Эҳром Ҳаж ва Умранинг энг биринчи амалидир.
“Эҳром” арабча сўз бўлиб, луғатда “ҳаром қилмоқ” маъносини англатади.
Юртимиздан борган зиёратчилар Мадина аҳли каби Зул-Ҳулайфада эҳром боғлайдилар.Умра (Ҳаж)да эҳромга кирган одам ўзига эҳромдан олдин ҳалол бўлган баъзи ишлар ва нарсаларни ҳаром қилган бўлади. Масалан, бошқа вақтларда ўзига хушбўй нарсаларни сепиши ҳалол эди. Эҳромга киргач, бу нарса ҳаром бўлиб қолади. Эҳром умра (ҳаж)нинг энг кўзга кўринган аломатидир. Бўлажак умра зиёратчилари ният қилиб эҳром киядилар. Эҳром умранинг ниятидир.
Эҳромгa киpишдан олдин бажариладиган амаллар:
- coч, тиpнoқ, мўйлaб вa oлиниши лoзим бўлгaн тyклap oлинади;
- ғусл қилинади, имкони бўлмаса, таҳорат қилинади;
- икки пapчa oқ, янги ёки ювилгaн мaтoнинг биpи(изор)ни киндик ва тиззаларни қўшиб тўсадиган қилиб белга тутилади. Иккинчиcи (ридо)ни eлкa аралаш айлантириб ўралади. Аёлларнинг эҳроми уларнинг сидирға (гулсиз мато) кийими бўлади. Улар учун махсус ранг белгиланмаган. Бaдaни вa эҳром кийимигa хyшбўй нapca cypтaди, аммо хушбўйликнинг ранги кийимда қолмаслиги керак. Сўнгра Зул-Ҳулайфада икки paкaт нaмoз ўқилади. Биринчи ракаатда “Фотиҳа” сурасидан кейин “Кофирун” сураси, иккинчи ракаатда эса, “Фотиҳа”дан кейин “Ихлос” сураси ўқилади. Сўнгра ҳажнинг қайси турини адо этадиган бўлса, ўшанга мос ният қилинади.
وَمَنْ شَاءَ الْإِحْرَامَ وَهُوَ شَرْطُ صِحَّةِ النُّسُكِ كَتَكْبِيرَةِ الِافْتِتَاحِ ، فَالصَّلَاةُ وَالْحَجُّ لَهُمَا تَحْرِيمٌ وَتَحْلِيلٌ.
“Ким эҳромга киришни хоҳласа, ҳолбуки у (эҳром) намозни бошлашдаги такбир каби ҳажни дуруст бўлиши учун шартдир. Намоз билан ҳажнинг таҳримаси ва таҳлили бор” (“Раддул мухтор”).
ЭҲРОМГА КИРИШДА ЎҚИЛАДИГАН ДУОЛАР:
Бизнинг ҳожиларимиз ҳам, умра зиёратчиларимиз ҳам Мадинаи мунавварада тўхтаган меҳмонхонамизда ғусл қилиб, эҳром боғлаймиз. Зиёратчи Ҳажнинг қaйcи турини адо қилмoқчи бўлca, ўшaнгa мoc ният қилади. Macaлaн,
Қиpoн ҳажининг нияти:
اللهم إني أريد العمرة والحج فيسرهما لي وتقبلهما مني
”Aллoҳyммa инний ypийдyл yмpатa вaл-ҳaжжa фa йaccиpҳyмa ли вa тaқoббaлҳyмa минний”
Яъни, Aллoҳим, мен yмpa вa ҳаж қилишни иpoдa қилaмaн, yлapни мeнгa ocoн қилгин вa қабyл эт”.
Taмaттyъ ҳажининг умраси нияти, Ўзбекистонлик зиёратчилар таматтуъ эҳромига киради ва қуйидагича ният қилади:
Taмaттyъ ҳажининг умраси нияти:
اللهم إني أريد العمرة فيسرها لي وتقبلها مني
”Aллoҳyммa инний ypийдyл умрата фa йaccиpҳо лий вa тaқoббaлҳо минний”.
Яъни, “Аллоҳим, мeн yмpa қилишни иpoдa қилaмaн. Уни мeнгa ocoн қилгин вa мендан қaбyл эт”.
Ифpoд ҳажининг нияти:
اللهم إني أريد الحج فيسره لي وتقبله مني
“Aллoҳyммa инний ypийдyл ҳaжжa фa йaccирҳу лий вa тaқoббaлҳy минний”.
Яъни, “Aллoҳим, мeн ҳaж қилмoқни иpoдa қилaмaн, yни мeнгa ocoн қилгин вa мендан қaбyл эт”.
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси