Умра ибодатини мукаммал адо қилиш учун киши ўзини ҳар томонлама тайёрлайди. Барча амаллар ниятга боғлиқ бўлгани учун, ибодатда ягона мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини исташ бўлиши керак.
Агар дунё ноз – неъматларига эришмоқчи, “ҳожи” ёки “умрага борган” номларини қозонмоқчи, “ҳўжа кўрсин” ёки асосий мақсади ўзга юртларни сайр қилиб, бир йўла умрани адо этиб келмоқчи бўлса, умра ибодати қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло буюради:
“Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!”. Бақара сураси, 196.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умра кейинги умрагача қилган гуноҳларига каффоратдир...”. Саҳиҳи Бухорий, 1773.
Ато розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ансорий аёлга: “....Рамазон ойи келса у ойда умра қилгин, чунки рамазон ойидаги умра ҳаж қилган билан баробар савобга эгадир”-дедилар. Термизий ривояти.
Мазҳабимиз хулосасига кўра умра суннати муаккададир. У буюк зиёратдир! Зеро, мусулмон киши бунда бутун қалби, руҳи ва бадани ила Аллоҳ таоло учун энг суюкли бўлган жойни зиёрат қилади. Бу омонлик диёрида кўнгиллар хотиржам бўлади, кўзлар эса уни кўришликка ошиқ бўлади. Бу диёр мусулмонлар қалбидан улкан ўрин эгаллаган Макка ва Мадинадир.
Ҳаммамизга маълумки, умра қилишни қасд қилган ҳар бир мусулмон улуғ ибодатни тўла-тўкис адо этишни истайди. Ўз-ўзидан биз учун бу нафақат ибодат, балки узоқ масофали сафар ҳамдир. Шу сабабли, умра қилишни қасд қилган ҳар бир киши умра қонун – қоидалари билан бир қаторда сафар қоидалари ва одобларини яхшилаб ўрганиши лозимдир. Улар қуйидагилардир:
“Аставдиъукумулллоҳал-лазий ла тазиъу вадаъиуҳу (маъноси: “Сизларни Унга топширилган омонатлар зойе бўлмайдиган Зот Аллоҳга омонат топширдим”)”. Ибни Можа ривояти;
Ибни умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқиб туяларига ўрнашсалар Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) ва уч маротаба такбир (Аллоҳу акбар)ни айтиб шундай дердилар: “Субҳаналлазий саххоро лана ҳаза ва ма кунна лаҳу муқринийн. Ва инна ила Роббина мунқолибун. Аллоҳумма инна насъалука фий сафарина ҳаза ал-бирро ват-тақва ва минал амали ма тарзо. Аллҳумма ҳаввин сафарона ҳаза ватви анна буъдаҳу. Аллоҳумма антас-соҳибу фис-сафари вал холифату фил аҳли. Аллоҳумма инний аъузу бика мин ваъсаис-сафар ва каабатил манзор ва суил мунқолаб фил аҳли вал мали вал валад” (маъноси: “Бизларга бу (улов)ни бўйсундириб қўйган зотга тасбеҳ айтамиз. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Албатта, бизлар (барчамиз) Раббимиз (ҳузури)га қайтувчидирмиз. Ё, Аллоҳ! Биз Сендан ушбу сафаримизда яхшилик, тақво ва Ўзинг рози бўладиган амални сўраймиз. Ё, Аллоҳ! Ушбу сафаримизни енгиллаштир ва узоғини яқин қил. Ё, Аллоҳ! Сен сафарда ҳамроҳ ва аҳли-оилага кафилдирсан. Ё, Аллоҳ! Мен Сендан сафар қийинчиликлари, ғамга солувчи манзара ҳамда аҳли-оила, мол ва фарзандга ёмон ҳолда қайтишдан паноҳ тилайман”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтганларида эса: “Айибуна таибуна абидуна лироббина ҳамидуна” (маъноси: “Ё, Аллоҳ! Қайтишимизни тавба қилувчи, ибодат қилувчи ва ҳамд айтувчи ҳолда қилгин”), жумласини қўшиб қўярдилар. Муслим ривояти.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уловга минмоқчи бўлсалар оёқларини узангига қўйишлари билан: “Бисмиллоҳ”, – дер эканлар. Эгарга ўрнашиб олганларидан кейин: “Алҳамду лиллаҳи ала кулли ҳал. Субҳаналлазий саххоро лана ҳаза, вама кунна лаҳу муқринийн. Ва инна ила Роббина ламунқолибун”, – деб қўяр эканлар. Уловга миниладиган ҳайвонлардан ташқари замонавий йўл воситалари ҳам киради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Учта дуо борки, шаксиз мустажобдир. Мазлумнинг, мусофирнинг ва ота-онанинг фарзандига қилган дуоси”. Термизий ривояти.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:“Менинг ушбу масжидимда ўқилган намоз ундан бошқа масжидларда ўқилган мингта намоздан афзалдир. Фақатгина масжидул ҳаром бундан мустаснодир. Масжидул ҳаромда ўқилган намоз менинг масжидимда ўқилган юзта намоздан афзалдир”. Имом Аҳмад ривояти.
Аллоҳ таоло умра зиёратига отланган ватандошларимизнинг сафарларини бехатар, ибодатларини ўз дагоҳида қабул қилсин!
Жаҳонгир Убайдуллоҳ,
Т
1. Жаннатдаги “Райён” эшиги муборак бўлсин!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда бир эшик бор, уни “Райён” деб аталади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
2. Дўзахдан узоқ бўлиш муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутар экан, Аллоҳ таоло унинг юзини шу туфайли етмиш куз (етмиш йиллик масофага) дўзахдан узоқ қилади” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
3. Рўзанинг шафоати муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади", деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
4. Аллоҳ таолога рўбарў бўлгандаги хурсандчилик муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “... Роббисига йўлиққанда, рўзаси ила хурсанд бўлади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
5. Дўзахдан омонлик муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиганлари бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
6. Ўтган гуноҳларингиз кечирилгани муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Насоий ривояти).
7. Қабул бўлган дуолар муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўзадорнинг дуоси рад этилмайди”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
8. Аллоҳнинг мукофоти муборак бўлсин!Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “...фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Ўзи муваффақ этиб тутган рўзаларимизни Ўзининг розилиги билан мукофотласин!
Даврон НУРМУҲАММАД