб кетаётганларида шайтон иғво қилмоқчи бўлганда, Иброҳим а.с. уни тош отиб қувган.
Ҳайитнинг 1 – куни Жамратул ақобада тош отилади. У жамратул кубро, жамратул ухро деб ҳам аталади. Тош ақобадан беш газ узоқликдан туриб, бармоқларнинг учи билан отилади. Ҳар бир тош “Аллоҳу акбар” деб отилади. Тош агар махсус жойга тушмаса, қайта отиш вожиб бўлади. Биринчи тошни отган заҳоти “талбия”ни тўхтатади. Тош отиш вақти субҳи содиқдан, кейинги куннинг субҳигачадир. Тош отган заҳоти у ердан кетиш керак бўлади. Кейинги кун субҳигача отилмаса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Кечаси отиш макруҳ. Аммо аёллар, қарилар, касаллар кечаси отгани афзал. Тош отаётган жой 2 қаватли бўлиб, қайсидан отса ҳам бўлаверади.
Узрли кишиларни тошини бошқа отса ҳам бўлади, фақат аввал ўзиникини отиши шарт. Тош отилгач, ифрод ҳажни ният қилган киши соч олдиради. Лекин у агар қурбонлик қилмоқчи бўлса, аввал қурбонлик қилиб кейин сочини олдиради. Қирон, Таматтуъдагилар шундай қилиши шарт. Энди эҳромда ман қилинган ишларнинг аёллардан бошқаси ҳалол бўлади.
#xabar #muftiy #peshin
Бугун, 1 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги "Масжидул Латиф" жоме масжидида пешин намозини адо этиб, жамоатга манфаатли мавъиза қилиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари суҳбат аввалида юртимиздаги хайрли диний ислоҳотлар сабаб 150 дан ортиқ янги масжидлар очилгани, 500 га яқин таҳоратхона замонавий таъмирланаётгани ва барча ҳудудларда Қуръон курслари йўлга қўйилаётгани катта неъмат эканини таъкидладилар. Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда шукроналик ҳисси билан яшаб, аҳил-иноқлик ва мусулмонлар иттифоқлигини мустаҳкамлаш ўта муҳим эканига урғу қаратдилар.
Шайх ҳазратлари маърузаларида масжид ва мўмин киши ўртасидаги узвий боғлиқликни ажойиб ўхшатиш билан изоҳлаб, мўмин киши масжидда ўзини худди сувдаги балиқдек эркин ва хотиржам ҳис қилишини, чунки масжид қалбларга сокинлик улашувчи ҳақиқий роҳат маскани эканини қайд этдилар.
Мазмунли суҳбатда ёшлар таълим-тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ва у ерда барпо этилаётган музей мисолида буюк алломаларимизга кўрсатилаётган юксак эҳтиром тилга олинди. Ёшларимиз Имом Бухорий каби улуғ аждодларимизнинг илмга бўлган фидойилиги ва ватанпарварлик фазилатларидан доимо ўрнак олишлари зарурлиги айтиб ўтилди.
Файзли суҳбат якунида Ҳақ таолодан юртимизга тинчлик-омонлик, халқимизга фаровонлик ва фарзандларимиз камоли учун хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати